Цемент хоссаларини, хусусиятларини ва стандарт талабларига жавоб беришини аниқлаш. Хом-ашё моддаларни кимёвий таркиби, хусусан СаО (титр бўйича) нинг охакдаги миқдорини назорат қилинади.
Цементни сифати унинг ҳажмий оғирлиги бўйича бахоланади ва 1550 — 1650 г/л оралиқда тебранади. Эркин ҳолатдаги СаО миқдори 1% дан ортмаслиги керак. Цементни қўшимчалар билан туйиш жараёнида, унинг назорат қилиниши компонентларини нисбатини аниқлаш билан чегараланади.
Назорат саволлари
Портландцемент клинкери қаерларда сақланади?
Портландцементни кўпчилик ҳоссалари нима билан ифодаланади?
Очиқ цикл бўйича клинкер майдалашни тушунтириб беринг.
Клинкерни туйиш жараёнини самарадорлигини ошириш учун нималар қўшилади?
Цемент заводларида ишлаб чиқаришни назорат қилиш қандай амалга оширилади?
Ишлаб чиқариш қандай талабларга жавоб бериши керак?
14-мавзу Портландцементнинг қотиш назарияси
Р Е Ж А
1.Портландцементнинг қотиш назарияси.
2. Ле-Шателье назарияси.
3. Михаэлис назарияси.
4. Н.А. Байков назарияси.
Таянч сўз ва атамалар: Ле-Шателье, Михаэлис, Н.А. Байков, кристалланиш назарияси, коллоид назарияси, кристалланиш ва коллоид жараёнларнинг биргаликда кечиши, гидратланиш, гидравлик, карбонатли қотиш, кальций алюминат, кальций алюмоферрит.
Портландцементнинг қотиш назариялари
Мавжуд назариялар ичида Ле-Шателье, Михаэлис, Н.А. Байковлар нуқтаи назари энг катта қизиқиш уйғотди.
Ле-Шателье 1887 йилда қотишнинг кристалланиш назариясини
таклиф этган. Бу назарияга кўра бошланғич сувсиз цемент минераллари сувда уларни гидролизловчи маҳсулотларга нисбатан анча юқорироқ эрувчанликка эга бўлиб, гидратли янги тузумларга нисбатан ўта тўйинган эритмаларни ҳосил қиладилар. Гидратли янги тузилмалар кристалчалар кўринишида ажралиб чиқадилар ва улар ўта тўйинган эритмадан ажралиб чиқа борган сари етарли даражада мустахкамликка эга бўлган кристалл ўсимталар ҳосил қиладилар.
1893 йилда Михаэлис коллоид назариясини илгари сурди. Бу назарияга кўра, мустаҳкамлик шаклланишининг асосий сабабчилари қилиб қотишда ҳосил бўлувчи ўта туйилган Са(ОН)2, ва кальций гидроалюминатларни кўрсатади.
Улар эритмадан кристалл структурали (тузилишли) чўкинди кўринишда ажралади. Михаэлис фикрича улар гидравлик қотишда фаол қатнашмайдилар. Қотишни асосини у гель массани ҳисоблаган ва ундан чуқур жойлашган цемент заррачалар қатлами сувни сўриб олади. Шунда масса зичланади ва мустаҳкамланади.
А. А. Байков (1923) цементнинг қотишини кристалланиш ва коллоид жараёнларнинг биргаликда кечиши билан изоҳлайди. Назария бўйича қотиш 3 та даврга бўлинади: 1 — боғловчи модда сувда эриб, тўйинган эритма ҳосил қилади: 2 — цемент қаттиқ фазасига сув қўшилади, ва гидрат бирикмалар ҳосил қилади ва бу ҳолат — коллоид ҳолатга ўта боради: 3 — коллоид ҳолатда ёки муҳитдан кристалл доначалар ҳосил бўлади ва тузум қотиб мустаҳкамлиги ошади.
Бугунги кунда гилсимон маҳсулотлар ҳам кристалл эканлиги, аммо коллоид дисперсионлик ҳусусиятига эга эканлиги аниқланган.
Юқорида санаб ўтилган олимларнинг изланишлари рус олимлари ишларида ўзининг равнақини топди. П.А. Ребиндер, В.Б. Ратиновлар фикрига кўра қотиш жараёни кристаланиш механизми бўйича кечади, яъни қотиш беқарор бошланғич фазаларнинг эриши, тўйинган эритмалардаги гидратли бирикмаларнинг кристалланиши билан боғлиқ. Уларда гидролизланиш жараёни шундай кечиши мумкин, боғловчи модда тўлиқ гидратга айланганда қотиш тузилиши пайдо бўлмайди — кристаллар эримаган ҳолда ўсадилар, деб ҳисоблайдилар. Ионларнинг цемент минераллари панжарасидан сувли муҳитга ўтиши ва уларнинг гидролизланиши қотишнинг бошланғич босқичидир. Эритмадан ажралаётган кристалчалар янги фазанинг куртаклари бўлади. Етарлича юқори мустаҳкамликка эга бўлган кристалланиш структураси синчнинг пайдо бўлиши қотишнинг кейинги босқичи бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |