3 – савол баёни: Инвестиция муҳитини яхшилашдан мақсад инвестиция салоҳиятини ошириш учун зарур ва мақбул шарт-шароитларни яратишдан иборат. Инвестиция салоҳияти деганда иқтисодий фаолиятда ишлатиладиган (фойдаланиладиган) ишлаб чиқариш захиралари, қувватлари, кучлари, имкониятлари кабилардан иборат ресурслар йиғиндиси тушунилади. Инвестиция салоҳияти фойда олиш ёки ижобий ижтимоий самарага эришиш мақсадида узоқ муддат фойдаланиладиган активларга маблағ киритиш (қўйиш) имкониятлари даражасини характерлайди.
Инвестиция салоҳияти – мамлакатда асрлар давомида шаклланган бир қанча омиллар йиғиндисини тавсифлайди. Бу омиллар ишлаб чиқариш омиллари, табиий ресурс омиллари, меҳнат омиллари, инновация ва истеъмол омиллари ҳамда мамлакатнинг молиявий салоҳияти кабиларни қамраб олади (8.2-расм).
8.2-расм. Инвестиция салоҳияти омиллари
Табиий салоҳият табиий ресурслар миқдори ва сифати, мамлакатнинг иқлими, табиий-географик шарт-шароитларини ўз ичига олади. Табиий ресурс омиллари64 ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришда муҳим ўрин тутади ва қуйидагиларни қамраб олади: минерал ресурслар (фойдали қазилмалар); агромуҳит шарт-шароитлари; эр ва сув ресурслари; ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ва бошқалар.
Меҳнат салоҳияти иқтисодий фаол аҳоли сони, ёши, аҳолининг билим даражаси кабиларни характерлайди. Шунингдек, ишлаб чиқаришга лаёқатли, билим, малака, маҳоратга эга бўлган кишилардан иборат бўлса, интеллектуал салоҳият жамият аъзоларининг илмий, маърифий, маънавий, интеллектуал салоҳиятини кўрсатади. Қоида тарзида, хорижий инвесторларни малакали иш кучи ва арзон иш ҳақи тўланадиган ҳудудлар жалб қилади.
Ишлаб чиқариш салоҳияти мамлакатдаги мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари, ишлаб чиқариш воситалари, иқтисодиёт таркиби, қазиб олувчи, қайта ишловчи саноат тармоқлари, муваффақиятли амалга оширилган инвестиция лойиҳалари сони (қўшма корхоналар томонидан амалга оширилган инвестиция лойиҳаларини ҳам қўшган ҳолда), кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиш ҳолати ва бошқаларни ифодалайди.
Техника-технология салоҳияти мамлакатдаги машина-механизмлар миқдори, уларнинг таркиби, технологик тизим кабилардан иборат бўлиб, у фан ютуқлари ва уларнинг қай даражада татбиқ этилиши билан боғлиқ.
Инновация салоҳияти мамлакатдаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари, техника ва технологияларнинг янгиланиш даражаси (янги авлоди), миллий ишлаб чиқаришдаги янгиликлар, кашфиётларни характерлайди.
Истеъмол салоҳияти инвесторлар томонидан мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ички бозорда қанча улиши сотилиш, шу асосда талабни ўрганиш, рақобатчилар ва аҳолининг даромадлари даражаси сифатида қаралади.
Молиявий салоҳият ушбу мамлакатнинг молиявий имкониятлари, истеъмол ва жамғарманинг нисбати, банк соҳасида пул-кредит ва депозит сиёсати, ташқи қарзлар ҳолати, ички захиралар ва бошқаларни характерлайди.
Инвестиция салоҳиятини ифодаловчи ушбу омилларнинг мавжудлиги хорижий тадбиркорларнинг айнан ўша мамлакатга инвестиция қилишининг асосий сабабларидан бўлиши мумкин. Бироқ, инвестиция салоҳиятининг мавжудлиги хорижий инвестицияларнинг узоқ муддат давомида барқарор кириб келишини кафолатлай олмайди. Мамлакатдаги қулай инвестиция шарт-шароитларисиз инвестиция салоҳияти ҳали «ҳазм қилинмаган» бойлик ҳисобланади. Инвестиция муҳитини баҳолаш, айнан, инвестиция шарт-шароитларига асосланади.
Инвестиция шарт-шароитларига қуйидаги омиллар киради:
– умумиқтисодий шарт-шароитлар – ЯИМнинг ўсиш суръатлари, инфляция даражаси, ишсизлик даражаси, фоиз ставкаси, ишлаб чиқариш ҳажми ва таркиби, тўлов баланси, монополизм даражаси, валюта конвертацияси, ташқи қарз, инвестициялар ҳажми ва молиялаштириш манбалари, давлат бюджети дефицити ва бошқ.;
– сиёсий шарт-шароитлар – мамлакатдаги сиёсий барқарорлик, инвестиция фаолиятини тартибловчи ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ва уларга яратилган кафолатларни таъминловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжудлиги ва амал қилиши, жиноятчилик ва коррупция ҳолати ва бошқ.;
– бозор механизми шарт-шароитлари – бозор инфратузилмасининг ривожланганлиги: банк, суғурта, фонд бозори, транспорт ва алоқа, рақобат ва нарх шаклланиши ва бошқ.;
– ахборот таъминоти шарт-шароитлари – ахборот ва телекоммуникацияларнинг ривожланганлиги, рақобатчилар тўғрисидаги маълумотларни тезкорлик билан олиш имкониятлари, маҳаллий ҳамкорлар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги ва бошқ.;
– экологик шарт-шароитлар – мамлакатдаги экологик ҳолат, мамлакатда ва қўшни давлатларда экологик хавфли ҳудудларнинг мавжудлиги, халқаро қонунчиликдаги экологик меъёрларга амал қилиш ҳолати ва бошқ.;
– ижтимоий маданий ва этнографик шарт-шароитлар – маҳаллий аҳолининг менталитети ва маданияти, аҳолининг ҳаёт тарзи ва турмуш ҳолати, жамиятнинг хорижий инвестицияларга бўлган муносабати ва бошқ.
Маълумки, ҳукумат мамлакатдаги инвестиция шарт-шароитларини такомиллаштириб, макроиқтисодий ҳолатни яхшилайди, иқтисодий барқарорликка эришишга ҳаракат қилади ва иқтисодий ўсишни таъминлайди. Бу эса, нафақат, хорижий инвесторлар учун инвестиция муҳитининг жозибадорлигини таъминлайди, балки ички инвестиция жараёнларини фаоллаштиради. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда инвестиция муҳитини шакллантиришда ҳуқуқий-меъёрий тизимни доимо такомиллаштириб бориш талаб этилади. Бу, ўз навбатида, хорижий сармоялар кириб келишини рағбатлантириб, иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |