7– амалий машғулот.
Мавзу. Уруғчи - гинецейнинг микроскопик тузилиши. Чангчи ва чангдонинг тузилиши.
1. Керакли материаллар: янги ёки фиксирланган сабзи, кунгабоқар, ғўза, ловия, лола, бангидевона, тол гуллари, тайёр ҳолдаги микропрепаратлар, лупа ва қўшимча иш қуроллари.
Ишни бажариш тартиби. Уруғчининг морфологик тузилишини ўрганишда у гулнинг бошқа қисмларидан ажратиб олинади ва лупа билан кўриб анализ қилинади. Янги ёки 65% ли спиртда фиксирланган гулнинг уруғчасини олиб, ундан кўндаланг кесим олинади. Уни микроскопда кўриб, анатомик тузилишига эътибор берилади.
Гулнинг асосий қисмларидан бири бўлган уруғчилар йиғиндиси гинецей деб аталади. Гинецей гулнинг марказий қисмида жойлашган бўлиб, уларнинг сони битта ёки бир неча бўлиши мумкин. Типик уруғчи уч қисмдан: тумшуқча, устунча ва тугунчадан ташкил топган. Тумшуқча устунчанинг учки қисми бўлиб, бир оз кенгайган кўринишга эга. Ўзидан шилимшиқ модда ажратади ва унга тушган чангларни тутиб қолиш функциясини бажаради. Устунча ип шаклида бўлиб, остки қисми тугунча билан туташган. Баъзи ўсимликларда уруғчи устунчаси қисқариб, ўтроқ ҳолда бўлади. Тугунча уруғчининг асосий қисми хисобланади ва битта ёки кўплаб уруғкуртак ҳосил қилади.
Морфологик тузилишига кўра, гинецей апокарп ва ценокарп бўлади. Апокарп гинецейлар туташиб кетмасдан уруғчилари алоҳида-алохида жойлащади. Бу хол айиқтовондошларда учрайди.
Ценокарп гинецейлар пастдан юкорига қараб ўзаро туташиб ўсади. Масалан, чиннигулдошларда уруғчининг фақат тугунчаси туташган бўлса, лабгулдошлар, мураккабгулдошларда тугунчадан ташқари, устунча ва тумшуқча қисмлари ҳам туташиб кетган.
Гул тугунчаси бир, икки ва кўп хонали бўлади. Тугунчанинг кўндаланг кесигидан тайёрланган ёки тайёр препаратни микроскопда кўриб ўрганамиз. Бунда аввал кичик объективда қараб, объектнинг умумий кўриниши белгилаб олинади. Кейин катта объективда қараб уруғ муртагининг тузилишига эътибор берилади. Уруғ муртагининг марказий қисмида нуцеллус жойлашган бўлиб, унинг устидан ўраб турган икки қават интегумент аниқлаб олинади. Интегументнинг учки қисмидаги чанг йули микропиле деб аталади. Нуцеллуснинг туб қисми халаза дейилади. Нуцеллусдан ичкарида тиниқ ялтироқ қисмда муртак халтачаси жойлашган. Муртак халтачасида уруғланиш олдидан еттита ҳужайра бўлади. Бўлардан учтаси микропиле найчаси томонда жойлашади, битта йириги тухум хужайра, иккита майдаси синергид дейилади. Халаза томонида учта майда ҳужайра бўлиб, улар антипод деб аталади. Муртак халтачасининг ўрта қисмида марказий диплоид ядро жойлашган. Қолган хужайралар ядроси гаплоиддир.
Ўсимликлар гули чанглангандан кейин мева тугади. Чангланиш икки хил: ўз-ўзидан чангланиш ва четдан чангланиш бўлади.
Гул чангининг доначалари ўз уруғчиси тумшукчасига тушиб ўрнашиб қолишга ўз-ўзидан чангланиш деб айтилади. Четдан чангланишда уруғчининг тумшукчасига бошқа бар гулиинг чанги тушиб ривожланиш процесси тушунилади.
Ўз-ўзидан чангланиш натижасида ҳосил бўлган бўғиннниг ўзгарувчанлиги ва мосланувчанлиги бирмунча заиф бўлиб, худди жонсиз кўпайиш окибатида ҳосил бўладиган организмларга ўхшаб кетади. Четдан чангланишда эса жинсий гаметалар хар хил гулда ва ўсимликларда етилган бўлади. Шунинг учун четдан чангланиш натижасида ҳосил бўлган насл биологик жихатдан бирмунча афзалликка эга бўлади. Чунончи, ирсий жиҳатдан бакувват, ҳаётчан, яъни индивидуал ўзгарувчанлиги кучли бўлади. Ёввойи ҳолда усувчи кўпгина ўсимликлар четдан чангланиб кўпайишга мослашган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |