Кредитни режанинг бажарилганлигига қараб бериш тамойили. Бу тамойилнинг моҳияти шунда эдики, банк кредитларининг умумий ҳажми ва шакллари банкларнинг кредит режалари асосида ўрнатилар эди. Бунда корхона ва ташкилотларга бериладиган кредитлар уларнинг ишлаб чиқариш режаларини бажаришларига қараб берилар эди. Ундан ташқари, кредит ҳажми бўйича муайян режа тузилар ва шу режага асосан кредит берилиши, унинг ҳажми ва шакли белгиларди ва бу банк томонидан бошқарилар эди.
Бу тамойилга асосан, кредит режасида кўзда тутилган банк ссудалари квартал ёки ойига бир марта эмас, балки товар-моддий бойликларини яратиш жараёнига ва уларни ишлаб чиқариш мақсадларига сарфлаш ёки сотишнинг маълум босқичларида банк томонидан ўрнатилган миқдорда берилар эди.
Дифференциялаштириш (кредитлашда ҳар хил ёндашиш) тамойили. Бу тамойил ижтимоий зарурий меъёрларга мос ҳолда ишлаб чиқариш ва маҳсулотни реализация қилиш асосида корхона ва ташкилотларнинг қандай молиявий натижага эришганлигига қараб белгиланган. Хўжалик фаолиятининг натижаларига қараб корхоналар «яхши ишлайдиган» ва «ёмон ишлайдиган» корхоналарга бўлиб кредитланган. Бу тамойилга асосан ижобий молиявий натижаларга эришган корхона ва ташкилотларга кредитлаш жараёнида маьлум енгилликлар берилган. Корхоналарда молиявий қийинчиликлар бўлганда ишчиларга иш ҳақи тўлаш учун ёки бошқа тўловларни амалга ошириш учун кредитлар берилган. Ундан ташқари, яхши ишлайдиган корхоналарга енгил шароитда кредитлар берилган, масалан, кредитнинг фоиз ставкаси камайтирилган, корхона учун зарур бўлганда кредитнинг муддати узайтирилган ва ҳоказо.
Агар корхона ишлаб чиқариш режасини бажармаса ёки банкдан олинган кредитлар бўйича ўз мажбуриятларини вақтида амалга оширмаса, бундай корхона ёмон ишловчи корхоналар қаторига киритилган ва банк томонидан бундай корхоналарга иқтисодий чоралар қўлланилган. Ёмон ишловчи корхоналарга кредитлашда банк қаттиқ ёндашган, яъни кредитларни жуда қисқа муддатга, юқори фоиз ставкалари бўйича берган. Баъзида банк олдиндан берган кредитларини муддатидан илгари ундириб олган, корхона юқори ташкилотининг кафолати асосида кредит берган ёки баъзи ҳолларда кредит беришни умуман тўхтатиб қўйган.
Бозор иқтисодиёти шароитида бу тамойилларнинг барчаси ҳам ўринли бўлмаслиги мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, кредитнинг функциялари ва тамойилларини тўлақонли амал қилишига қатор омиллар таъсир этади. Мазкур омиллар мамлакат банк тизимининг ҳолати, миллий иқтисодиётдаги ижтимоий – иқтисодий муносабатлари, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати натижалари сифатида намоён бўлади. Бозор иқтисодиёти шароитида айнан шу муносабат ва сиёсатларни самарали жараёнларини таъминланганлиги кредит функциялари ва тамойилларида ўз аксини топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |