Қадимги Хиндистон. Қадимги ҳинд ташқи сиёсат назарияси бўйича асосий манба милоддан аввалги IV асрда ёзилган Каутилянинг "Артхашастра" асари ҳисобланади. "Артхашастра" санскритча сўз бўлиб “моддий бойлик, сиёсий куч ҳақида китоб” деган маънони англатади. Ушбу асарда давлат тузилиши, маъмурий-хўжалик бошқаруви, суд ишлари, ҳарбий ва дипломатик санъат бўйича қимматли маълумотлар мавжуд бўлиб, унда “мандала” ("доира", "давлат доираси") концепсияси илгари сурилган..
Мандала - бу ташқи сиёсатга оид муайян ҳаракатлар ва чора-тадбирлар мажмуаси бўлиб, унинг асосий ғояси – “буюк давлат барпо этиш”дан иборат. Буюк давлат ("жаҳон" салтанатининг) барпо этилиши сиёсатнинг охирги мақсади ҳисобланган.
Душман ва унинг иттифоқчилари орасида адоватни келтириб чиқариш, рақиб иттифоқчилари билан сепарат (бошқалар билан келишилмаган, бир томонлама) шартномалар имзолаш ёки уларга тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам кўрсатиш, яъни душман мандаласини парчалаб ташлаш ғолиб чиқишнинг энг муҳим воситаси сифатида тан олинган
"Артхашастра"га биноан, иттифоқчининг асосий хусусияти - фойда келтириш ва итоаткорлик ҳисобланган. Сиёсат саънатини эгаллаган подшо, биринчи галда шартномаларнинг мураккаб тизимига таяниб, якка ҳокимликка интилиши лозим бўлган. Сиёсий мақсадларни рўёбга чиқариш мақсадида турли хил тинчлик битимлари имзолаш - сиёсатнинг энг муҳим воситаси деб таълим берилган.
"Артхашастра" муаллифи гаровга олиш амалиётига энг қулай усул сифатида баҳо берган. "Тинчлик" давлатларнинг узоқ ва доимо бирга мавжуд бўлишини англатмаган. Вақтинчалик тинчликка еришиш - кучлироқ душман устидан ғолиб чиқишнинг энг яхши воситаси сифатида тавсия этилган. Асарда "сиёсатнинг тўрт усули" ҳам тилга олинган:
Ўгитлар, панд-насиҳатлардан фойдаланиш
Совға-саломлар тарқатиш
Ўзаро низо уругини сепиш
Куч ишлатиш.
Дипломатик ҳарактердаги турли хил шартномаларнинг таърифига "Артхашастра"да катта эътибор қаратилган. Улар орасида тенг ҳуқуқли ва тенгсиз, фойдали ва фойдасиз, шартлари мавжуд ва шартлари йўқ шартномалар алоҳида белгилаб кўрсатилган.
Уруш барча усуллардан фойдаланиб бўлгандан кейингина, охирги восита ҳисобланган. Подшога ғалабаларга имкон қадар жангсиз еришиш тавсия қилинган, чунки тинч йўл билан бўйсундириш камроқ куч ва ҳаражат талаб қилади.
Милоддан аввалги I минг йилликнинг биринчи чорагига оид манбаларда "Дута" ("элчи") тилга олинади..
"Артхашастра" элчининг вазифаларига бағишланган боб мавжуд бўлиб, учта турга ажратилган: "мухтор", "чекланган ваколатларга эга" ва "чопарлар" (мактублар этказувчи).
Элчининг маҳаллий аҳоли билан алоқа қилиши подшо фармонига кўра ман этилган ёки чекланган. Сиёсий асарларда элчига кўпроқ сукут қилиш ва эшитиш қатъий тавсия этилган. Махсус дипломатик муассаса шаклланмаган бўлса ҳам, элчилик вазифаларини подшо номидан олий мансабдор шахслар олиб борганлар. Элчилардан номаларни етказиб бериш ниқоби остида рақибни ёки унинг энг қудратли амалдорини йўқ қилиш мақсадида ҳам фойдаланилган.
Шунингдек, элчилар душманнинг жойлашуви, кучлари, заҳиралари ҳақида ҳам маълумотлар тўплаган. "Артхашастра" да турли хил номаларнинг (мактублар ва хатламинг), шу жумладан, дипломатик тусдаги ёзишмаларнинг қоидалари берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |