1-БЎЛИМ. БОШҚАРУВ ҲИСОБИНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ.
1-МАЪРУЗА. БОШҚАРУВ ҲИСОБИНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ.
Режа
Бошқарув ҳисобининг моҳияти ва унинг элементлари
Бошқарув ҳисобининг молиявий ҳисоб билан алоқалари ва фарқли жиҳатлари
Бошқарув ҳисобининг корхона менежмент тизимида тутган ўрни.
1-савол. Бошқарув ҳисобининг моҳияти ва унинг элементлари.
Замонавий бухгалтерия ҳисоби тизимининг таркибий қисмларига молиявий ҳисоб ва бошқарув ҳисоби киради.
Молиявий ҳисоб бу бухгалтерия ҳисобига оид Қонун ва ҳисоб тамойиллари асосида юритиладиган ва асосан корхонанинг молиявий ҳолати билан боғлиқ ахборотларни шакллантирадиган тизим ҳисобланади. Молиявий ҳисобнинг асосий хоридорлари ташқи ахборот фойдаланувчилар (мулкдорлар, сармоядорлар, кредиторлар, ҳукумат органлари ва бошқа фойдаланувчилар) ҳисобланади. Корхонани самарали бошқариш учун менежерларга объектив, сифатли ва ўз вақтида тақдим қилинадиган ахборотлар зарур. Молиявий ҳисоб ахборотлари бу талабни қондириш учун етарли эмас.
Менежерларни бажарилаётган жараёнлар тўғрисида тезкор ахборотларни олишда ва бошқариш қарорларини қабул қилишда зарур ахборотлар билан таъминлашда бошқарув ҳисоби муҳим рол ўйнайди. Бошқарув ҳисоби – бу мавжуд объектларни бошқариш учун зарур бўлган ахборотларни идентификациялаш, ўлчаш, тўплаш, тизимлаштириш, таҳлил ва интерпритациялаш ҳамда узатишдир.
Хасанов Б.А. бошқарув ҳисобига оид адабиётларни таҳлил қилиш асосида қуйидаги таърифни келтирган: “Бошқарув ҳисоби – бу корхона ва унинг турли бўғинларидаги таркибий тузилмаларнинг фаолиятлари юзасидан тактик ва стратегик бошқарув қарорларини қабул қилиш учун харажатлар ва даромадлар тўғрисида ахборотларни тақдим қилувчи ички хўжалик ҳисобининг синтетик тизимидир”1 (42-бет).
Буюк Британиядаги СIMA ташкилоти бошқарув ҳисоби бўйича профессионал ташкилот ҳисобланади. Ушбу институт томонидан тайёрланган менежментлик бухгалтерия ҳисоби бўйича луғатда менежментлик бухгалтерия ҳисобининг қуйидаги элементлари келтирилган: “1) стратегик режалаштириш; 2) молиявий менежмент; 3) операциялар назорати учун ахборотлар (таннарх бухгалтерия ҳисоби\бюджетлаштириш); 4) стюардесли ҳисобот (молиявий бухгалтерия ҳисоби) (stewardship reporting); 5) қарорлар таянчи; 6) ички аудит”2 (1-бет).
Б.Хасанов бошқарув ҳисобининг элементларига ички сегментар ҳисоб, трансферт баҳосини шакллантириш, истеъмол бозорлари жараёнларини ҳам киритган.
Яхлит бухгалтерия ҳисоби тизимини ташкил этувчи бошқарув бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бухгалтерия ҳисобининг таркибий элементлари ва улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни, бизнингча, маълум мазмунда акс эттириш мумкин (1.1-чизма).
Келтирилган чизмадан кўриниб турибдики, бизнингча, қуйидагилар бошқарув бухгалтерия ҳисобининг таркибий элементлари бўлиб, ҳисобланиши лозим: стратегик режалаштириш, бюджетлаштириш, ички аудит ва қарорларни қабул қилиш.
Молиявий бухгалтерия ҳисоби таркибига эса, умумий бухгалтерия, солиқлар ҳисоби ва стюардесли ҳисоботни киритиш лозим. 1.1-чизмада таннарх бухгалтерия ҳисоби ва молиявий менежментнинг иккаласига ҳам оидлиги кўрсатилган.
Бир бутун бухгалтерия ҳисоби тизимини ташкил этувчи бошқарув бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бухгалтерия ҳисоби ўртасида қатъий чегараларни белгилаш, бизнингча мақсадга мувофиқ эмас. Фақат, улар айрим белгилари бўйича бир-биридан фарқланиши мумкин. Чунки, уларнинг ҳар иккаласи ҳам пировард натижада фойдаланувчиларнинг ахборотларга бўлган талабларини қондиришга хизмат қилади.
Бошқарув ва молиявий бухгалтерия ҳисобларининг ҳар бир элементи ўзининг моҳиятига эга ва маълум мақсадларга хизмат қилади. Жумладан, стратегик режалаштириш ва бюджетлаштириш қўйилган мақсадларга эришиш учун фаолиятнинг узоқ ва қисқа муддатли режаларини тайёрлашни қамраб олади. Таннарх ҳисоби маҳсулот (иш, хизмат)лар таннархининг шаклланиши, молиявий менежмент эса оптимал молиялаштириш, асосий ва ишчи капиталини самарали бошқариш билан бевосита қизиқади. Стюардесли ҳисобот молиявий бухгалтерия ҳисобининг ташқи фойдаланувчилар учун асосий маҳсули ҳисобланган молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим қилиш воситаси сифатида намоён бўлади. Бошқарув бухгалтерия ҳисоби ахборотлари ички қарорлар таянчи ҳисобланади, ички аудит ёрдамида бирликнинг операциялари ва бошқарув фаолиятининг адекватлиги ва самарадорлиги назорат қилинади. Шуни таъкидлаш лозимки, бошқарув ва молиявий бухгалтерия ҳисобларининг элементлари бир-биридан ажралган ҳолда амал қилмайди, балким бир-бири билан узвий алоқада бўлади ва бир бирини тўлдириб туради. Таннарх ҳисоби (cost accounting) менежментлик ва молиявий бухгалтерия ҳисоби учун ҳам база бўлиб хизмат қилади, стратегик режалаштириш ва молиявий менежмент бевосита таннарх ҳисоби ва стюардесли ҳисоботларнинг ахборотларига таянади. Стратегик режалаштириш, бюджетлаштириш, таннарх ҳисоби, солиқлар ҳисоби, молиявий менежмент, ички аудит ва умумий бухгалтериянинг бошқа маълумотлари қарорлар қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Демак, бухгалтерия ҳисоби шундай бир тизим бўлиб шаклланиши керакки, унинг таркибий қисмлари, ушбу қисмларга кирувчи элементлар бир-бири билан узвий боғланган бўлиши лозим деган хулосага келиш мумкин. Бошқарув ҳисобининг ҳар бир элементи ўзининг моҳиятига эга ва маълум мақсадларга хизмат қилади. Жумладан, статегик режалаштириш – бу мақсадларга эришиш учун фаолиятнинг узоқ муддатли режаларини тайёрлашни қамраб олади. Бюджетлаштириш фаолиятнинг қисқа муддатли режаларини тайёрлаш, тақдим қилиш ва назорат қилишни ўз ичига олади. Таннарх ҳисоби эса маҳсулот (иш, хизмат)лар таннархини шаклланиш жараёни ва калкуляциясига доир ахборотларни тўплайди, қайта ишлайди ва интерпритацияси билан шуғулланади. Менежмент маслаҳат хизмати эса, объектларни самарали бошқариш бўйича маслаҳатлар тақдим қилади. Молиявий менежмент эса оптимал молиялаштириш, асосий ва ишчи капиталидан самарали бошқариш билан қизиқади. Бошқарув ҳисобининг қарорлар таянчи ва ички аудит таркибий қисмлари юқорида қайд қилинган элементлар устига қурилади. Қарорлар таянчи орқали менежмент қарорларига таянч бўладиган ахборотлар оқими тайёрланади. Ички аудит ёрдамида бирликнинг операциялар ва менежмент фаолиятининг адекватлиги ва самарадорлиги тўғрисида текшириш ва назорат ўтказилади. Шуни таъкидлаш лозимки, бошқарув ҳисобининг элементлари бир-биридан ажралган ҳолда амал қилмайди, балким бир-бири билан узвий алоқада бўлади ва бир-бирини тўлдириб туради.
Бошқарув ҳисобининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради (Дарслик, 34-бет):
1) Раҳбарларни ишлаб чиқариш ва корхона фаолиятини бошқариш учун зарур фойдали маълумотлар билан таъминлаш;
2) корхонанинг келажаги ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича перспектив қарорлар қабул қилиш учун маълумотлар тизимини шакллантириш ва раҳбарларни шу маълумотлар билан таъминлаш;
3) ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ҳисоблаш, белгиланган меъёр, мезон ва сметалардан четланишларни аниқлаш, уларни кўрсатиб бериш;
4) корхонанинг молиявий-хўжалик фаолиятини, молиявий қуйилмаларни, янги технологияларни жорий қилишни режалаштириш, режаларнинг бажарилишини назорат қилиш.
Ушбу вазифаларнинг ҳал қилиниши бошқарув ҳисобини тўғри ташкил қилинганлигига асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |