Ўзини-ўзи назорат қилиш учун саволлар:
1. Биосферадан ташқарида тупроқ ҳосил бўлиши мумкунми?
2. Биоген миграцияда иштирок этувчи элементлар нечта?
3. Микроскоп кўриш кучининг чегараси нимага тенг?
4. Организмдаги энг муҳим биополимерлар қайсилар?
5. Хитин қандай модда ҳисобланади?
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Тўхтаев А., Ҳамидов А. Экология асослари ва табиатни муҳофаза қилиш. Тошкент: Ўқитувчи, 1994 – 158 б.
2. Маслова ТН., Федорова Е.В. Основы экологических знаний. М.: Изд.-во Московского энергетического института, 2001 – 60 б.
5-МАВЗУ. БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИКНИ САҚЛАШНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ ВА МУАММОЛАРИ.
РЕЖА:
1. БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИК ТУШУНЧАСИ. ГЕНЕТИК ХИЛМА-ХИЛЛИК.
2. ТУРЛАР ХИЛМА-ХИЛЛИГИ. ЭКОТИЗИМЛАР ХИЛМА-ХИЛЛИГИ. БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИКНИ САҚЛАШ ЗАРУРИЯТИ ВА УНИНГ МУАММОЛАРИ.
3. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА БИОХИЛМА-ХИЛЛИКНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР.
Таянч иборалар: биологик хилма-хиллик, генетик хилма-хиллик, турлар хилма-хиллиги, экотизимлар хилма-хиллиги.
5.1. БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИК ТУШУНЧАСИ. ГЕНЕТИК ХИЛМА-ХИЛЛИК
Биологик хилма-хиллик – барча тирик организмларнинг хилма-хиллиги бўлиб, у Сайёрамизда яшовчи миллионлаб турдаги ўсимликлар, ҳайвонлар, замбуруғ ва микроорганизмларни қамраб олади. Биологик хилма-хилликнинг уч тури мавжуд:
• генетик хилма-хиллик
• турлар хилма-хиллиги
• экотизимлар хилма-хиллиги
Бу уччала турдаги биологик хилма-хиллик ўзаро боғлиқ бўлиб, генетик хилма-хиллик турлар хилма-хиллигини кўпайтиради, экотизимлар хилма-хиллигининг кўпайиши янги турлар пайдо бўлишига шароит яратади, турлар хилма-хиллигининг кўпайиши эса ўз навбатида биосферадаги тирик организмларнинг генетик салоҳиятини оширади. Биологик хилма-хилликни оширишга ҳар бир турнинг ўз ҳиссаси бор. Шу нуқтаи назардан олганда табиатда мавжуд бўлган турларнинг барчаси ҳам экологик мувозанатни сақлаш учун зарур бўлиб, улар ичида мутлоқ зарарлилари йўқ. Биологик хилма-хилликни сақлаш инсониятнинг моддий (озуқа, дори-дармон ва бошқа), этик ва эстетик эҳтиёжларини қондиришдан ташқари экотизимлар барқарорлиги ва умуман биосферани сақлаш учун ҳам зарур.
Биологик хилма-хиллик эволюция жараёнининг маҳсули бўлиб, мутахассислар фикрига кўра ер юзидаги умумий турлар сони 5-30 миллионни ташкил қилади. Улардан ҳозирги кунда фанга 2 миллионтаси маълум.
Инсон ўзининг хўжалик фаолияти билан биологик хилма-хилликка салбий таъсир ўтказиб, турлар сонининг камайишига олиб келмоқда. Маълумотларда келтирилишича, 1600 йилдан ҳозиргача 448 турдаги ҳайвон ва 654 турдаги ўсимлик йўқолиб кетган. Ҳозирги пайтда ҳар куни 10 турдаги ҳайвон ва ҳар ҳафтада 1 турдаги ўсимлик йўқолиб боряпти. Бир турдаги ўсимликнинг йўқолиши тахминан 30 турдаги ҳашарот ва юмалоқ чувалчанг (нематод)ларнинг йўқолишига олиб келади (Маврищев, 2005). Биохилма-хиллик камайишининг олдини олиш Халқаро ҳаракати кўпдан бери давом этаяпти. Ўсимлик ва ҳайвон турларини йўқолиб кетишидан сақлаш мақсадида популяцияларнинг табиий ҳолати ўрганилиб, уларнинг камёблари Қизил китобга киритилади. Китобда турнинг мақоми, тарқалиш ареали, яшаш шароити, камайиш сабабалари ва муҳофаза тадбирлари кўрсатилади. Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро Иттифоқининг икки томдан иборат Қизил китоби биринчи бор 1963 йилда нашр этилди. Унда табиий ҳолати турлича бўлган: қирилиб битган, қирилиб битиш арафасида турган, камайиб қолган, камайиб бораётган ва кўпайиб бораётган турлар китобнинг қора, қизил, сариқ, оқ ва яшил рангдаги саҳифаларга киритилди. 1978 йилда собиқ СССР Қизил китобининг биринчи нашри босилиб чиқиши собиқ Иттифоқ республикаларида ҳам ҳудудий Қизил китоблар яратилишига асос солди. Ўзбекистон Республикасининг икки томдан иборат биринчи Қизил китоби 1984, 1985 йилларда нашр этилди.
Биологик хилма-хилликни сақлаш масаласи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бошчилигида дунёвий тус олган. 1992 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) 167 давлат иштирокида «Биологик хилма-хиллик тўғрисида Халқаро Конвенция» қабул қилинди. Конвенциянинг мақсади биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш, унинг компонентларидан фойдаланиш ҳамда генетик ресурсларни ўзлаштиришдан келадиган фойдани давлатлар орасида тўғри тақсимлашдан иборат. 2001 йилга келиб аъзо давлатлар сони 181 тага етди. 2004 йил Малайзиянинг пойтахти Куала Лумпуреда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Конвенция аъзоларининг еттинчи конференцияси ўтказилди. Унда атроф муҳитни ва йўқолиб бораётган турларни асраш тизимини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди. Конференцияда «Биохилма-хиллик Дастури»нинг Бош директори К. Топфер 2000 йилдан бошлаб ҳар йили 60 минг биологик тур йўқолиб бораётганлиги, бу кўрсаткич йил сайин кўпайиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди. Дарҳақиқат, давлатларнинг ҳамжиҳатликда ўтказаётган тадбирларига қарамасдан, ўрмон ёнғинлари, муҳитнинг турли кимёвий заҳарлар билан ифлосланаётганлиги, ўсимлик ва ҳайвон ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва шу каби салбий ҳолатлар туфайли баъзи камёб турларнинг қирилиб битиши давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси 1995 йилдан Биологик хилма-хиллик Конвенцияси аъзоси. Конвенция шартларини бажариш мақсадида 1998 йил Республика Президенти И. Каримов «Ўзбекистон Республикасида биохилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракат режаси»ни имзолади. Бу ҳужжат доирасида республикада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида ўсимлик ва ҳайвонот оламини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Республика 1997 йилдан «Ёввойи фауна ва флоранинг қирилиб битиш хавфига тушган турлари бўйича Халқаро савдо ҳақида Конвенция» (СИТЕС)нинг аъзоси. Унга кўра камёб ўсимлик ва ҳайвон турлари чет элларга республика Вазирлар Маҳкамасининг махсус рухсати билан сотилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |