Қадимги Хитой. Қадимги Хитойда дипломатик билимларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жамиятнинг ўқимишли қатламлари орасида зарур билим ва тажрибага эга бўлган, сиёсий вазиятни назарий ва амалий жиҳатдан тушунадиган, гапга чечан, ишнинг ўзига хос усталари орасидан дипломатик вазифаларни бажарувчи амалдорлар саралаб олинган. Конфутсий дипломатия санъатига ўргатишни подшоликни бошқаришдан кейин иккинчи ўринга қўйган.
Хитой элчилари бошқа мамлакатга хизмат билан юборилганда уларга фақат оғзаки кўрсатмалар берилган. Дипломатик дахлсизлик ҳақида тушунча мавжуд бўлмасада, амалда ҳар қандай подшоликда элчига ўта ҳурмат билан муносабатда бўлганлар.
Чжанго даври ҳукмдорларининг саройлари қошида "юйши" деб номланган элчилик билан шуғулланувчи амалдорлар хизмат қилган. Улар ҳукмдор номига бошқа подшоликлардан этиб келган барча мактубларни қабул қилиш ҳамда келгуси музокаралар учун маълумотлар тайёрлаш билан шуғулланганлар. Давлатлараро муносабатлар назарияси ва амалиёти "Сзун хен" мактабининг фаолияти боғлиқ. Ушбу мактабнинг вужудга келиши донишманд Гуй Гуцзи (мил. авв. IV-III асрлар) номига бориб тақалади. Мактабнинг номи икки турдаги давлатлараро иттифоқларнинг номидан келиб чиқади - "сзун" (вертикал бўйича иттифоқ ёки шимол-жануб иттифоқи) ва "хен" (горизонтал бўйича иттифоқ ёки шарқ-ғарб иттифоқи).
Милоддан аввалги 221 йилда Син подшолиги биринчи бор бутун Хитойни бирлаштирган. Истилоларни амалга ошириш Син Ши Хуанди ташқи сиёсатининг асосий вазифасига айланган. Милоддан аввалги 202 йилда Син сулоласи халқ қўзғолонлари натижасида ағдарилган. Империяда ҳокимият тепасига Хан сулоласи келди. Хан империясининг қўшни халқлар билан муносабатларда аввалги даврдан мерос бўлиб қолган ойкумена эгоцентрик (ўта манманлик, ўзини дунёга устун деб билиш) концепсияси катта рол ўйнаган.
Ушбу расмий ташқи сиёсий доктринага қарши "даосизм" фалсафасига оид асарларда ўзгача концепсия учрайди.
Қадимги Хитойнинг деярли 2000 йиллик тарихи давомида яқин ва узоқ қўшнилар билан ташқи муносабатларни амалга оширишнинг муайян тамойиллари ишлаб чиқилган. Қадимги Хитой дипломатиясида икки муҳим концепция ўзига хос аҳамиятга эга. Биринчиси концепцияси аввало, тенг ҳуқуқли давлатлар ўртасидаги муносабатларга бағишланган.
Иккинчи концепцияга кўра барча ўзга мамлакатларга Хитойнинг эҳтимолли ўлпон тўловчиси сифатида қаралган.
Гаровга олиш амалиёти Хан империясининг қўшни мамлакатлар билан муносабатларидаги одатий ҳол бўлган. Бу даврда элчиларни қабул қилишнинг махсус маросими ишлаб чиқилиб, унинг мақсади - элчилик юборган ҳукмдорнинг Хан императорига нисбатан тобелик ҳолатини акс эттириши керак бўлган. Саройда ўрнатилган қоидаларга беками-кўст риоя қилинишига катта аҳамият берилган. Элчилар албатта совғалар билан етиб келардилар ва Хан империяси ҳам инъомлар беришга қизғанмаган. Элчиларни қабул қилиш ва улар томонидан совғаларни топшириш маросими ҳорижлик вакилларни камситадиган ва ўзга юртлар ҳукмдорларининг тобе ҳолатини акс этиришга қаратилган бўлсада, империянинг қўшни мамлакатлар билан муносабатлари дўстона бўлишига катта эътибор қаратилган.