Usmon Azim. Rauf Parfi. Esse & Rauf Parfi. Karvon yo’li (onlayn)



Download 47,35 Kb.
Sana15.11.2022
Hajmi47,35 Kb.
#866316
Bog'liq
dMEquQ9dV40enQkqKXokI02g7FQQfNCj102sK9Qr (2)


https://kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/memuarlar/usmon-azim-rauf-parfi.html.
Usmon Azim. Rauf Parfi. Esse & Rauf Parfi. Karvon yo’li (onlayn)
Muallif AdibO'zbek tarixi, adabiyoti va madaniyatiXotira va yodnomalar 28.03.2017  комментариев 10

Рўзи Чориев, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи… Улар негадир ўлмагандай. Ўзлари ҳам ажиб бир мардоналикда – ўнгу чапга қарамасдан – ўлмайдигандай умр кечирдилар. Кўнгил айтиб турганидай яшаш жуда мушкул. Аммо бу жўмард инсонлар кўнгилнинг кўйидан чиқмадилар. Чунки улар учун ўзга йўл хиёнатга тенг эди…
Усмон Азим
РАУФ ПАРФИ

Рўзи Чориев, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи… Улар негадир ўлмагандай. Ўзлари ҳам ажиб бир мардоналикда – ўнгу чапга қарамасдан – ўлмайдигандай умр кечирдилар.
Кўнгил айтиб турганидай яшаш жуда мушкул. Аммо бу жўмард инсонлар кўнгилнинг кўйидан чиқмадилар. Чунки улар учун ўзга йўл хиёнатга тенг эди.
Эҳтимол, улар ўлмагандир?
Эҳтимол, улар учун ўлим – янги умрнинг бошланишидир?
Хуллас, улар бошқалар билмайдиган ниманидир ҳис қилганлар.
Балки, ўлим ҳақлигини билиб, ўлмайдигандек яшагандирлар…

Рауф Парфининг бир даста шеърлари илк бор Бойсунни қор босган пайт, 1966 йили “Шарқ юлдузи” журналининг январ сонида Асқад Мухтор “оқ йўл”и – сўзбошиси билан чоп этилган эди.
Мен ўшанда ўнинчи синфда ўқирдим.
Бундай ажибтовур шеърларни биринчи бор ўқишим. Рауф аканинг шеърлари бирпасда менга ва шеърхон дўстларимга ёд бўлиб кетди.
Қор ёғса, “Айланиб тушар қор қўлимга” дердик оҳиста…
Ёмғир ёғса, “Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар”, деб ҳайқирар эдик…
Яхши кўрган синфдошимнинг ортидан “Кўзларимни юмай, ва лекин Ёшдай оқиб кетма, севгилим”, деб шивирлаганман…
Кўзларимни юмганим йўқ, аммо у кунлар ёшдай оқиб кетди.
Кетди.

