«Контроллер» инглизчи "Control" сўзидан олинган бўлиб бошқариш деган маънони англатади. Автоматлаштирилган тизимлардаги контроллерлар деб шундай қурилмага айтиладики, физик жараёнларни бошқаришда ўзига ёзилган алгоритм бўйича датчиклардан олинадиган хабарларни бажарувчи қурилмаларга узатишни таъминлайди.
Дастлабки контроллерлар 60-70 йилларда автомобиль саноатида пайдо бўлиб, йиғиш ишларини автоматлаштириш учун ишлатилди. Уша вақтларда компьютерлар жуда қиммат эди, шунинг учун контроллерлар аппаратларда дастурлаштирилди. Бироқ технологик жараённи қайта қуриш ва биридан иккинчисига ўтказишда янги контроллерларни ишлаб чиқишни талаб этди. Шунинг учун уланувчи реле схемалари ёрдамида ишнинг алгоритми анча осон ўзгартириладиган контроллерлар яратилди.
Бундай контроллерлар дастурлаштириладиган мантиқий контроллерлар (ДМК) деган ном олди ва ҳозирги вақтгача шу ном сақланган.
Кейинчалик компьютерга мўлжалланган тилда дастурлаш мумкин бўлган ДМКлар пайдо бўлди. Улар ёрдамида дастурлаш осон кечсада, бошқарув алгоритмини ўзгартириш учун махсус ўқитилган дастурчи керак бўлди. Шу вақтдан бошлаб ДМКларни дастурлаштириш жараёнини енгиллаштириш учун кураш бошланди.
Бу эса аввал юқори даражадаги дастурлаш тилларини, сўнгра релейли мантиқ тилига ўхшаш махсус визуаль дастурлаш тилларини яратилишига сабаб бўлди.
Ҳозирга келиб ушбу жараён МЭК 61131-3 ҳалқаро стандартини яратиш билан якун топди. МЭК 61131-3 стандарти технологик жараёнларни дастурловчи 5 та тилни қўллаб қувватлайди.
1972 йилда кучли ва арзон микроконтроллерлар яратилиб, ДМК бозорида улар 1978 йилдан 2002 йилгача 80 млн. доллордан 1,4 млрд. доллоргача сотилди.
ДМК технологик жараёнларни автоматлаштириш учун инсон фаолитининг барча жабҳаларида ишлатилмоқда, жумладан аварияга қарши ҳимоя ва сигнализация тизимида, йўл ҳаракат қоидаларини бошқаришда, маълумотларни йиғиш ва архивлаш, медицина қурилмаларида, алоқа тизимларида, космик кемаларни бошқариш учун физик тадқиқотлар олиб боришда, маҳсулотларни яроқлилигини текшириб кўришни автоматлаштириш ва бошқаларда. Шундай бўлсада ҳозиргача кўпгина иқтисодиёт тармоқларига контроллерли автоматлаштириш энди кириб келмоқда.
Интернет сўровларига кўра, кўпчилик станокларни бошқариш масалаларида ДМКнинг ишлатилиши ҳақида фикрлар юритган. Иккинчи ўринда – технологик жараёнларни бошқариш билан боғлиқ масалалар, кейин эса диагностика масалалари келади.
Ҳозирги вақтда Россия бозорида ҳорижий фирмалар контроллерлари: Siemens, Mitsubishi, ABB, Schneider Electric, GE Fanuc, шу билан биргаликда ўзининг контроллерлари: НИЛ АП, Текон, Фаствел, ДЭП, Овен, Элемер, Эмикон ишлатилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |