Транформаторнинг ёрдамчи элементлари.
Мойли трансформаторларда ферромагнит ўзакни чулғамлар билан бирга махсус минерал мой — трансформатор мойи билан тўлдирилган металл бакка жойлаштирилади. Мойнинг иссиқлик ўтказиш хусусияти хавоникига нисбатан юқорироқ бўлгани учун чулғамлар ва ўзак қизиганда мой иссиқликни ташқарига узатувчи муҳит вазифасини бажаради. Трансформатор мойи чулғамлар изоляциясининг мустахкамлигини оширади, атмосфера таъсирида намланишдан ҳамда изоляция материалларини бузилишдан сақлайди. Трансформаторларда электр мустаҳкамлиги 70... 120 кВ/см бўлган махсус тайёрланган минерал мой ишлатилади. Кичик қувватли (30 кВА гача) куч трансформаторлари бакининг деворлари текис бўлади. Каттароқ қувватли (1800 кВА гача) трансформаторларда совитиш юзасини катталаштириш мақсадида бак девори қовиргасимон қилиб тайёрланади, бу мақсадда бак деворларига махсус трубалар пайвандланади. Қуввати 1800...10000 кВА гача бўлган трансформаторларда бакнинг ташқи томонида трубали радиаторлар ўрнатилади. Чулғамлар ва ферромагнит ўзакка тегиб турган мой қизийди ва юқорига табиий равишда кўтарилади, унинг ўрнига ўзакдан узоқда турган совуқ мой келади. Шу асосда радиатор трубаларида мойнинг табиий ҳаракати вужудга келади. қуввати 10000...63000 кВА бўлган трансформаторларда радиатор трубалари ташқи томондан махсус вентиляторлар билан совитиб турилади. Янада катта қувватли трансформаторларда мой насос ёрдамида махсус совитувчи қурилмалардан ўтказилади ва мойнинг мажбурий ҳаракати таъминланади. Ёнмайдиган суюқ диэлектрик билан тўлдитилган трансформаторлар ёнғиндан хавфсиздир. Уларда синтетикизоляцион материал — совтол ва у билан бирга қўшимча аралашма ишлатилади. Совтол полихлордифенил билан трихлорбензолнинг аралашмасидан иборат модда, қўшимча аралашма ёпишқоқликни ҳамда қотиш температурасини пасайтириш учун қўшилади. Бу моддаларнинг нисбати мос ҳолда нормал иқлим учун 65% ва 35%; тропик иқлим учун 90% ва 10% ни ташқил қилади. Лекин совтол трансформатор мойидан қимматрок, зарарли таъсири хам бор. Бундай трасформаторларнинг қуввати 160...2500 кВА гача, юқори кучланиши эса 6...10 кВ бўлиши мумкин.
Трансформатор мойи изоляциясининг хусусиятига намлик жуда ёмон таъсир қилади. Ҳатто ҳаводаги намлик ҳам мойнинг электр мустахкамлигини пасайтириб юборади. Бундан ташқари, бакдаги мой ёзда иссиқдан кенгаяди, қишда эса совуқдан тораяди. Ҳавонинг трансформатор мойига зарарли таъсирини камайтириш ҳамда бак хажмини кенгайтириш мақсадида қуввати 75 кВА ва ундан ортиқ бўлган трансформаторлар қопқоги устига махсус кенгайтирувчи бак ўрнатилади (12-расм).
Кенгайтирувчи бак асосий бак билан труба орқали туташтирилади. Одатда, трансформатор мойи кенгайтирувчи бакнинг ярмигача тўлдитилади, бунда мойнинг хаво билан туташадиган юзаси анча камаяди. Мойда ҳавонинг зарарли таъсири ҳам, мойнинг ифлосланиши хам камаяди. Мойнинг ҳаво таъсирида таркибий қисмларга ажралиши (оксидланиши) натижасида хосил бўладиган чўкиндилар кенгайтирувчи бак тагига чўкади. Кенгайтирувчи бакнинг ҳаво билан туташадиган жойига, бирор идишда, хавонинг намлигини ўзида олиб қолувчи модда — сорбент қуйилади. Қуввати 160 кВА ва ундан ортиқ бўлган трансформаторларда мойни тозалаб туриш учун термосифон фильтр ўрнатилади. Бу тадбирлар натижасида трансформатор мойинииг электр мустаҳкамлиги узоқ вақт яхши сақланади. Жуда катта қувватли трансформаторларда мойнинг хусусиятини янада узок вақт яхши сақлаш мақсадида кенгайтирувчи бак герметик беркитилган бўлади. Вақти-вақти билан трансформатор мойи тозалаб ва алмаштирилиб турилади. Кенгайтирувчи бакнинг ён томонига ундаги мойнинг сатҳини кўрсатувчи шиша найча ўрнатилади.
Катта қувватли (1000 кВА ва ундан ортиқ) трансформаторлар бакининг уст томонида бир учи асосий бак билан туташган, иккинчи учи қайрилган ва ойнасимон тўсиқли (мембранали) труба ўрнатилади. Ишлаб турган трансформаторнинг ўрамлари ёки чулғамлари қисқа туташиб қолганда ёки юкламаси ҳаддан ташқари кўпайиб кетганда, у тезда қизиб кетади, мой парчаланади, кўп миқдорда газ ажралади. Бак ичида босим ортиб кетади. Бундай шароитда труба учидаги ойна синиб кетади ва газ ташқарига чиқади. Бундай эҳтиёт трубаси бўлмаган трансформатор баки деформацияланади ёки бутунлай ишдан чиқади. Асосий бакнинг ён томонида мойнинг температурасини кўрсатиб турувчи махсус симобли термометр; катта қувватли ва герметик трансформаторларда термосигнализаторлар ўрнатилади.
Қуввати 560 кВА ва ундан ортиқ бўлган трансформаторларда уни ички бузилишлардан сақлайдиган махсус сақлагич асбоб—газ релеси бўлиб, у асосий бакни кенгайтирувчи бак билан туташтирувчи трубага ўрнатилади (13-расм). Трансформатор чулғамлари ёки чулғам ўрамлари қисқа туташганда ва умуман бакда мойнинг парчаланишидан хавфли портловчи газ кўп ажралиб чиққан пайтда мой асосий бакдан кенгайтирувчи бак томон оқади ва газ релесининг контактлари беркилади ҳамда сигнал берилади ёки трансформаторни автоматик тарзда тармоқдан узиб қўяди.
Газ релесида мой устида қалқиб турадиган иккита калкович (баллон) бўлиб, калковичларнинг ён томонида нормал шароитда доимо очиқ ҳолда турадиган симоб контактлар бўлади, улар шиша идишга ўрнатилади. Калковичлар устма-уст ўрнатилади. Уларнинг вазияти мой ҳаракатининг тезлигига қараб ўзгаради. Бирор сабабга кўра асосий бакдан газ ажралиб чиқа бошласа, мой асосий бакдан кенгайтирувчи бак томон секин ҳаракатланади ва биринчи калковичнинг вазияти ўзгаради, симоб контактлари беркилади ва огоҳлантирувчи сигнал бериш қурилмаси ишга тушиб, трансформатор нормал режимда ишламаётганлиги ҳақида хабар беради. Агар трансформаторда хавфли бузилиш бўлса, газ ажралиши тезлашади, трубада мойнинг ҳаракат тезлиги ҳам ортади. Бунда иккинчи калковичнинг вазияти ўзгаради, унинг симоб контактлари беркилади. Бу контакт трансформаторни тармоқдан узиб қўйишга импульс беради ва уни хавфли ички бузилишлардан сақлайди.
12-расм. Қуввати 320 кВА, кучланишлари 6000±5/400 В бўлган ТМ320/6 маркали (уч фазали) мойли трансформатор: 1- пўлат ўзак, 2 —паст кучланиш чулғами, 3—юқори кучланиш чулғами, 4—бак, 5—кенгайтирувчи бак, 6—мой сатхини кўрсатувчи шиша найча, 7-мой қўйиладиган ташик, 8-ўрамлар сонини ўзгартирувчи қурилма, 9-қурилма дастаси, 10-юқори, 11-паст кучланиш чулғами қисмаси, 12-термометр, 13-мой чиқадиган тешик, 14-радиатор трубалари.
13-расм. Кенгайтирувчи бак (а) ва газ релеси (б):
1 — мой сатҳини кўрсатувчи шиша найча, 2 — ҳаво алмаштирувчи труба, 3 — мой қуйиладиган пробкали тешик, 4 — чўкиндилар чўкадиган идиш, 5 — учи ойнаванд труба, 6 — трансформатор баки, 7 — газ релеси, 8 — кенгайтиргични ажратувчи жумрак
Ҳар бир трансформаторнинг баки деворида ўрнатилган темир осмачада унинг техник таърифи ёзилган бўлади. ГОСТ 11677—74 бўйича осмачада қуйидагилар кўрсатилади: 1) трансформаторнинг маркаси, рақами ва ишлаб чиқарган заводнинг номи ҳамда адреси; 2) номинал қуввати (кВА да); 3) юқори ва паст номинал кучланиши (В ёки кВ да); 4) юқори ва паст кучланишли чулғамларининг номинал токи (А да); 5) ўзгарувчан ток частотаси; 6) фазалар сони; 7) юқори ва паст кучланишли чулғамларининг уланиш схемалари ва группаси; 8) қисқа туташиш кучланиши {Uк%); 9) совитилиш усули; 10) трансформаторнинг массаси (кГ ёки т); 11) мойнинг массаси (кГ ёки т); 12) кучланишни ўзгартирувчи переключателнинг вазияти ва ҳоказо. Трансформаторларнинг маркаси ҳарфлар ва рақамлар билан кўрсатилади. Маркадаги: Т — уч фазали; О — бир фазали; М — мой билан совитиладиган; Д — мойни ташқаридан шамол билан ёки мажбурий ҳаракатлантириб совитиладиган; Ц — мойни совуқ, сувли совитгичдан ўтказиб совитиладиган; ДЦ — юқоридаги иккала усул билан совитиладиган; Г — яшинга чидамли (марка охирида кўрсатилади); Н — кучланиши юкламани узмасдан ростланадиган (марка охирида кўрсатилади); Н — ёнмайдиган суюқ диэлектрик билан тўлитилган (иккинчи ўринда) деган маъноларни беради. Трансформатор маркасида Т ҳарфи бўлса, бу уч чулғамли трансформаторни ифодалайди. Маркада ҳарфли ифодадан кейинги рақам унинг номинал қувватини (кВА) да; иккинчи рақам юқори номинал кучланишни кўрсатади. Масалан, ТЦТНГ63000/220 марка — уч фазали, уч чулғамли, мойи мажбурий совитиладиган, кучланиши юкламани узмай ростланадиган, яшинга чидамли, қуввати 63000 кВА ва юқори кучланишли чулғамининг номинал кучланиши 220 кВ бўлган трансформаторни ифодалайди ёки ТМ6300/35 — қуввати 6300 кВА ва юқори кучланишли чулғамининг кучланиши 35 кВ бўлган икки чулғамли, уч фазали, мой билан табиий совутиладиган трансформаторни билдиради.
Трансформаторлар ишлатилишига қараб бир неча хилга бўлинади:
1.Бир фазали ёки уч фазали катта токли трансформаторлар— электр энергиясини узоқ, масофага узатишда, уни истеъмолчилар орасида тақсимлашда ва умуман, истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда ишлатилади.
2.Автотрансформаторлар — кучланиш қийматини бир оз ўзгартириш ёки кучланиш қийматини нолдан бошлаб ошириш учун ҳамда катта кувватли асинхрон двигателларни юргизиш учун ишлатилади.
3. Ўлчов трансформаторлари (кучланиш трансформаторлари ва ток трансформаторлари) — электр ўлчаш схемаларида, юкори кучланишларни ва катта токларни оддий ўлчаш приборлари билан ўлчаш учун ишлатилади.
4. Махсус трансформаторлар — пайвандлаш трансформаторлари; синов трансформаторлари; радио, телеведение, алоқа ва автоматика қурилмаларида ишлатиладиган трансформаторлар; ўзгарувчан токнинг фазалари сонини ёки частотасини ўзгартирувчи трансформаторлар махсус трансформаторлар ҳисобланади.
Трансформаторларнинг турлари куп бўлишига қарамай, уларнинг ишлаш принциплари ва уларда содир бўладиган физик ҳодисалар, асосан, бир хилдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |