14-модда. Илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш
Илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш узлуксиз таълим тизимида олий босқич ҳисобланиб, шахс ва жамият эҳтиёжларини, шунингдек жамиятнинг бундай кадрларга бўлган талаб-эҳтиёжини қондиришни таъминлайди.
Илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш, илмий даражалар, унвонлар бериш тартиби қонунлар билан белгиланади.
Олий таълим тизимидаги илмий фаолият шартномалар, контрактлар, давлат буюртмалари, дастурлари, лойиҳалари бўйича, шунингдек ўз илмий манфаатларига мувофиқ илмий жамоалар, айрим муассасалар томонидан амалга оширилади. Шу мақсадда илмий, илмий-ишлаб чиқариш бўлинмалари, бирлашмалари, уюшмалари, талаба ёшларнинг илмий-техника ижодиёти марказлари бошқа тузилмалар тузилади.
[ОКОЗ:
1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.16.00 Педагог кадрлар. Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш]
15-модда. Кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш
Кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ижтимоий ривожланиш, фан-техника тараққиёти талабларига, ишлаб чиқаришдаги, меҳнат бозоридаги ўзгаришларга мувофиқ равишда, шунингдек одамларнинг шахсий талаб-эхтиёжларини ҳисобга олиб, касбий билим ҳамда кўникмаларини ўзлаштириш ва бойитиш, шунингдек янги ихтисос ўргатиш мақсадида амалга оширилади.
Кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни кайта тайёрлаш давлат маблағлари хисобидан, шунингдек корхоналар, муассасалар ташкилотлар, айрим шахслар билан шартномалар асосида давлат тасарруфидаги ва бошқа хил ўқув юртлари базасида амалга оширилади. Таълимнинг шакллари, муддатлари ва мазмуни буюртмачи билан келишилган ҳолда ўқув юртлари томонидан белгиланади.
[ОКОЗ:
1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.13.00 Таълимнинг бошқа турлари. Қўшимча (мактабдан ташқари) таълим]
16-модда. Оиладаги таълим
Ота-оналар ва оиланинг бошқа аъзолари шахснинг жисмоний, маънавий ҳолати ва ақл-заковат жиҳатидан ривожланишига асос солишлари лозим.
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар боланинг маълумотни оилада олиши учун имконият яратиб беришга ҳақлидирлар. Бундай ҳолларда ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан таълим муассасаси, таълимни бошқарувчи тегишли идора ўртасида шартнома тузилиб, унда бола, оила ва жамиятнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда томонларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа мажбуриятлари белгилаб қўйилади.
Болаларга уй шароитларида таълим бериш ўқув юртларининг дастурлари бўйича амалга оширилиб, кейинчалик экстернат тартибида аттестациядан ўтказилади.
Оилада таълим олаётган шахслар тегишли аттестациядан ўтгач, таълимни исталган босқичидан бошлаб ўқишни таълим муассасасида давом эттиришга ҳақлидирлар.
Давлат оиладаги таълимга ёрдам кўрсатади. Тегишли давлат муассасалари томонидан қонунларда белгиланган тартибда методик, диагностик, маслаҳат ёрдами берилади. Қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда оилага компенсация тўланиши мумкин.
[ОКОЗ:
1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.13.00 Таълимнинг бошқа турлари. Қўшимча (мактабдан ташқари) таълим]
Do'stlaringiz bilan baham: |