1-мавзу. Қадимги Шарқда халқаро муносабатлар ва дипломатия.
Режа: 1. Қадимги Месопотамия
2. Қадимги Миср
3. Қадимги Хетт
4. Қадимги Оссурия
5. Қадимги Хиндистон
6. Қадимги Хитой
Таянч иборалар: дипломатия, лугаль, Киш лугали, фиръавн мактублар уйи, никоҳ дипломатияси, гаровга олиш дипломатияси, хазиану, контрагент шартнома, асо одами, Ашшурбанипал кутубхонаси, ал-Амарна архиви, абаракку, рабшакку, маршипри, мандала, Артхашастра,дута,юйши.
Қадимги Месопотамия. Дипломатия қадимги даврдаги халқаро муносабатларда давлатларнинг сиёсий ҳамда қулчиликка асосланган иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Айнан қулчилик муносабатлари қадимги Миср, Аккад, Бобил, Оссурия дипломатияси, Хетт, Хиндистон ва Хитой каби давлатларнинг вужудга келиши ва гуллаб-яшнашида муҳим роль ўйнаган. IV-III минг йилликларда диний, ҳарбий ҳарактерга эга бўлган кучли давлатлар ўз иқтисодиётини мустаҳкамлаш мақсадида қўшни давлатларга бостириб кирганлар ҳамда уларнинг бойликларини талаганлар, ўзларини эса қулга айлантирганлар. Халқаро масалалар фақатгина уруш билан хал этилган. II минг йилликларга келиб қадимги Шарқ мамлакатлари ўртасидаги халқаро муносабатларда дипломатиянинг ўрни кучайиб борган.
Милоддан аввалги Ш-II минг йилликда Месопотамияда йигирмага яқин "эн"лар, яъни, шаҳар-давлатлар мавжуд бўлиб, Месопотамияда гегемонликка даъвогарлик қилувчи даставвал "Киш подшоси" унвонига эга бўлиши керак бўлган. "Киш лугали" унвони подшо-гегемоннинг анъанавий унвони бўлиб қолган.
Месопотамиянинг ташқи алоқалари асосан Шарқ томон қаратилган эди. Милоддан аввалги IV минг йилликда Месопотамия Ероннинг ясси тоғлик ҳудудлари билан жадал савдо алоқаларига эга бўлган.
Милоддан аввалги III минг йилликда Месопотамияга келтирилган маҳсулотларнинг аксарият қисми айнан савдо карвонлари орқали таъминланган. Бу эса, савдо карвонларининг еркин қатновини таъминловчи ўзаро кафолатларни вужудга келтиришни талаб этган.
Киш ҳукмдори Менбарагесси (мил. авв. 2600 й.) иштрокидаги бизга маълум бўлган ҳарбий тўқнашувлардан энг қадимгиси элам билан боғлиқ эди. Элам кейинги асрлар давомида энг хавфли душманга айланган бўлиб, Месопотамия давлатлари айнан шу пайтда тўхтовсиз ҳарбий тўқнашувлар даврига кириб борган. Киш ҳукмдорларидан ташқари, Ур, Урук, Лагаш ҳукмдорлари ҳам ўзларини "Киш подшоси" деб номлай бошлаганлар. Аккад сулолаларига тегишли бўлган шоҳлар ҳам кейинчалик ушбу унвонни ўзларининг унвонлари қаторига киритганлар.
Бутун Месопотамия ҳудудларини ўз ичида қамраб олган давлатни биринчи бор Саргон барпо этган. Аккад деб номланган бу давлат ўзининг тузилиши жиҳатидан ҳам конфедерация, ҳам марказлашган давлатни эслатган. Яқин Шарқда Миср ва Эламнинг асосий рақобатчисига айланган Аккад давлати учун ҳарбий юришлар анъанавий тус олган. Ўзини "тўрт иқлим подшоси" деб эълон қилган Нарамсин ва эламликлар ҳукмдори Хит ўртасидаги биринчи халқаро шартнома ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Шартномага кўра мағлуб томон ҳисобланувчи Элам подшоси катта товон тўлашдан ташқари, Аккадга нисбатан самимий ва дўстона муносабатда бўлиш, унинг душманларига қарши ҳаракатларда ҳарбий ёрдам кўрсатиш, душманлик кайфиятидаги қочоқларни тутиб бериш, Нарамсинга душманлик қилганларга паноҳ беришдан воз кечиш каби мажбуриятларни ўз зиммасига олган.
Милоддан аввалги II минг йиллик биринчи ярмида Месопотамияда етакчи давлатга айланган Бобилнинг сиёсий тартибсизлик шароитида юксалиши ҳарбий муваффақиятлар билан бирга ўта маҳорат билан олиб борилган дипломатиянинг натижаси эди. Бобил ҳукмдорлари қўшни давлатлар билан дипломатик муносабатлаларни тартибга солишда сулолавий никоҳдан кенг фойдаланганликлари тўғрисида ҳам маълумотлар учрайди. Бу даврда давлатлар ўртасида кўплаб иттифоқлар (тенг ҳуқуқли ёки тенгсиз) тузилган. Бироқ уларнинг барчасини умри қисқа бўлган. Чунки дипломатик муносабатларни кафолатловчи ҳуқуқий нормалар хали шаклланиб улгурмаган эди. Агар иттифоқ тенг ҳуқуқли бўлмаса, унда гегемон-подшо қарам подшоликларга, уларни доимо назорат қилиш мақсадида, ўзининг маслаҳатчиларини (хазиануни) юборарди. Қарам подшолар бундай иттифоқнинг раҳбарига юборган мактубларида унга "ота" ёки "ҳукмдор" деб мурожаат қилганлар. Уларнинг мажбуриятлари битимларда аниқ белгилаб берилган бўлиб энг асосий вазифаси урушлар даврида ҳарбий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлган. Тузилган шартномалар худолар олдида қасам ичиш билан мустаҳкамланган. Сиёсий мақсадларга еришиш йўлида ҳарбий куч, айёрлик, пора бериб сотиб олиш, исёнларни келтириб чиқаришдан фойдаланилган. Бундай усулларни Бобил ҳукмдорлари муваффақиятли тарзда қўллаганлар.
Мари ва Бобил ўртасидаги шартномалардан бирида сиёсий мақсадларга еришиш йўлида иқтисодий "ёрдам"дан фойдаланилганлигини тасдиқловчи маълумотлар келтирилган.
Милоддан авваиги II минг йилликнинг ўрталарида Яқин Шарқда бир - бирига тенг ҳисобланган бир неча "буюк" давлатлар мавжуд эди: Миср, Касситлар Бобили, Шимолий Месопотамиядаги Митанни давлати ва Кичик Осиёдаги Хетт подшолиги. Сурия, Фаластин, Финикия, Шимолий Месопотамия ва Кичик Осиёдаги кичик ва майда подшоликлар ёки князликлар "буюк" давлатларга қарам бўлиб қолганлар.
"Буюк" давлатлар подшолари ўзаро ёзишмалар чоғида бир-бирларига "биродар" деб мурожаат қилганлар. Бир бирларига ўзаро қимматбаҳо совғалар тақдим этишдипломатик муносабатларнинг муҳим таркибий қисми бўлган
Do'stlaringiz bilan baham: |