Surxondaryoda hokim yordamchisi 5,5 mln so‘m pora olayotganda ushlandi
Surxondaryo viloyati Jarqo‘rg‘on tumani hokimining yordamchisi B.X. fuqarodan 5,5 million so‘mni firibgarlik yo‘li bilan olgan vaqtida ashyoviy dalillar bilan ushlandi, deb xabar beradi O‘zA.
Ma’lum qilinishicha, fuqaro A.M. tumandagi “Yangiobod” mahallasi hududida tadbirkorlikni amalga oshirish uchun hokimlik orqali yer maydoni olmoqchi bo‘lgan.
Hokim yordamchisi B.X. esa unga mahalla hududidan stadion va sport majmuasi qurish uchun “E-auksion” orqali tuman hokimligi zaxirasida bo‘lgan 60 sotix yer maydonini tanishlari orqali olib berishda yordam berishi mumkinligini aytib, evaziga fuqarodan 5,5 million so‘m pul talab qilgan. U pulni olgan vaqtida DXX xodimlari tomonidan qo‘lga olingan.
Bundan oldin Namanganda tuman hokimi o‘rinbosari 10 ming dollar pora olayotganida ushlangani, Mirishkor tumani hokimi o‘rinbosari 50 ming dollar pora bilan qo‘lga olingani to‘g‘risida xabar berilgandi.
Manba: https://daryo.uz/2022/03/10/surxondaryoda-hokim-yordamchisi-55-mln-som-pora-olayotganda-ushlandi/
Наманганда ҳоким ёрдамчиси жиноят устида қўлга олинди
Чуст тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси, бошқа шериклари билан биргаликда, ер ажратиб бериш учун 1,5 минг доллар ва 5,6 млн сўмни олган вақтида ушланди.
Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти
Чуст туманида фуқарога фермер хўжалиги ер майдонини олиб бермоқчи бўлган ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериклари ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти маълум қилди.
Ўтказилган тезкор тадбирда, Чуст тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Ф.А., “R.N.” фермер хўжалиги раҳбари Р.А. ва бошқалар хўжаликнинг “Какликқўрғон” МФЙ ҳудудидаги 5,3 гектар ер майдонини 15 минг доллар эвазига фуқаро Н.га боғдорчилик ташкил этиш учун ажратиб беришни ваъда қилиб, олдиндан 1,5 минг доллар ва 5,6 млн сўмни фуқаролар И.И. ва К.Р. орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Манба: https://kun.uz/news/2022/04/12/namanganda-hokim-yordamchisi-jinoyat-ustida-qolga-olindi
Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси пора билан қўлга тушди
Тадбиркорнинг 15 500 АҚШ долларини қўлга киритган Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг шериги ушланди.
Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. ва туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. пора олиш вақтида қўлга олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, бу шахслар тадбиркор Р.дан қурилишга рухсатнома ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун 15,5 минг доллар олишган, яна 1 минг доллар олиш вақтида қўлга тушган.
«Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Зангиота тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. билан олдиндан тил бириктириб, хусусий тадбиркор Р.нинг ишончига кириб, унга «Мевазор» МФЙда жойлашган 8 сотих ер майдонида турар жой биносини қуриш учун рухсатнома олиб бериш ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2021 йил давомида жами 15 500 АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», дейилади хабарда.
Манба: https://kun.uz/news/2022/04/06/zangiota-tumani-hokimi-yordamchisi-pora-bilan-qolga-tushdi
Do'stlaringiz bilan baham: |