Римликлар ва Македония подшоси Персей ўртасидаги дипломатик кураш. (мил.авв. III аср). Сурия билан кураш тугаганидан бир неча йил сўнг Юнонистонда ҳукмронлигини ўрнатишга ҳаракат қилган Филипп V нинг ўғли Персей билан содир бўлган Македония уруши (мил.авв. 171-167-йй) бошланади. Испания билан уруш ҳолатида бўлган римликлар учун бу уруш кутилмаган эди. Дастлаб барча устунлик Македония тарафида бўлган. Кейинчалик эса дипломатик мунозараларда мағлубиятга учради.
Персейнинг дастлабки мағлубияти Ахея масаласида бўлди. Мил.авв. II асрда юнон шаҳарлари ичида Ахея шаҳарлари иттифоқи бироз устун мавқега эга эди. Персей уларни ўз томонига оғдириш мақсадида дўстлик иттифоқини тузиш учун Иттифоққа мактуб билан мурожаат қилади. Унга кўра, ўша вақтгача Македонияга қочиб ўтган қулларни қайтаришни ваъда қилади. Персейнинг ҳаракатлари Римнинг Македонияга қарши дипломатик курашини бошланишига сабаб бўлади.
Пресейнинг мурожаати билан Ахейда кўпминг кишилик дебатлар бошланади. Мажлиснинг кўпчилик қисми Персейнинг таклифини қабул қилиш ва Македония билан иттифоқ тузиш ҳақида фикр билдирган. Аммо сўнгги паллада Ахея архонтлари (оқсоқоллари) орасидан Рим тарафдорлари бу таклифни рад этишга муваффақ бўладилар. Уларнинг фикрича, Македония ҳукмдори бир неча сатрлик мактуби билан Ахеяликларни менсимаган. Уларнинг фикрича, бир элчилик ва бир неча сатрлик мактуб ўзаро тузиладиган шартнома учун йетарли эмас.
Мажлис Македония билан дўстлик шартномасини рад этади. Бир неча кундан сўнг янги бир элчилик келади. Лекин бу элчилик ҳатто римликларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин деган сабаб билан мажлисга киритилмайди. Шундай қилиб, Персейнинг римликларга қарши дипломатик кураши натижасиз тугалланади.
Шу билан биргаликда, римликлар Кичик Осиёдаги Геллеспонт масаласида Македония ва Пергам ўртасида ихтилоф чиқаришга муваффақ бўладилар. Айтиб ўтилган ҳудудни Македонияликлар тарафидан босиб олиниш хавфига қарши Пергам подшоси Эвмен Рим воситасида третей судига мурожаат қилади. Шахсан Римга келган Эвмен тантана билан кутиб олинади. Сенат фавқулодда мажлис чақирилиб, Пергам подшоси Эвмен Персейнинг ҳарбий тайёргарлиги ҳақида доклад қилади. Бу хабар учун миннатдорчилик сифатида Сенат Эвменни “энг яхши дўст” деб эълон қилади ва у билан иттифоқ тузади.
Эвмендан кўнгли қолган Персей у билан ёлланма қотил воситасида ҳисоб-китоб қилишни режалаштиради. У бир неча қотиллар ёллаб, Эвменни Римдан қайтаётганида Делфиядаги ибодатхонада ўлдиришни режалаштиради. Эвмен тор дарадан ўтаётганида унинг устига иккита харсанг отадилар, у ярадор бўладию, лекин ўлмай қолади. Натижада Персейнинг қаршисида икки душман пайдо бўлади: Рим ва Пергам. Тез орада бошланган Македония ва Рим ўртасидаги урушда Пергам римликлар тарафида туриб урушади.