«Корхонанинг мувофиқлик коэффициентини аниқлаш» мавзуси бўйича ТАЯНЧ ИБОРАЛАР
Даромад
Харажат
Ўзгарувчан харажат
Ўзгармас харажат
Фойда
Маржинал фойда
Мувофиқлик коэффиценти
2-МАВЗУ. ЛОЙИҲА ТАҲЛИЛИНИНГ ПРЕДМЕТИ
ВА МЕТОДИ
Режа:
Лойиҳа таҳлилининг предмети ва объекти
Лойиҳа таҳлилининг методи.
Лойиҳа таҳлилида қўлланиладиган асосий услублар.
Лойиҳа таҳлили фанининг бошқа фанлар билан алоқаси
1. Лойиҳа таҳлилининг предмети
Ҳар бир фан мустақил фан сифатида тан олинадиган бўлса унинг ўзига хос предмети ва методи бўлиши лозим. Предмет сўзига «Ўзбек тилини изоҳли луғати»да (1981 йил) «айрим ўқув фанини ташкил этган билимлар мажмуи» деб изоҳ берилган. Агар «Лойиҳа таҳлили» фанининг предметини аниқлашда шу тушунчадан келиб чиқадиган бўлса, унга қуйидагича, яъни «Лойиҳа таҳлилининг предмети деганда шу фанни ташкил этган билимлар мажмуи тушунилади» деган қоида билан чекланиш мумкин эди. Аммо бу билан мазкур фаннинг ўзига хос хусусияти, нима устида бахс юритиши аниқ очиб берилмайди.
Умуман олганда фанлар табиат, жамият ва инсон тафаккурида содир бўлган, бўлаётган ва бўладиган жараёнларни ўргатади. Табиатда содир бўлган жараёнларни ўргатадиган фанлар табиий фанлар деб юритилса, жамиятда содир бўладиган жараёнлар жамиятшуносликка оид фанлардир. Шу биргина жамиятнинг ўзида ҳам сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий соҳалар ҳам борки уларнинг ҳам ҳар бир соҳасини ўзига хос фанлар ўргатади.
Иқтисодий жараёнлар ҳам турлича. Шу туфайли бу соҳани ўргатадиган фанлар ҳам хилма-хил. Агар иқтисодиётнинг объекти бўйича қарайдиган бўлсак оила иқтисодиёти, корхона иқтисодиёти, худудий иқтисодиёт, мамлакат иқтисодиёти, жаҳон иқтисодиёти каби фанларнинг мавжудлигини тақозо қилади.
Бу муаммога тармоқ нуқтаи назаридан қаралса унда саноат иқтисодиёти, қишлоқ хўжалик иқтисодиёти, қурилиш иқтисодиёти, транспорт иқтисодиёти, тадбиркорлик иқтисодиёти каби фанларнинг мавжудлигини кўрамиз.
Бундай мушоҳадани исталганча давом эттириш мумкин. Аммо ўқувчилар жамият, табиат ва инсон тафаккури қанчалик кенг бўлса, уларни ўрганадиган фанлар ҳам шунчалик кўп ва рангбаранг эканлиги тўғрисида хулосага келиши учун юқоридаги мисоллар етарли деб ўйлаймиз.
Лойиҳа таҳлили ҳам иқтисодий фанлар туркумига киради. Демак, унинг предмети иқтисодиётда содир бўлган иқтисодий жараёнлар бўлиши табиий. Аммо иқтисодиётга оид фанлар ҳам жуда кўп. Шу учун ушбу фаннинг ўзига хос предметини аниқлашни тақозо қилади. Албатта, ҳар қандай фаннинг предметини аниқлаш унча осон иш эмас. У жуда мураккаб жараён, чунки иқтисодиёт ўзи бир яхлит организм. Ундаги содир бўлган ва бўладиган иқтисодий жараёнлар ҳам бир-бири билан узвий боғлиқ. Шу туфайли ундан алоҳида қисмини ажратиб олиш қийин. Айнан, иқтисодий фанларнинг ҳам предметини аниқлашда худди шундай қийинчиликларга дуч келиш мумкин.
Лойиҳа таҳлилининг предметини тўлиқ ва атрофлича аниқлаш учун у нимани ўрганишини, бунда нимага асосланишини атрофлича кўриб чиқиш лозим. Бизнинг фикримизча лойиҳа таҳлилида:
инвестициянинг шаклланиши;
ундан фойдаланиш жараёни
натижаси ўрганилади.
Ўрганиш жараёнида эса бир қанча усуллар ва тадқиқотлар қўлланилади. Бундан ташқари мазкур фан асосан иқтисодиётнинг микро даражасидаги объектларда содир бўладиган инвестиция билан боғлиқ бўлган иқтисодий жараёнларни ўргатади. Демак, ушбу назарий хулосалардан келиб чиқиб лойиҳа таҳлилининг предметига қуйидагича таъриф бериш мумкин.
Лойиҳа таҳлилининг предмети деганда микроиқтисодиёт даражасида содир бўладиган инвестиция билан боғлиқ иқтисодий жараёнларнинг самарали усулларини танлаб олишга қаратилган тадқиқотлар мажмуаси тушунилади.
Фаннинг объекти деганда шу фанда ўрганиладиган жараён қаерда содир бўлиши тушунилади.
Лойиҳа таҳлилининг объекти турли мулк шаклига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг инвестиция билан боғлиқ иқтисодий ишлар режаси, истиқболини белгиловчи кўрсаткичларидир. Буларга корхоналар, бирлашмалар, акциядорлик жамиятлари, фирмалар, хусусий, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғилланувчи жисмоний ва бошқа ҳуқуқий шахслар киради.
Шуни таъкидлаш жоизки фаннинг предмети унда нимани ўрганишини тушунтирса, объекти унинг қаерда содир бўлишини ифодалайди. Шу жиҳатдан улар бир-биридан фарқ қилади. Ушбу пораграфда лойиҳа таҳлилининг предмети ва объектини кўриб чиқдик. Бу албатта, муаллифнинг фикрлари. Келажакда ушбу ҳолатлар, тушунчалар олимларнинг ҳамкорлигида кенгаяди, такомиллашади, деган умиддамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |