Оммавий тартибсизликлар қатнашчиси томонидан содир этилган номусга тегиш ЖК 118-моддаси 3-қисмининг “в” банди бўйича қуйидаги ҳолларда квалификация қилинади: t агар номусга тегиш оммавий тартибсизликлар жараёнида содир этилган бўлса;
t номусга тегиш мазкур тартибсизликлар келиб чиққан жойда содир этилганда;
t оммавий тартибсизликлар иштирокчиси бўлган шахслар томонидан содир этилганда.
Номусга тегиш оммавий тартибсизликларнинг бевосита ташкилотчиси ёки фаол иштирокчиси томонидан содир этилганда уларнинг қилмишларини ЖК 118-моддаси 3-қисмининг “в” банди ва ЖК 244-моддаси билан жиноятлар мажмуи тарзида квалификация қилинади.
Ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган номусга тегиш ЖК 118-моддаси 3-қисмининг “г” банди бўйича квалификация қилинади. Номусга тегишни ўта хавфли рецидивист томонидан амалга оширилган деб баҳолаш учун айбдор номусга тегиш жиноятини содир этгунига қадар қонун бўйича ўта хавфли рецидивист деб топилганлигини аниқлаб олиш зарур.
Оғир оқибатларга олиб келган номусга тегиш учун жавобгарлик ЖК 118-моддаси 3-қисмининг “д” бандида назарда тутилган. Номусга тегишнинг оғир оқибатлари деб, жабрланувчининг номусига тегиш туфайли келиб чиққан ўлими ёки ўзини ўзи ўлдириши, унинг руҳий ҳолатининг издан чиқиши ёхуд жабрланувчига ЖК 104-моддасида назарда тутилган бошқа оқибатларни етказиш ёхуд ўзидаги ОИТС касаллигини била туриб жабрланувчига юқтириш ҳолатлари тааллуқлидир.
Эҳтиётсизлик туфайли ўлимга олиб келган номусга тегишни оғир оқибатларга олиб келган номусга тегиш сифатида ЖК 118-моддаси 3-қисмининг “д” банди бўйича квалификация қилиш зарур ва бу ЖК 102-моддасининг талабларига кўра қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
Жабрланувчининг дефлорацияланиши (қизлик пардасининг бузилиши) ёхуд унинг ҳомиладор бўлиб қолиши оғир оқибатлар деб топилмайди. Барча ҳолатларда жабрланувчи учун келиб чиққан оғир оқибатлар унга нисбатан зўрлик ишлатилиб, жинсий алоқа қилинганлиги билан сабабий боғланишда бўлганлиги ва унинг натижаси эканлигини аниқлаб олиш керак. Бундай боғланишни белгиламасдан номусга тегишни ЖК 118-моддаси 3-қисмининг “д” бандида кўзда тутилган белги билан квалификация қилиб бўлмайди.
Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш зўравонлик қилувчи жабрланувчининг ўн тўрт ёшга тўлмаганлигини олдиндан билган ҳолатлардагина ЖК 118-моддасининг 4-қисми бўйича квалификация қилинади. Агар жиноятчи жабрланувчининг ёшини ҳақиқатдан ҳам билмаган бўлса, у ҳолда бу қилмиш ЖК 118-моддасининг 1-қисми бўйича, ёки айбдор жабрланувчи ўн саккиз ёшга тўлмаган деб ҳисоблаган бўлса, ЖК 118-моддаси 3-қисми “а” билан квалификация қилинади.