Талабалик пайтимда Тошкентдаги бирор бир газета-журнал таҳририятининг эшигини очиб кирмаганман. Кейин армияга кетдим. Ҳарбийдалигимда эса биргина шеърим чоп этилди, холос.
Армиядан қайтганимда, йигирма тўртга кирган бўлсам-да, адабий давралар мендан жуда йироқда эди. Кўпгина ёзувчи-шоирларни олисдан танисам ҳам, улар менга эътибор беришмас, кўча-куйда дуч келиб қолганимизда, меҳру-эътиқод билан берган саломимга виқор билан алиқ олиб, ёнимдан бепарво ўтиб кетишар эди.
Аммо бу ҳол жуда тез ўзгарди.
Университетдош дўстларим аллақачон турли-туман таҳририятларда фаолият юритишар, асарлари туфайлигина менга таниш кўпгина адиблар билан яқинлашиб кетишган эди. Дўстларим билан дийдор кўришиш асносида, улар орттирган шоир-ёзувчи биродарлар аста-секин менинг ҳам таниш-билишимга айлана бошлади.
Мана шу жараённинг илк кунларидаёқ яқиндан танишганим – Рауф Парфи эди.
Мана, биз Навоий кўчасидаги нашриёт биносига шундоқ рўбарў тушган – шўролар давридаги ҳар қандай ошхона каби аллақандай сирли бир удумга кўра майхонага айланган – роса кўнгилочар емакхонада ўтирибмиз.
Рауф ака мени таниди.
— О, “Мен сени ҳеч кимга бермайман!” – У Тошкентда чоп этилган ягона шеъримдан бир сатр ўқиди. – Ҳалима… Худойбердиева айтган… Сиз унинг курсдошисиз!..
У мени мақташга тушди.
Кейин билсам, Рауф ака ҳаммани мақтар экан.
Мен ҳам дарҳол унинг шеърларини ёддан айта бошладим. Унга ва шеърларига ҳурматимни бирпасда изҳор этдим.
Ора-сирада Рауф ака “Қани… қани…” дер ва биз пиёлаларга оз-оздан қуйилган, аллақачонлар “ўзбек миллий таоми”га айланиб қолган ичимликдан нўш этар эдик.
Одамлар билан бир кўришгандаёқ чиқишиб кетадиган ёки уришиб қоладиган одатим бор. Рауф ака дастлабки учрашувдаёқ, ҳаёлимдаги “шоир” деган образга шундоқ мос тушди ва мен учун азиз бир одамга айланди.
У ҳамон кўнглимнинг тўридаги энг азиз инсон.
Мен уни соғинаман.
Усиз дунё тўлиқ эмасдай.
Худойим!..

Ҳар бир тилда лирик назмнинг ўз лексикаси бўлади. Ҳар бир шоир ўз лексикаси билан шеъриятга кириб келади. Абдулла Ориповнинг илк қадамларини эсланг. У ишлатилмайдиган ва қачонлардир (масалан, Навоий томонидан) фойдаланилиб, эсдан чиқиб кетган сўзларнинг қанчасини замонавий лирикага олиб кирди.
Бир куни ёзган шеъримни дўстларга ўқиб бердим:
— Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,
Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.
Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида,
Осмон – тилсим, Замин – тилсим, Шеър – бешафқат…
Рауф акага негадир “пичоқ” сўзи ёқмади.
— Шуни “ханжар” деса бўлмайдими? – деди у менга қаттиқ тегмасликка уриниб, табассум қилар экан. – “Пичоқ” шеърга тушмайди…
Мен у кишини дарҳол тушундим. Чунки “ханжар” сўзи аллақандай сурурли руҳ олиб киради. Пичоқ эса бор-йўғи рўзғорда ишлатиладиган буюм-да…
Аммо мен тилимизда “ханжарламоқ” деган сўз йўқлигини, аммо “пичоқламоқ” деган даҳшатли сўз борлигини ҳам назарда тутган эдим.
— Ўйлаб кўриш керак экан, — дедим баҳсга киришмай, гарчи сўз ўз ўрнига тушганини ҳис қилиб турган бўлсам-да.
Бир неча йиллардан кейин Рауф аканинг – эстет Рауф Парфи ҳам шеърида “пичоқ” сўзини ишлатганининг гувоҳи бўлдим.
Юраги фожиалларга тўла Рауф ака бир қарашда ҳазиллашиб яшаётгандай таассурот қолдирар эди.
Унинг ҳазил-мутойибалари адабиёт аҳли орасида ҳозиргача такрорланиб келади.
“Қаердасиз?” деган жуда нодон саволга табассум билан “Шу… шу… Халқ эшигида…” деб жавоб берарди. Ҳамма куларди. Аммо бундан даҳшатли реалистик маъно борлигини камдан-кам одам тушунарди. Демак, “Ишламаяпман… Пулим йўқ… Уйга сиғмаяпман…Бировларга эргашиб юрибман…”
Бечора Рауф ака!
Билмадим, у қандай яшашни орзу қилган экан?
Унинг ҳаётини фақат Машрабнинг бехонумонлигига ўхшатиш мумкин.
Дунё Рауф Парфини удда қилолмади.

Пулни писанд қилмайдиган ягона одам Рауф Парфи эди. пул нима, хазон нима – унга барибир эди. Ҳар қанча пулни бирпасда сарфлаши, бировларга тиқиштириши, “базми жамшид”га харжлаши ва ҳар бир балоларга совуриши мумкин эди. Атрофида эса ҳар кун кўришадиган биродарлари ва шоир ҳозиргина “ихтиро этган” улфатлари; танишлар ва нотанишлар; ўткинчилар ва ҳеч қачон ўтмайдиганлар; шу ўтиришдан кейин унут бўладиганлар ва унутилмайдиганлар…
Заҳмат чекиб топган каттагина қалам ҳақини бир неча кунда сарфлаб юборганига ичимиз ачиб, гувоҳ бўлганмиз.
У ёлғон дунё ўйлаб топган аллақандай пул деган ҳийла-найрангга жуда беписанд эди.
Шунинг учунми, дунё ундан муттасил қасос олди.
Дунё ўзининг йўлига юрмаганларни ёмон кўради.

Ўша пайтлар таксида юриш жуда катта харажат дегани эди.
Аммо Рауф ака фақат таксида юрар, бирор-бир сабаб билан автобусга чиқса, кайфияти бузилиб, аллақандай асабийликка чўккан кўйи, камгап бўлиб қоларди.
У сўнгги пулини сарфлаб, бемалол таксидан тушиб кетаверарди.
Эртагача худо подшоҳ!
Ҳа, Рауф акада фақат сўнгги пул бўлар, чўнтагида ортиқча пул туришига ҳеч қачон йўл қўймасди.

Рауф ака негадир, ўзининг таъбири билан айтганда, “эллигинчи йиллар” – менинг тенгдошларим билан яқин эди.
— Бу эллигинчи йиллар!.. – дерди у ҳаммамизни қўшиб, биздан бирваракай аччиғи чиққанда.
Биз – курашувчан авлод – мажлису-йиғинларда “ҳақиқат” талашаверардик. Бу талошларнинг шашти, албатта, Рауф ака иштирокидаги давраларимизда ҳам давом этар, кимнингдир реакцион чиқишига қарши шу заҳотиёқ жавоб ёзиш тараддудини кўра бошлардик, кимнингдир пўстагини қоқиб қолардик…
— Қўйинглар! – дерди хуноб Рауф ака, у-бу нарса қўйилган стол атрофида “мажлис” бошланганидан асабийлашиб.
— Нега қўяр эканмиз? – дердик биз, назаримиздаги ҳақиқатнинг бир қаричини бировга бериш хиёнатга тенг эканига қаттиқ ишониб. – У одамни биласиз-ку!..
— Қўйинглар, — дерди Рауф ака ва бизнинг ҳамма ҳақиқатимиздан жуда катта бир ҳақиқатни айтарди: — Барибир бир куни ўлиб кетади…
Чиндан ҳам… ўлиб кетади.
Худога шукр!
Ўлимни яратганга шукр!
Ҳаммамиз ўлиб кетамиз!..
Фақат бу ҳақиқат негадир эсимиздан чиқиб қолади.
Бу тез-тез эсламоққа арзийдиган, ҳаёт каби улкан ҳақиқатдир.

“Боладай беғубор” деган жумла Рауф Парфи ҳақида ўйлаб топилгандек эди. У жуда самимий, одамларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўядиган инсон эди.
Аммо обрўпарастларни, мансабпарастларни ва “Ватан душманлари”ни жуда ёмон кўрарди.
Бу тоифадаги каслар, шоир назарида, инсониятга хиёнат қилган кимсалар эди.

Рауф Парфидан озодлик руҳи уфуриб турарди.
Шоира Қутлибека Раҳимбоева билан кўришиб қолдим. Рауф акани эсладик.
— Рауф ака озодлик эди, — деди у.
Шунинг учун бўлса керак, озодликни қўмсаганлар Рауф Парфига интилган.
Мен ёшлигимда, хусусан, талабалигимда ғирт “коммунист” бўлганман. “Сталин давридан бошлаб булар Лениннинг тўғри йўлини бузиб келаяпти”, деб ўйлардим ўша пайтдаги раҳбарлар ҳақида.
Бу тутуриқсиз хомхаёллар миямдан чиқиб кетишида Рауф аканинг ёнида юрганим ҳам катта ёрдам берган. Мустамлакачилар ҳақида ҳам, Ўзбекистон мустақил бўлиши кераклиги ҳақида ҳам илк бор унинг даврасида эшитганман.
Рауф Парфи буюк ватанпарвар эди.
Унинг ҳеч нарсаси йўқ эди: мартабага, мансабга, пулга, уй-жойга ва яна ҳамма учун муҳим бўлган аллабалоларга қайрилиб ҳам қарамаган.
Аммо унинг Ватани бор эди.
Ватан озодлиги учун кураш умумруҳининг улғайишида Рауф Парфининг ниҳоятда улкан тарбияси бор.
Йўқ, бу йўлдаги амалий ишларга у бош-қош бўлгани йўқ. Феъл-атворига кўра бош бўлолмасди ҳам. Аммо унда озодликка чексиз бир интилиш бор эдиким, шоирнинг бу ҳалол қалб ҳаракати кўпларга юқади.

Баъзи бир ичкилик сақланадиган идишларда “Ётқизилган ҳолда сақлансин!” деган йўриқнома бўларди.
— Қалайсиз? – деб сўраб қолардик, баъзан Рауф акага қўнғироқ қилиб.
Рауф ака:
— Ётқизилган ҳолда сақланаяпман, — деб жавоб берарди.
Ичилаётганда эса ўта камтарин бир оҳангда қадаҳ сўзи айтарди:
— Қолган умримиз роҳат-фароғатдан ўтсин!

Рауф ака шеърларини ёндафтарига чиройли қилиб кўчириб юрар, жойига келганда, янги шеърларини шу дафтарга қараб ўқирди. Биров бундан чин самимият билан ҳаяжонланса, дарҳол шу шеърни унга бағишлар – “Фалончига” дея ёзиб ҳам қўярди.
Аммо шоирнинг китобларида бағишловлардан жуда ками қолган. Назаримда, шеър бағишланган одамлар тўплам чиққунча, ўша самимиятни унутган бўлсалар керак. чунки яхши шеър эшитаётганда ёхуд ўқиётганда пайдо бўладиган самимий туйғулар одамни бир лаҳзага юксалтиради. Бироқ ҳамиша бу юксакликда яшаш жуда камдан-кам одамга насиб этади. Баъзилар бир думалаб, юксакликдан пастга тушиб кетади. Айримлар бориб-бориб шеър ҳазар қиладиган кимсаларга айланади. Шеърга арзимай қоладилар. Рауф ака қачонлардир шеърдан энтиккан одамлардаги мудҳиш бу ўзгаришни кўрган. Бағишловлардан шеърнинг қийналаётганини ҳам аллақандай онгорти ҳушёрлиги билан англаган. Оқибатда, уларнинг исм-шарифини шартта ўчирганда, шеърни қийноқдан озод этган. У ҳатто шеърнинг эркин нафас олганини ҳам ҳис қилгандир…
Буюк шоирлар ҳаётининг ҳар лаҳзаси шеърга ўхшайди. Уларнинг умри юксак, теран ва фожиалидир.
Улар мудом ҳозиргина шеър эшитиб ҳаяжонланаётган одамдек яшайдилар.

Рауф ака энг саводхон шоирларимиздан бири эди. Унинг шеъриятимиз янгиланишидаги хизматлари жуда улкан. Шоир ижодда маъно, шакл ва оҳангни ўзгача бир инжаликда юксалтирди. У шеъриятимизнинг интеллектини кўтарди. Жайдариликдан халос этиб, замонавий жаҳон адабиёти даражасига олиб чиқишда улуғ хизматлар қилди.

Рауф Парфининг ҳаёти муаммолардан иборат эди.
Бировлар назарида, муаммоларга кўмилиб қолган Рауф Парфини бошпанали қилиш масаласи катта идорада қўзғолганда ўша жойда ишлаётган Мурод Муҳаммад Дўст:
— Тавба! Тошкентга келганимга йигирма беш йил бўлди. Йигирма беш йилдан буён Рауф Парфига уй олиб бериши масаласи кўндаланг туради, — деб ҳаммани кулдиргани эсимда.
Рауф ака ҳеч қачон уй сўраб, бировнинг олдида мўлтираб ўтирган эмас. Бу вазифа хайрихоҳ дўстлар зиммасида эди.
Рауф ака бошпанали бўлгач, уйни навбатдаги хотинига ташлаб, ҳеч нарса бўлмагандай “халқ эшиги”га чиқиб кетаверарди.
Ҳаммани енгил торттириб ечилган зил-замбил муаммо эса яна Рауф аканинг елкасига гурс этиб тушарди. Дўстларнинг кўнгли хира, аммо шоир сиртида ҳеч нарсани кўрмагандай яшар, фақат у тобора кўзда аранг тутилиб турган бир томчи ёшга менгзаб қолаётганини ҳис қилар эдим…
Оқибат, бу томчи ёш узилиб тушди.
Оқибат, буюк шоир охирги йўлга ўз уйидан чиқмади.
Унинг тобути бировнинг уйидан кўтарилди.
Бунга ҳеч ким айбдор эмас.
У эпланиши қийин одам эди.
Унинг ҳатто паспорти ҳам йўқ, бу ҳужжатни олиш учун аллақандай майда-чуйда идораларга бориш, югуриб-елиш – шоир учун ўлимдан баттар азоб иш эди. Идораларда ҳам ишлай олмас, тартиб-интизом деганнинг уйини ҳадеб куйдиравергандан кейин, ҳар қандай хайрихоҳ раҳбар ҳам у билан хайрлашишга мажбур бўларди.
Рауф ака қайсидир бир теран туйғу билан идоралар, аслида, озодлик дунёда эркин юрмаслиги учун қўйилган катта-кичик, очиқ-яширин тузоқлар эканини жуда аниқ фаҳмларди. Унга қорин тўйғазиш ташвишида эртадан-кечгача аллақандай ишхоналарда айланиб юриш эриш туюларди.
У мутлақ эркинликни истарди.
Шеъриятдан бошқа иш унинг учун ножиддий эди.
Рауф Парфи мангу парвоз учун яратилган қушга ўхшарди.
Аммо ерга қўнмасдан бўладими?
Рауф аканинг ўзи ҳам англаб-англамаган фожиаси мана шунда эди.
Шоирнинг ёнида пайдо бўлган, уни яхши кўрган аёллар, албатта, парвоздан эртами-кечми чарчаб, ерга қўнишни, озгина ҳордиқ олишни, бирор-бир ошёнда ҳамма қатори яшашни истаб қоларди.
Уларнинг истагини бажо келтиришга уринган ноёб қуш эса андак қўним топгач, ошённинг қафасга ўхшашлигини сезиб, юраги сиқилар, яна учишни соғина бошлар, охир-оқибат бир силкиниб, қанот қоқарди-да, яна эркин парвозга айланарди.
Дунё бу одамнинг одамларга ўхшамаган феълига ғаши келиб қарар, қўлидан келадигани – осмонини пасайтиргани-пасайтирган эди.
Оқибат, Рауф Парфи осмони ерга қапишди.
Назаримда, у ўлгани йўқ, ҳалок бўлди.
Эсиз, Рауф ака!..

Рауф аканинг вафотидан бир йилча аввал нашриётлар уйи – “Навоий, 30”нинг кўча зиналаридан кўтарилаётсам, танишлардан бири эшикдан шошилиб чиқиб қолди. Бунча ошиқиб қаёққа кетаётганини суриштирган бўлдим.
— Рауф аканинг “ишхона”сига-да…
У биз қаршисида турган баҳайбат бинонинг ўнг томонига ишора қилди.
Рауф Парфи аллақандай кафечада “соат фалончадан соат фалончагача” улфатлари билан ўтиришини эшитгандим, аммо бу манзилни шу атрофдалигини билмаган эканман. Шоирни кўрмаганимга ҳам анча бўлгани боис ишимни йиғиштириб, ҳалиги танишга эргашдим.
Рауф ака беўхшовроқ икки улфати билан, “дастурхон”нинг аҳволига қараганда, “ночор базм” қилаётган эди. Биз қучоқлашиб кўришдик. Очиғи, Рауф ака ҳам, мен ҳам, ҳеч кимга билдирмасак-да, озгина йиғлоқимиз. Кўзимизга қалқиб келган ёшдан зўриқиб, суҳбатни бошладик…
— “Иш”га чиқибсиз-да, — дедим, бошқа илож қолмаганидан ҳазилга ўтиб.
— Ҳа, “ишхона”мизда тартиб-интизом жуда кучли. Соат ўн яримда шу ерга етиб келамиз, соат бешгача қаттиқ меҳнат қиламиз. Хўш… Душанбада дам оламиз…
Кулишдик.
— Ишламай ўтирибсизлар?
— “Раҳбар” йўқ, — деди Рауф ака худди жиддий ишхонада ўтирган масъул ходимдай вазмин қиёфада. – Бир “раҳбар” келган эди. Бўшашга ариза ҳам ёзмасдан дарҳол кетиб қолди. Иш тўхтаб турибди…
Рауф ака кўп сўзлар қатори “раҳбар”га ҳам янги маъно киритган эди. У “базми жамшид”нинг харажатини кўтарадиган “қурбон”ни мисли кўрилмаган “мансаб”га кўтарар ва ўтиришга келиб қўшиладиган навбатдаги меҳмонларга уни алоҳида ҳурматлаб, “раҳбар” деб таништирар эди. Шоир ҳеч кимни бу мартабага қўярда-қўймай кўтармас, аксинча, одамларнинг ўзи негадир бир ишораданоқ жон-жон деб рози бўларди.
Мана, бир мисол.
Ёзувчилар уюшмасида ишлаганимда коридорга чиқсам, уч-тўрт ёш шоир, Рауф ака таъбири билан айтганда, “дарвеш”лар у ёқдан бу ёққа юриб туришарди, унинг ўзи эса “раҳбар” топиш йўлида жиддий изланаётган экан. Қачонлардир “раҳбар”лик қилганларнинг бугун чўнтаги қуруқ ва шу боис, албатта, бу масъул вазифага асло даъвогар бўлолмасди.
Кўчадан Туроб Тўла кириб келди. Раҳматли кўп яхши одам эди. Ёзувчилар уюшмасида ҳар ўн беш кунда эринмай ёшларнинг шеърият кечасини олиб борар, шу сабабданми, феъли навқирон – ёшлар билан жуда чиқишиб кетарди.
— Мана… Мана… Туроб акам келдилар! – Рауф ака ярашимли табассум билан пешвоз чиқди.
— Ҳа, Рауф? – деди Туроб ака гап нимадалигини аллақачон пайқаб, жилмайганча.
— “Раҳбар” йўқ, — деди Рауф ака куйиниб. – Ҳеч топилмаяпти. Излаяпмиз…
— Топилмаяптими?
— Йўқ-да! Шунга… Ўзингиз… Лекин “раҳбар”лик… яхши иш…
— Менинг вақтим йўқроқ-да…
У киши костюмининг чўнтагидан битта юзталик олиб, Рауф акага узатди.
— Мана!
Рауф ака пулни қўлига олгач, юзталикнинг обрўсидан андак довдираб қолди:
— Кўп-ку!..
У пулни нима қилишини билмай турар: қайтариб бермай деса, анча катта пул, берай деса… Туроб ака “ҳа, майли” деб чўнтагига солиб кетса, нима бўлади!
Рауф ака йўлини топди.
— Биз йигирма сўмини сарфлаймиз, — деди у чин виждон билан. – Қолганини ўзингизга қайтарамиз…
— Ҳаммаси сизларга! – деди Туроб ака ва тепа қаватга элтадиган зина томон юрди. У ҳам негадир бу пулни берганидан роса хурсанддай эди.
— Оббо! – деди Рауф ака бундай сахийликдан ҳамон ўзига келмай. – Кўп-ку…
У зинадан чиқиб кетаётган Туроб акага чин кўнгилдан яна бир бор ваъда берди:
— Қолганини қайтариб берамиз!
Туроб ака ҳотамтойликда қатъий туриб олди:
— Ҳаммаси ўзларингники!..
Рауф ака ва “команда”си бўлажак буюк ишларга чоғланиб, сумкаларни кўтарганча кўчага – озодлик сари чоғланиб турарди.
Мен ҳазиллашдим:
— “Раҳбар” кетиб қолди. Ўтиришларинг энди қандай кечади?
Рауф ака шу заҳотиёқ жавоб топди:
— Туроб акам беш кун давомида ўтиришнинг фахрий раиси бўладилар…
Ана ҳурмат-у, мана ҳурмат!..

“Куз” китобим чоп этилаётганда ёзувчи-шоирлар ўзаро “цензура” деб юритадиган ташкилотнинг қағрига учради.
Аммо буни эшитганим йўқ: феълимнинг чарслигини билган нашриётдагилар мени авайлагилари келганми, бошқа режалари бўлганми, ҳар ҳолда, муаллифга билдиришни лозим топмаган.
Ўша кезлари нашриётда ишлайдиган бир шоира билан учрашиб қолдим.
— Вой, китобингиздан хабар олмайсизми? – деди у. – Шеърларингизни бош муҳаррир ўзича таҳрир қилиб ётибди.
Бир лаҳзада ичимдан ғазабли ғашлик қўзғалиб, вужудимда нимадир қиличдек тикка бўлди.
Бу ҳолнинг оқибати ўзимга аён: кўзимга ҳеч нарса кўринмайди. Кейин, қаердалигидан қатъи-назар, айтадиганимни айтиб, дейдиганимни дейман. На бировнинг юзини хотир қиламан, на бировнинг кўзини.
Айбдор деб ўйлаганим кас эшитолмай юрган ўзи ҳақидаги ҳамма ҳақиқатни бир зумда билиб олиши ҳеч гап эмас.
— Нега таҳрир қилади?
— Хабарингиз йўқми, китобингизни цензура чизиб ташлаган…
— Ана, холос!
Бош муҳаррир ёмон йигит эмас. Шеърларим чоп этилишини истаётгани учун шу ишга қўл урган бўлса керак. Аммо… шеър кўп нозик нарса-да! Бегона биргина сўз тушса ҳам, шеърлиги қолмайди.
Шу кечаси ухлолмай тўлғаниб чиқдим.
Ўша “цензура”нинг онасини кўрсатмасам… Китобим чиқмаса чиқмабди-да!..
Эртасига ҳам ғазаб отидан тушмай, наўриётга жўнадим. Нашриёт ва цензура бир бинода жойлашган. Муҳаррирлардан гапнинг нимадалигини аниқ биламан-у, “эрккесар”ларнинг олдига тушаман!
Навоий кўчасидаги 30-уйнинг эшигини очдим-у… Рауф Парфига дуч келдим!
Менга қараб чарақлаб кулиб турибди. Кўзойнак тагидан кўзлари ажиб нурланади.
— Ие, ие… Жангга кетяптиларми?
Ўша пайтлар Рауф ака ҳам китобим чоп этилаётган нашриётда ишлагани бир зумгагина “қўнган”, шу сабабдан воқеалардан хабардор экан.
— Цензурага борманг! – деди у ниятимни эшитгач, жонкуярлик билан. – Борманг… Яхшиси, улар чизган шеърларни олиб ташланг… Шундоғам қолгани китоб бўлаверади… Уларни кейин… цензура вафот этганидан кейин бошқа китобларда чоп эттирасиз…
Рауф ака жуда жиддий, аллақандай уқтириб, ишонч билан гапирди.
Мен негадир бирдан тинчландим.
Нашриётга бордим-да, рад этилган шеърларни китобдан умуман чиқариб ташлашларини сўрадим.
Шу билан китоб чоп этилиб кетди.
Яхши одамларнинг гапига фаришталар “омин” дейди.
Рауф ака Шўролар дунёни титратиб турган пайтда ишонч билан “Албатта, мустақил бўламиз”, дерди.
Айтгани келди.
Цензура деган идора ҳам тахминан бир йилдан сўнг, ҳақиқатан ҳам, Рауф ака айтгандай, “вафот этди” – тарқатиб юборилди.
Олиб ташланган шеърларим ҳам, Рауф ака айтгандай, кейинги китобларимда нашр этилди.
Шоирлар билан курашмаслик керак.
Курашган одам барибир енгилади.
Масалан, фаришталар ҳар гапига “омин” деб турган Рауф Парфини ким енга олади?!

Куни кеча вафот этган бўлса-да, ҳозир унутилган бу ёзувчининг довруғи ўз вақтида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасини тутган эди. Олтмиш ёшга етганда, назарида, шуҳрати шу қадар юксалгандики, мақтанмасликка илож тополмади.


— Мен ўзбек халқининг отасиман! – деди у ўзи тузган “Пабло Неруда” шеърият клубига қўл остидаги ходимларини йиғиб.
Орқа қаторда ўтирган Рауф Парфи тўнғиллади:
— Ўзбекистоннинг падарига лаънат!..

Рауф ака оиламизга жуда яқин эди.
Шоир ҳақида ҳар хил гаплар етиб кела бошлагач, хавотирга тушдик.
Ўзимизча “Уйга олиб келсак… Шу ерда яшайверсалар бўларди” деган хаёлларгача бордик.
Аммо уни қаердан топамиз?
Аниғини биладиган одам йўқ, “ишхона”ларига ҳам илгаригидай тартиб-интизомда келмаётганини айтишади.
Бир кун хотиним Раънохон билан Навоий кўчасида кетаётсак, нақ қаршимиздан Рауф ака чиқиб қолди.
Ўлиб тирилган одамлардай ўртаниб кўришдик.
— Рауф ака, уйга келинг, — деди Раънохон.
Мен ҳам уйга келишга даъват этдим. “Агар келса, ҳалиги мақсадимизни ҳам бафуржа пишитиб оламиз”, деб ўйладим.
— Агар борсам, мени жуда зўр кутиб оласизлар-а! – деди аянчнинг шуъласи урган табассум билан Рауф ака. У аллақандай ҳаяжонда – юраги пўртанада қолган эгасиз қайиқдай қалқинаётганини сездим.
Кулиб туриб, кўз ёшсиз йиғлашни бунча чиройли, бунча ҳасратли бажармаса бу одам!
— Келинг, кутамиз, — дедик. – Албатта келинг! Эсингиздан чиқмасин!..
— Агар борсам, мени подшоҳдай кутиб оласизлар-да, а?
Унинг кўзларида барибир ёш ҳалқаланди.
Менинг ҳам томоғимга ўкрик тиқилган – фақат “подшоҳлардан баланд кутиб олиш”имизни айтганим айтган.
У ўзини тутиб туриши энди маҳоллигини сезди. Албатта боришга ваъда берди-да, бармоғи билан кўз ёшини билдирмайгина артгач, тезгина хайрлашди-ю, бурилиб жўнади.
Биз ҳам “Э, Рауф ака-ей…” қабилида ниманидир гаплашганча, кўнглимиз тўлиқиб, йўлимидан кетдик.
Ортимга бурилиб қарадим.
Навоий кўчасидан Рауф Парфи эмас, аллақандай йиғи боши оққан оққан тарафга кетаётгандай…
Бу Рауф ака билан сўнгги кўришишимиз эди.

Рўзи ака, Шукур ака ва Рауф Парфи вафот этгандан кейин ҳаёт бир қадар зерикарли бўлиб қолгандай. Чунки бу ақлли, донишманд даҳоларнинг афандиликлари ҳам кўп эди.
Рўзи ака бир давлат бошлиғига “ошно” деб мурожаат этган экан.
Никоҳ тўйига таклифнома тарқатаётган Рауф ака “Уйланаяпсанми?” деган саволга “Онам уйланаяптилар”, деб жавоб берган экан.
Шукур ака рашки келиб, рақибини “Сўяман!” деб жўш урганда, ёнидаги жиловдор укаси оддийгина қилиб, “Сўйинг!” дегач, “Ўлигини қаерга қўямиз?” дея ўйланган экан…
Дунё афандиларсиз ҳам яшайверади.
Лекин бу даҳо афандилар ҳаётлигида дунё ғоят чиройли эди.
Манба: «JannatMakon» журнали, 2012, март
Download 47,35 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish