6.3. Ҳаво намлигини ўлчаш усуллари. Ҳозирги вақтда ҳаво намлигини ўлчаш учун психрометрик ва гигрометрик усуллар энг кўп қўлланилади.
Биринчи усулнинг номи юнонча «психрос»-совитиш, совуқ сўзидан келиб чиққан бўлиб, ҳаво намлигини аниқлаш учун термометрлардан бирини совитиш кераклигини билдиради.
Ҳаво намлигини аниқлаш учун қўлланиладиган энг кўп тарқалган асбоблар-станцион ва аспирацион психрометрларнинг ишлаши шу усулга асосланган.
Психрометр 2 та бир хил бир-бирига яқин ўрнатилган термометрлардан ташкил топган. Ўнг томондаги термометрнинг резервуарини батист материали билан ўралган ва батистнинг иккинчи учини сувли идишга туширилиб қўйилган, чап томондаги термометр «қуруқ» деб аталиб, у атрофдаги ҳаво ҳароратини кўрсатади. Ўнг томондаги термометр резервуарини батист билан ўралиб, батистнинг иккинчи учини сувли идишга туширилиб қўйилганлиги учун «ҳўлланган» термометр деб аталади.
Ҳўлланган термометр резервуари сиртида бўладиган буғланиш жадаллиги атрофдаги ҳавонинг намлигига боғлиқ. Ҳаво қанчалик қуруқ бўлса, батист орқали сувнинг буғланиши шунчалик тез боради ва ҳўлланган термометр кўрсатиши қуруқ термометр кўрсатишидан шунчалик паст бўлади. Демак, қуруқ ва ҳўлланган термометрлар кўрсатишларининг фарқи ҳаво намлигини аниқлайди.
Станцион психрометр метеорологик майдондаги психрометрик будкада махсус штативга тик (вертикал) ҳолатда бир-бирига яқин жойлаштирилган иккита бир хил психрометрик термометрдан ташкил топган.
Аспирацион психрометр МВ-4М иккита психрометрик термометрлардан иборат бўлиб, улар металл ғилофга ёнма-ён қилиб жойлаштирилади. Бу психрометрда ҳам ўнг томондаги термометр резер-вуарини ўлчашлар вақтида ҳўлланилади.
Бу икки турдаги психрометрда ўлчашларда дастлаб қуруқ ва ҳўлланган термометрларнинг фарқига қараб «Психрометрик жадвалар» ёрдамида е ни аниқланади. Сўнгра е нинг қийматларига махсус тузатмалар киритилади (Тузатмалар киритиш тартиби лаборатория машғулотларига доир қўлланмаларда тушунтирилган). Сўнгра е нинг тузатилган қийматлари асосида «Психрометрик жадваллар» ёрдамида ҳаво намлигини аниқлайдиган бошқа катталиклар топилади.
Ҳаво намлигини ўлчашнинг гигрометрик усули ёғсизлантирилган одам сочининг гигроскопик хоссаларидан фойдаланишга асосланган.
Соч толали гигромометр МВ-1 метеорологик станцияларда психрометрик будкага ўрнатилган. Бу гигрометрда маълум узунликдаги ёғдан тозаланган соч толаси бўлиб унинг бир учи металл рамкага маҳкамланади, иккинчи учи эса стрелкага уланган. Ҳаво намлигининг ўзгариши билан соч толаси узаяди ёки қисқаради. Натижада стрелка ҳаракатга тушиб шкаладаги ҳавонинг нисбий намлигига доир сонларни кўрсатади.
Гигрограф М-21А ҳаво нисбий намлиги ўзгаришларини узлуксиз ёзиб борадиган асбобдир. Бу турдаги гигрографнинг намликни қабул қилувчи қисми ёғдан тозаланган одам сочлари толаларидан тайёрланган даста бўлиб, унинг иккала учи ҳам рамага маҳкамланган бўлади. Гигрографнинг қолган қисмларининг тузилиши термографникига ўхшайди.