Таянч сўз ва иборалар
Лойиҳавий молиялаштириш, бизнес режа, регресс, синдициялаштирилган кредит, тижорат лойиҳалари, экологик лойиҳалар, ижтимоий лойиҳалар.
Ўзини – ўзи текшириш учун саволлар
1. Инвестицияларни лойиҳавий молиялаштиришнинг мазмуни
2. Лойиҳавий молиялаштиришнинг асосий иштирокчилари
3. Лойиҳавий молиялаштиришнинг қандай турлари мавжуд?
4. Синдикатли кредитлашнинг ўзига хос хусусиятлари
5. Лойиҳавий молиялаштириш асосий иштирокчиларининг функциялари.
14 – МАВЗУ: ИННОВАЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ. НОМОДДИЙ АКТИВЛАРГА САФАРБАР ЭТИЛАДИГАН ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ
РЕЖА:
Инновация ва инновацион фаолият тушунчаси. Инновацияларга қаратилган инвестициялар
Хўжалик юритувчи субъектларнинг инновация фаолияти зарурияти. Инновация стратегиясининг моҳияти
Номоддий активлар, уларнинг таркиби ва роли. Номоддий активлар–инвестиция объекти сифатида
Эркин бозор ва кучли рақобат муҳитида номоддий активларни кенгайтириш зарурияти
1 – савол баёни: “Инновация” тушунчаси (ингл. innovation – киритилинган янгилик, ихтиро) янгиликка инвестиция киритиш маъносида ишлатилади. Инновация тушунчаси иқтисодиётга ХХ аср бошларида кириб келган. Австралиялик иқтисодчи олим Й.Шумпетер биринчи маротаба инновацияларга оид масалаларни кўриб чиққан ва инновацион жараёнга тўлиқ таъриф берган. Иқтисодий адабиётларда “инновация” тушунчасига кўпчилик муаллифлар томонидан турлича ёндошувлар келтирилган. Кўпчилик муаллифлар янгилик киритишни иқтисодий тадбиқ етиш жиҳатидан назарда тутади, яъни янги ресурсларни ташкил етиш ёки мавжуд бўлганларини ноанъанавий ҳолда янгича ишлатилишини назарда тутадилар А.Бусигиннинг фикрига кўра, инновация бу асосий капитал ёки ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни илм фан, техника ва технологиялар ёрдамида янгилашдир94.
Р.Фатхутдиновнинг фикрига кўра, инновация янгиликни тадбиқ етишнинг якуний натижаси бўлиб, объект бошқарувини ўзгартириш ижтимоий, иқтисодий, илмий, техникавий, экологик ва бошқа кўринишдаги самарадорликдир. Юқоридаги таърифлардан хулоса қилиб, инновация – бу юқори иқтисодий ва ижтимоий самара олиш мақсадида ишлаб чиқариш жараёнига илғор илм-фан ютуқларини жорий этиш ёки билан янги товарлар яратиш ёки ишлаб чиқарилаётган товарлар сифатини оширишдир. Инновация ҳар бир соҳада бўлиши мумкин. Масалан, фанда, унинг бир йўналишида йирик янгиликларга эришиш, кашфиётлар яратиш, изланишларда, илм соҳасида янги илм ва билимларни очиш, техника ва технологияларни янги авлодини яратиш, ишлаб чиқариш соҳаларида, хизмат кўрсатишда янги усулларни киритиш ва бошқалар шулар жумласидандир. Иқтисодиётда эса фан, техника, технологиялар соҳаларида эришилган энг сўнгги ютуқларни қўллашни билдириши мумкин.
Инновацион фаолият қайси соҳада бўлмасин, кашфиётлар, эълон қилинган янгиликлар, техника ва технология ютуқлари ва технологик жараёнларни янгилаш, маҳсулот билан таъминлаш ва бошқа йўналишлардаги барча янгиликларни тизимли равишда узлуксиз жорий этиб боришни таъминлаш жараёнидир. Жаҳон глоабаллашуви жараёнида кучли рақобат ҳар соҳада янгиликка ундайди. Фандаги техника-технология соҳаларидаги энг сўнгги ютуқлар, кашфиётлар, янгиликлар, рационализаторлик таклифларни ишлаб чиқиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига шиддат билан киритилиб борилади ва маркетинг, бошқарув, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида янги ёндашув, янги технология, техникаларни қўллашни талаб қилади ва технологияларни янги авлодини қўллаш асосида маблағ киритилиши инвестициядан далолат беради. Янгилик киритилиши асосида мавжуд техника ва технологияларни алмаштирилиши ҳам инвестцияни англатиши мумкин. Фан ва техника тараққиёти натижалари асосида янги техника, технологияларни қўлга киритилиши ҳам инвестиция маъносида ишланади. Инвестицияни аниқловчи омил бўлиб янгилик яратилиши, рационализаторлик таклифлар йирик ташкилотлар ва шунга тегишли илгари эълон қилинмаган йирик ишланмалар хизмат қилади. Кичик рақобат муҳитида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида инвестиция ишлаб чиқаришни янги техника ва технологияни қўллаш асосида ташкил этишни, хизмат кўрсатиш соҳасида янги, аввал қўлланилмаган хизмат турларини назарда тутади.
Инновация янги техника ва технологияларни қўллаш асосида янги маҳсулотни, янги бозорга олиб чиқишни ҳам билдиради. Инвестиция кашфиётлар асосида фан ва техника соҳасида янги билимларни қўллашга киритилишини, янги илғор техника ва технологияларни яратилишини, уларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қўлланилишини, улар асосида янги товар ва хизматларни яратилишини ва улар ҳисобига рақобатни кучайтиришни, янги бозорни егаллашни ҳам англатади. Инновация анъанавий ва янги илм-фан сиғими юқори бўлган тармоқ соҳаларида иқтисодий ўсишни ва рақобатбардошликни доимий равишда таъминловчи зарурий восита сифатида намоён бўлади.
Инновациянинг асосий хусусиятларини узвий боғлиқликда намоён бўлишига замин яратади, бундай хусусиятлар қуйидагиларда ўз аксини топади:
• Илмий-техник янгилик;
• Амалий қўлланилиши;
• Тижорий амалга оширилиши, яъни бозорда маълум даражада истеъмолчилар талабини қондира олиши.
Умуман олганда, инновацион жараён – бу янгилик ғоядан то маҳсулотгача шаклланиши ва бозорга тарқалишидир. Инновацион жараён босқичлари:
1-босқич, бу янги ғоя ва билимлар;
2-босқич, бу янгиликни (новации) амалий фаолиятга тадбиқ етиш, яъни инновация;
3-босқич, бу инновациялар диффузияси. Яъни инновацион маҳсулот, хизмат ва технологияларни янги макон ва шароитларда қўлланилиши.
Шундай қилиб, “инновация” тушунчаси барча соҳалардаги (ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ва бошқа) ишланмалар, янгиликлар ва такомиллаштирилган воситалар сифатида, сарф-харажатлар имкониятларини таъминлайди ёки бўлмаса уларни таъминлаш учун шароит яратади. Инновацияларни охир-оқибат мақсади товар (маҳсулот) рақобатбардошлигини кучайтириш, унинг бозорини кенгайтириш, фирма (корхона) фаолияти барқарорлигини таъминлаш асосида фойда (даромад) ҳажми ва нормасини кўпайтиришдир. Инновациялар ўзининг предмети ва қўллаш соҳалари бўйича қуйидагиларга бўлинади:
- маҳсулотли (янги товар ёки хизматлар);
- бозорбоплик (товарни ишлатилишини янги соҳаларини ташкил этувчи ёки хизматларни янги бозорда тадбиқ этиш);
- инновациялик жараёнлари (технологиялар, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш жараёнлари).
Инновацияларни қайд этилган мезонлар бўйича типларга ажратиш фирма (корхона) стратегиясини аниқлаш, инновация типларидан келиб чиқиб товар (хизматлари) реализация шакллари ҳамда иқтисодий механизм бошқариш шаклларини ишлаб чиқиш имкониятларини беради. Ҳар қандай янгилик, яъни инновация аниқ лойиҳаларда ўз ифодасини топади, аниқ мақсадларга қаратилади ҳамда чуқур ҳисоб-китоблар, таҳлил ва экспертиза асосида бўлажак натижалари истиқболи аниқланади. Инновация ҳар қандай соҳада янгиликни қўллаш бўлиб, узлуксиз жараённи билдиради, тизимли фаолиятни, аниқ стратегияни амалга оширишдан далолат беради. Янгиликка интилиш, яратувчанлик, кашфиётлар ва улар асосида қўлга киритиладиган ишланмалар ҳар қандай соҳада ресурс талаб етади.
Инновацион ишлаб чиқариш ташкил этиши муносабати билан уни мунтазам равишда юксалтириш, янгиланишни, илғор техника ва технологиялардан фойдаланишни, прогрессив бошқарув усулларини қўллашни, турли йўналишларда самара келтирувчи иқтисодий-молиявий ресурсларни, яъни инвестицияларни киритишни талаб этади. Макроиқтисодий даражада инновацияларга қаратилган инвестициялар ижтимоий-иқтисодий тизимни такомиллаштиришга қаратилади ва иқтисодий тараққиётни умумий шарт-шароитларини яхшилаб боради ҳамда иқтисодий механизмларнинг такомиллаштирилишини таъминлайди. Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқариш мукаммал омилларга эга бўлиши талаб этилади ва зарурий иқтисодий ресурслар, яъни инвестицияларни талаб этади.
Бунда инновацияларга қаратилган инвестициялар ижтимоий-иқтисодий тизимнинг моддий, ижтимоий-иқтисодий ва ғоявий-сиёсий белгиларини такомиллаштирилишига сафарбар этилади. Бундай инвестициялар ресурслар, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, хизматлар, мулкчилик шакллари, иқтисодий механизм, интилинаётган ғоя ва сиёсатнинг устуворлигини таъминланишига қаратилади.
Макроиқтисодиёт даражасида инновацияларга қаратилган инвестициялар кучли рақобат муҳитида фирма (корхона)ларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган уларнинг мавқеини мустаҳкамлаш билан, самарадорлигини юксалтириш, фойда (даромади) ҳажми ва меъёрини ошириш билан боғлиқ бўлган инвестициялардир.
Ўзбекистон иқтисодиётида фирма (корхона)лар ҳаётийлигини таъминлаш, улар ривожланиши ва даромаддорлигини орттириш, фан ва техника тараққиёти ютуқларидан фойдаланган ҳолда, жаҳон талаблари даражасидаги товар ва хизматларни ишлаб чиқаришдир. Янги, замонавий ва илғор техника-технологияларни қўллаган ҳолда сифатли, арзон товар ва хизматларни ташқи бозорларга етказиш учун қаратилган инвестициялар инновацион инвестициялардир. Фирма (корхона) инновация стратегиясини яхлитликда таъминлашга қаратилган инвестициялар қуйидагиларда намоён бўлади:
- ишлаб чиқариш ҳаётийлигини сақлаб қолиш;
- жамоа ривожланиш дастурини таъминлаш;
- замонавий бошқариш усулларини қўллаш;
- фойдани максималлаштириш;
- жамоа фаолиятини такомиллаштириш;
- янги соҳаларга кириб бориш;
- манфаатларга мос келадиган мақсадларга эришиш;
- молиявий ҳолатга риск вазият таъсирини камайтириш қобилиятига эга бўлиш каби вазифаларни қамраб олади ва уларни таъминлашга қаратилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инновацион лойиҳаларни татбиқ этишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва институционал асосларини ривожлантириш мақсадида бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу жумладан, 2006 йил 7 августда ПҚ–436 сонли “Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15 июлдаги ПҚ-916 сонли “Инновацион лойиҳалар ва технолгияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2017 йил 30 ноябрдаги ПҚ-3416-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, 2018 йил 7 майдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори.
Ушбу қарорлар асосида Республика инновацион ғоя, технология ва лойиҳалар ярмаркаси амалга оширилмоқда. Бу ярмарка Иқтисодиёт Вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш Қўмитаси, Фанлар академияси ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилган.
Республика инновацион ғоя, технология ва лойиҳалар ярмаркаси мамлакатимиз корхоналарига илмий-инновацион фаолият натижаларини жорий етишга, уларнинг самарадорлигини оширишга таъсир этувчи механизм бўлиб хизмат қилади. Агентликнинг асосий вазифалари инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш; инновацион технологияларни, шу жумладан, хорижий инновацион технологияларни мустақил экспертизадан ўтказиш, мослаштириш ва мамлакатимиз амалиётига жорий этиш; илмий-техник ишланмаларни тижорат сотуви объекти сифатида ишлаб чиқаришга жорий этиш лойиҳаларини тузиш ва амалга ошириш; илмий-техник ишланмалар натижаларини тижоратлаштириш соҳасида халқаро илмий-техник ҳамкорликни амалга ошириш бўлиб ҳисобланади.
Тадбиркорлик тараққиёти новаторликдан, эркин бозор талабларини билмоқликда, уларни истиқболини ҳис этмоқликда, уларга мос товар ва хизматларни етказмоқликда ва шу йўл билан ўз мақсадларига эришмоқликдадир. Иқтисодиётни ривожлантиришнинг бош меъзони бўлиб тадбиркорлик хизмат қилади. Тадбиркор ҳар қандай имкониятни бой бермасдан, ўз манфаатида ўзи учун иложи борича максимал ютуқ мақсадида, ҳеч қандай талофатлардан қўрқмай ташаббусни қўлга олувчи, кучли ва ҳаракатчан инсондир. А. Смитни кўзга кўринмас қўл қоидасига биноан, тадбиркор ҳар қандай имкониятни нафақат ўзи учун балки жамият келажаги учун ишлатувчидир. Тадбиркор бўлиш, демак, янги ишни амалга ошириш қарорини қабул қилишдир. Тадбиркорлик, истеъмолчиларни турли товар ва хизматлар билан таъминлаш йўли билан, даромадни оширишга қаратилган турли фаолиятдир. Тадбиркорлик фаолияти доимий равишда ўз мулкий масъуллигидан, ўз қўрқув ва таваккаллигидан келиб чиқиб юритиладиган фаолият ҳисобланади. Ҳақиқий тадбиркор фақат ўз ғоясига эга бўлган инсонлардир, олимларни фикрига кўра, дунёдаги инсонларни фақат 15-20 фоизигина тадбиркордек фикр юритиш ва ҳаракат қилиш қобилиятига эгадирлар. Америкаликлар тадбиркорларнинг миллатини “олтин фойда” деб аташади. Нобелъ мукофоти лауреати, таниқли иқтисодчи Фридрих Фан Хайекни фикрича, тадбиркорликнинг моҳияти янги иқтисодий имкониятларни излашдир, уни ахтариб топишдадир. Тадбиркорлик оддийгина фаолият эмас, у яратувчанликка мос ва хос фаолиятдир. Тадбиркорликни юритиш ва юксалтириш учун тадбиркор ижодий хислатга эга бўлиши керак.
Тадбиркорликка хос бўлган хислатлар булар: ташаббускорлик; яратувчанлик; ижодкорлик; янгиликка интилувчанлик; ўзининг ғоясига эга бўлмоқлик; таваккалчилик ва қалтисликни ўз бўйнига олмоқлик; новаторлик, эскини бузиб, ижодий равишда янгиликни киритмоқлик, яъни доимий ривожланмоқлик; фаолият оқибатларини кўра билмоқлик; ўз мажбуриятларини бажармоқлик; ўз қароридан қайтмаслик; уддабуронлик ва доимий интилувчанлик, яратувчанлик. Қайд этилган хислатларга эга бўлганларгина тадбиркорликни аниқ жараён сифатида тасаввур қила оладилар, бузиш қобилиятига эга бўла оладилар, янгиликни яратиш имкониятига эга бўладилар. Тадбиркорлик тараққиёти новаторликдадир, яъни эскини ижодий ёндашув асосида бузиб, янгисини ижод этишдадир. Таниқли немис иқтисодчиси Д.А.Шумпетерни фикрига кўра, технология тараққиёти иқтисодий юксалишни бошқаради, новаторлик яъни доимий ижодий ёндашув ва яратувчанлик ривожланишни таъминлайди.
Д.А.Шумпетерни фикрига кўра, иноваторликни амалга оширувчиси бўлиб тадбиркор хизмат қилади, молиявий маблағлар эса уни таъминотини ташкил этади. Демак, тадбиркорлик ўз мазмун-моҳиятига кўра ижодкорлик, яратувчанлик, янгиликни тадбиқ этмоқлик, ташаббускорлик негизида тадбиркорлик, уддабуронлик, интилувчанлик ва доимий ривожланмоқликни англатади. Ушбу жиҳатдан тадбиркорлик фаолияти инновация фаолиятидан бошқа нарса эмасдир. Ҳақиқий тадбиркорлик негизида новаторлик, янгиликни киритиш, ҳаётга тадбиқ этиш йўли билан ривожланишни таъминлаш ётади.
Инновация фаолиятига ҳам хос бўлган белгилар бўлиб, тадбиркорлик тараққиётини юксалтириш омили сифатида хизмат қилади. Тадбиркорликни инновацион фаолиятсиз ҳис қилиб бўлмайди, ушбу жиҳатдан тадбиркорлик фаолияти оддий бизнесдан фарқ қилади. Фақат инновацияларга таянган ҳолда тадбиркорликни юритиш тадбиркорлик фаолияти мақсадига хос бўлган ютуқларни ва юқори даромадни таъминлайди. Бунда тадбиркорлик фаолияти эркин рақобат муҳитида синмайди, у фаол ривожланади, тараққиётга эришади, юксалади.
Инновацион тадбиркорлик уч асосий турга бўлинади:
- маҳсулот инновацияси;
- технология (ишлаб чиқариш) инновацияси;
- ижтимоий инновация.
Do'stlaringiz bilan baham: |