Назорат саволлари
1.Органик боғловчилар моддалар неча турга бўлинади?
2.Асосий қурилиш хоссаси ва ҳолатига кўра битумларнинг қандай турлари мавжуд?
3.Ишлаб чиқариш технологиясига кўра битумларнинг турлари
4. Нефт битумлари олиш учун ишлатиладиган хомашё
5. Полимерлар ва уларнинг ишлатилиши
22-мавзу Органик боғловчи моддалар
Р Е Ж А
1.Битумлар ва дёгтлар.
2.Полимерлар, битумлар ва дёгтларнинг хоссалари.
3.Полимерлар, битумлар ва дёгтларнинг қўлланиш соҳалари.
Таянч сўз ва иборалар: битум, оксидланган крекинг нефт битумлари, қовушоқлик, юмшаш, чақнаш ҳарорати, чўзилувчанлик, дёгот, тошкўмир дёгот, биологик мустаҳкамлик.
Битумли боғловчилар – углеводородлар ва уларнинг нометалл хосилаларининг мураккаб аралашмасидир (углеводородларнинг олтингугурт, кислород, азот билан бирикмалари). Хом ашёга қараб улар табиий ва сунъий нефт битумларига бўлинади.
Табиий битумлар – қора ёки тўқ-жигар ранг қаттиқ моддалар ёки қовушоқсуюқлик бўлиб, табиатда соф кўринишда ёки чўкинди тоғ жинсларини (оҳактошлар, қумтошлар) шимдирган ҳолатда учрайди. Бундан кўп минг йиллар муқаддам нефт ер қобиғининг устки қатламларига оқиб кирган тоғ жинслари унга тўйинган, сўнгра эса буғланувчи моддалар аста-секин учиб кетиши натижасида табиий битумга айланган. Таркибида 5 дан 20% гача табиий битуми бўлган тоғ жинслари асфалт битумлар деб аталади. Соф битум олиш учун майдаланган асфалт-тоғ жинсини қайноқ сув ёки органик эритгичлар билан ишлаб олинади.
Қиздирганда табиий битум секин-аста юмшайди, совитилганда эса қотади. Сувда эримайди, лекин углерод сулфид, бензол, хлороформ, скипидар ва бошқа органиc эритгичларда осон эрийди.
Майда кукун кўринишидаги асфалт жинсларидан асфалт мастикаси ва асфалт бетонларини олиш учун фойдаланилади.
Нефт битумлари нефт ва унинг смолали қолдиқларини қайта ишлаш маҳсулоти ҳисобланади. Олиниш усулларига қараб битумлар қолдиқ, оксидланган ва крекинг нефт битумлари туркумига киради.
Қолдиқ битумлар (гудрон) хайдаш йўли билан нефтдан бензин, керосин ва мойларнинг бир қисмини ажратиб олиш натижасида ҳосил бўлади.
Меъёрий ҳароратда улар қаттиқ моддадан иборат. Оксидланган битумлар нефт қолдиқлари орқали пуфлаб ўтказиб олинади, улар бунда кислород таъсири остида оксидланади ва зичланади. Крекинг битумлар эса нефт ва нефт мойларининг юқори ҳароратда парчаланиш маҳсулотидир.
Нефт битумларининг ранги қора ёки тўқ-қўнғир бўлади. Қовушоқлигига қараб улар қаттиқ, ярим қаттиқ ва суюқ битумларга бўлинади. Қаттиқ ва ярим қаттиқ нефт битумлари қурилиш, томга ёпиш ва йўл битумларига бўлинади.
Қаттиқ ва ярим қаттиқ нефт битумлари йўлларга қоплаш, ўрамли намдан ҳимоялаш ва том материалларини битум мастикалари, лаклари ва бошқаларни тайёрлаш учун ишлатилади. Қурилишда нефт битумларидан фойдаланилганда битум маркаси ҳамда жойнинг иқлим шароитлари ва битумнинг ишлатилиш соҳасига қараб икки хил битум аралашмасини танлаш зарур.
Битумларнинг хоссалари. Нефт битумларининг сифатини ва маркаларга бўлинишини аниқлайдиган асосий хоссалари – қовушоқлиги, юмшаш ва чақнаш ҳарорати, чўзилувчанлигидир.
Қовушоқлиги битумга куч остида игнанинг кириш чуқурлиги бўйича пенетрометрда ўлчанади. Битумга игнанинг кириш чуқурлиги қанча катта бўлса, унинг қовушоқлиги бинобарин шунчалик кичик булади.
Битумнинг юмшаш ҳарорати «Ҳалқали шар» асбобида аниқланади. Битумнинг бу хоссаси уни турли ҳарорат шароитларида фойдаланишга яроқлилигини кўрсатади.
Ўт олиш ҳарорати битум билан ишлаганда технологик параметрларни аниқлаш учун аҳамиятга эга бўлиб, у махсус асбобда ўлчанади. Ўт олиш ҳароратига битум намунасининг бир қисми ёки бутун юзаси устида биринчи кўк аланга пайдо бўлганида термометр кўрсатадиган ҳарорат қабул қилинади
Битумнинг чўзилувчанлиги намунани дуктилометрда чўзиш йўли билан топилади. Чўзилган намунанинг узилиш пайтидаги узунлиги (см ҳисобида) битум чўзилувчанлигининг кўрсаткичи ҳисобланади.
Кўриб ўтилган хоссалар бир-бирига боғлиқ. Масалан, қаттиқ битумларнинг юмшаш ҳарорати юқори бўлади, лекин чўзилувчанлиги кичик, яъни нисбатан мўрт бўлади: аксинча, унча юқори бўлмаган ҳароратда юмшайдиган битумлар жуда чўзилувчан бўлиши мумкин, яъни катта пластикликка эга бўлади.
Нефт битумлари зич тузилган бўлади, уларнинг ғоваклилиги амалда нолга тенг, шу сабабли сув ўтказмайди, кислоталар, ишқорлар, ишқорли суюқликлар ва газлар таъсирига қарши турғун, совуққа чидамли бўлади. Улар тош материаллари, ёғоч материаллари билан пухта боғланиш хусусиятига эга, лекин органик эритгичларда (хлорофром, бензин ва бошқаларда) эрийди. Ишлатиш шароитларида қуёш нури ва ҳаво кислороди таъсири остида битумлар эскиради, натижада қаттиқлиги ва мўртлиги ортади. Нефт битумлари физик-механик хоссаларининг асосий кўрсаткичлари -жадвалда келтирилган
Do'stlaringiz bilan baham: |