PLC технологияси Замонавий шаҳарларнинг мавжуд инфраструктурасидан фойдаланувчи NGN кириш тизимларини ташкил этишнинг яна бир усули – бу маълумотларни узатиш кенг полосали тизимларини электр тармоқ асосида қуришдир. Ушбу технология Power Line Communication (PLC) ёки оддий PowerLine деб номланади.
Ушбу технология катта қизиқиш уйғотади, чунки электр тармоқлари барча замонавий шаҳарларда мавжуд. Замонавий инсон ҳаётини электр токисиз тасаввур қилиб бўлмайди, шунинг учун электр кабел тизими барча уй-жойларда мавжуд. PLC технологияси бу ҳолатда NGN кириш тизимини потенциал равишда одамлар яшайдиган барча жойларга кириб бориш имконини беради.
Шу билан бирга электр кабеллари орқали маълумотларни узатиш бошида экзотик усул сифатида қабул қилинди – мувофиқ техник ечимларни ривожлантириш йўлида ҳаддан ташқари кўп техник муаммолар. PLC технологияси етарли даражада мураккаб, унинг тақдири ўзгарувчандир. Уни бир неча марта уй ахборот тармоқларини ривожлантиришда марказий ўринга қўйишди. Кейин у эсдан чиқарилди. PLC нинг ривожланиши – бу тадқиқот ғалабалари ва стратегик бозор мағлубиятларининг кетма-кетлигидир.
PLC технологияси кириш тизимлари бозорига фақат 21-аср бошларида юқори самарадорликка эга бўлган рақамли сигнал процессорларининг пайдо бўлиши ва OFDM-модуляция (Orthogonal Frequency Division Multiplexing) каби модуляция усулларидан фойдаланиш билан пайдо бўлди ва NGN биринчи ўн йилликда ривожланиши билан ушбу технология кенг полосали кириш тармоқларининг жуда истиқболли ривожланиш йўли сифатида кўрилмоқда.
Бир неча йил один компютер саноати лидерлари HomePlug Alliance деб номланган ҳамкорлик ташкилотига асос солдилар. Аъзо компаниялар биргаликда илмий-тадқиқот ва амалий-синов ишларини ўтказиш, шунингдек, электр тармоғи тизимлари орқали маълумотларни узатишнинг ягона стандартларини қабул қилиш билан шуғулланадилар. Intellon фирмасининг PowerPacket технологияси PowerLine нинг прототипи бўлиб, у HomePlug 1.0 ягона стандартининг асосига қўйилган. Унда маълумотлар узатиш тезлиги 14 Мбит/с гача белгиланган бўлиб, PLC асосидаги тизимларни TriplePlay концепциясининг доминантлигида ҳам бутунлай рақобатбардош қилади. 2003-йилдан PLC технологиясининг ривожланиши NGN кенг полосали кириш тармоқларини яратиш йўналишида борди. Янги технология BPL (Broadband over Power Line) номини олиб, Америка ва Европа бозорларида биринчи синовлардан ўтди. BPL фойдаланувчилари маълумотларни узатишнинг юқори тезлигини таъкидладилар – 3 Мбит/с дан ортиқ, бунда ойлик абонент тўлови мавжуд кенг полосали ечимларга нисбатан кам бўлди. Кун тартибида электр таъминотини етказиб берувчилар ва коммуникацион компаниялар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масалалари очиқ қолди. IEEE да BPL учун стандарт ишлаб чиқилмоқда – IEEE 1675, унинг 2008-йилда қабул қилиниши кутилмоқда.
PLC тизимларининг ишлаш принципи асосида ADSL ва CATV технологиялари орқали таниш бўлган сигналларни частота бўйича ажратиш ва шоҳлантиргичлардан фойдаланиш ётади (5.16-расм). Юқори тезликдаги маълумотлар оқими бир неча паст тезликдаги оқимларга ажратилади ва улардан ҳар бири алоҳида частота билан узатилади, сўнгра барча оқимлар битта сигналга бирлаштирилади. 4...21 МГц диапазонда 84 та ташувчи частоталардан фойдаланиш симлар орқали оддий электр энергиясини узатишга таъсир кўрсатмайди, чунки электр токининг 50 Гц частотаси ва маълумотларни узатиш частотаси ўртасида катта фарқ бор. Шу тарзда, оддий электр тармоғи бир вақтда электр таъминотини ҳам, маълумотларни ҳам битта занжир (линия) орқали узата олади. Кам қувватли абонент электр ток тармоқлари (5.16-расмда – LV тармоқлари) ёки ўрта қувватли тақсимлагич тармоқлар (5.16-расмда MV тармоқлари) билан ишлайдиган PLC қурилмалари мавжуд. Шохлантиргичлар ва биринчи турдаги қурилмалар абонентлар хонадонларида, иккинчи тур қурилмалари эса – тақсимлагич тармоқларнинг тугунлари (трансформатор буткалари, электр узатиш столбалари ва ҳ.к.) да ўрнатилиб, у ерда маълумотларни узатиш сигнали регенерация қилинади.