Таянч сўз ва иборалар
Ипотека кредити, фоиз сиёсати, кредит, фойда, резерв, лизинг, молиявий лизинг, оператив лизинг, рентинг, хайринг, лизинг олувчи, лизинг берувчи. лизинг тўловлари суммаси, миллий лизинг, халқаро лизинг.
Ўзини – ўзи текшириш учун саволлар
1. Инвестиция фаолиятида ипотека кредитининг моҳияти
2. Кредитни расмийлаштириш тартиби қандай амалга оширилади?
3. Инвестиция фаолиятини кредитлашда фоиз сиёсати
4. Лизинг деганда нимани тушунасиз?
5. Молиявий лизингни ўзига хос хусусиятлари
6. Оператив лизингдан қандай ҳолатларда фойдаланилади?
7. Халқаро амалиётда лизингни қандай турлари мавжуд?
8. “Лизинг тўгрисида”ги қонун қачон қабул қилинган?
9. Лизинг тўловларини амалга ошириш тартиби
10. Халқаро молиявий лизингни иқтисодиётни модернизациялашдаги ўрни.
13 – МАВЗУ: ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЛОЙИҲАВИЙ МОЛИЯЛАШТИРИШ
РЕЖА:
Инвестицияларни лойиҳавий молиялаштиришнинг мазмуни ва моҳияти
Лойиҳавий молиялаштиришнинг асосий иштирокчилари ва уларнинг функциялари, лойиҳавий молиялаштириш турлари
Инвестицияларни лойиҳавий молиялаштиришни ташкил этиш
Инвестиция лойиҳаларини синдикатли кредитлаш хусусиятлари
1 – савол баёни: Лойиҳавий молиялаштириш мазмунини ўрганишда баъзи иқтисодчи-олимларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Россиялик иқтисодчи – олим И.Мазурнинг “Управление проектами” китобида: “лойиҳавий молиялаштириш – бу инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида молиявий ресурсларни кредит кўринишида тақдим этишдир”, деб таъриф берилган. Бу ерда, кредит қарз олувчига нисбатан ҳеч қандай регрессиз, чекланган ёки тўлиқ регрессли бўлиши мумкин, деб ёзилган. Д.Морозов асарларида эса “лойиҳавий молиялаштириш – бу лойиҳани турли шаклларда кредитлашдир, бунда кредитларнинг қайтарилиши таъминоти лойиҳадан келадиган даромадлардир”, деган фикр илгари сурилган. Ўзбекистонлик иқтисодчи-олим Д.Ғозибековнинг мулоҳазаларига кўра, “лойиҳавий молиялаштириш ўзининг мураккаб молиявий муносабатлари билан (синдикатлаштирилган кредит ёки қарз беришда кўп томонларнинг қатнашиши) кредиторга моддий кафолатлар бериш, лойиҳалар эвазига ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш бўйича узоқ муддатли шартномалар асосида молиялаштиришдир”. Бундан ташқари, Д.Ғозибеков асарларида лойиҳага киритилган қарз маблағларининг қопланиши манбаи лойиҳа ишга тушганидан сўнг олинадиган даромадлар ҳисобланиши таъкидлаб ўтилган.
Ҳақиқатдан ҳам инвестицияларни лойиҳавий молиялаштириш – молиялаштиришнинг энг тараққий этган замонавий шаклларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шу боис ҳам у бой мазмунга эга. Айтиш жоизки, лойиҳавий молиялаштириш – лойиҳа бўйича асосий воситаларни сотиб олишни, ташкил этишни ёки қурилишни молиялаштириш бўлиб, унда кредитор асосан қуйидагиларга эътибор беради:
- кредитни қайтариш манбаси сифатида, лойиҳани татбиқ этиш натижаси бўйича олинадиган соф пул оқимига (маблағларнинг қайтиш даражасига);
- лойиҳани молиялаштириш учун берилган кредитнинг хавфсиз қайтишини таъминлайдиган манбасига, яъни мижознинг қобилиятига гаров, кафолат ва бошқа таъминотларга”. Лойиҳавий молиялаштириш мазмуни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг йўриқномаларида қуйидагича изоҳланади: “лойиҳавий молиялаштириш – бу банк томонидан кредитни бериш, баҳолаш ва мониторингини олиб бориш жараёни бўлиб, бунда кредит ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларининг нормал ишлаши учун қурилиш, қайта таъмирлаш ёки техник қайта қуроллантириш, шу жумладан, асбоб-ускунани сотиб олиш ёки асосий фондларни ташкил этиш ҳамда ишчи капитални сотиб олишга йўналтирилади”.
Лойиҳани амалга ошириш орқали кўрилган қўшимча даромад кредитни қайтаришнинг асосий манбаи бўлиб ҳисобланади. Агарда лойиҳани амалга ошириш орқали қўшимча даромад олинмаса ёки лойиҳа бўйича ишлаб чиқаришни модернизациялаш орқали иқтисодга эришилмаса, бундай молиялаштиришни лойиҳавий молиялаштириш деб бўлмади, у бизнес-режа асосида амалга ошириладиган молиялаштириш ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |