8-Мавзу Разъездлар, қувиб ўтиш пунктлари вазифаси
Режа:
1.Буйлама турдаги разъезд
2.Ярим буйлама турдаги разъезд
3.Кундаланг турдаги разъезд
4.К,увиб утиш пунктлари
Разъездлар бир йўллик линияларда йўлнинг поезд ўтказиш қобилиятини таъминлаш учун қурилади. Ишининг характерига қараб разъездлар рўбарў ҳаракатланишдаги поездларни ўзаро ўтказиб юбориш учун мўлжалланиб, улар орқали якка ва бирлаштирилган поездлар тўхтатилиб (бирини ёки иккисини ҳам) ёки бетўхтов ўтказилади. Разъездларда қабул қилиш-жўнатиш йўллари бош йўлга нисбатан бир томондан ёки икки томондан жойлаштирилиши мумкин. Поездларнинг рўбарў ўтиши ва ўзиб ўтишидан ташқари разъездларда айрим поездларга йўловчиларни ўтказиш ва тушириш, кам миқдорда тўкма юкларни ортиш-тушириш ишлари ҳам бажарилади. Разъездларда ортилган ёки туширилган вагонларнинг ташиш ҳужжатлари одатда шу яқиндаги юк ишларини бажарадиган станцияда расмийлаштирилади.
Поездларни ўтказиш учун тўхтатиладиган поезд (одатда станцияга биринчи бўлиб келаётган поезд) ён томон қабул қилиш-жўнатиш йўлига олиб тўхтатилади. Рўбарў келаётган иккинчи поезд эса бош йўл бўйлаб бетўхтов ўтказиб юборилади. Ҳаракат ушбу тартибда ташкил этилганда поездларнинг вақт йўқотишлари кам бўлади ва йўлларнинг поезд ўтказиш қобилиятидан унумли фойдаланилади. Поездларнинг ўзаро ўзиб ўтиши учун олдиндан келаётган поезд ён томон қабул қилиш-жўнатиш йўлида тўхтатилади, унинг кетидан келаётган тезюрар поезд эса бош йўл бўйлаб бетўхтов ўтказиб юборилади. Тезюрар поезд етарлича узоқлашгандан кейин йўл ҳозирланиб тўхтатилган поезд жўнатилади.
Поездларни тўхтатиб ўтказиш учун мўлжалланган (бош йўлдан ташқари икки қабул қилиш-жўнатиш йўллари мавжуд бўлган) разъездлар (6.1- расм) қабул қилиш-жўнатиш йўлларининг ўзаро жойлашиши бўйича уч турга бўлинади: 2 ва 3 қабул қилиш-жўнатиш йўллари ўзаро бўйлама (Iа, Iб чизмалар), ярим бўйлама (II чизма) ва кўндаланг (III чизма) турда жойлашган разъездлар. Бўйлама турдаги Iа чизмада 2- ва 3-йўл бош йўлнинг бир томонида кетма-кет жойлашган.
Разъездларда қабул қилиш-жўнатиш йўлларидан ташқари қўшимча 4 - берк йўл қурилган бўлиб, бу йўл ҳар хил мақсадларда ишлатилиши мумкин (хизмат вагонлари, тўкма ва айрим юкларни ортиш-тушириш учун). Ўрта Осиё аграр ишлар чиқариш ҳудуди ҳисобланиб, Ўзбекистондаги кўпгина разъездларда мавсумий ҳосил йиғими вақтида полиз маҳсулотларини ортиш-жўнатиш ишлари разъездларда ҳам бажарилади.
Разъезд чизмалари: Iа, Iб – йўллари кетма-кет жойлашган бўйлама
турдаги разъезд; II – йўллари ўзаро силжитиб жойлашган ярим бўйлама турдаги разъезд; III – йўллари параллел жойлашган кўндаланг турдаги разъезд
1, 2, 3 - йўллар икки томондан (жуфт ва тоқ йўналишлардан) келаётган поездларни қабул қилиш учун ишлатилади. Агар разъезднинг бирор ярмида йўл қияликда жойлашган бўлса (масалан, Iа, Iб, II - чизмалардаги 3-йўл) у ҳолда ушбу йўлни бир томонга қарата ҳаракат учун ихтисослашга рухсат этилади.
Тўхтаб ўтиш кўзда тутилган йўловчи поездлари асосий йўловчи платформаси йўлига (III - чизмадаги 2 - йўл, бошқаларида бош йўл) қабул қилинади. Агар разъездларда икки томондан келаётган йўловчи поездларининг тўхтаб ўтиши кўзда тутилган бўлса, у ҳолда чизмадаги пунктир билан кўрсатилган йўловчи платформаларига эҳтиёж туғилади.
Разъезддан тўхтамай ўтадиган барча йўловчи ва юк поездларини асосан бош йўл бўйлаб ўтказиш назарда тутилади. Бунда ҳаракат тезлигининг юқори бўлишига эришилади ва ҳаракат хавфсзлигига таҳдид солувчи қўшимча қаршиликлар камаяди.
Иккита қабул қилиш-жўнатиш йўлларининг мавжудлиги разъездга қарама-қарши йўналишда иккита юк поездини қабул қилиб ундан кейин бош йўл бўйлаб, йўловчи поездини ўтказиб юбориш имконини беради, яъни рўбарў ҳаракат ва ўзиб ўтиш жараёнлари бир варакайига бажарилиб, пакетли ҳаракат жадвалларида жуфт поездларни рўбарў ўтказиш имконини ҳам беради: чизмада пакетдаги иккита поезд 2- ва 3- қабул қилиш-жўнатиш йўлларига олиниб, рўбарў ҳаракат пакети поездлари бош йўл бўйлаб тўхтамай ўтказилади.
Разъездларда йўлнинг поезд ўтказиш қобилияти суткасига 12 жуфтдан ошмаса бир қабул қилиш-жўнатиш йўли, 13 - 24 жуфт орасида бўлса бир ёки икки йўл ва 24 жуфтдан ортиқ бўлса икки қабул қилиш-жўнатиш йўли ётқизилади. Узел олди разъздларида поездлар ҳаракатини ростлаш ва бошқариш мақсадларида қабул қилиш-жўнатиш йўллари сони яна бир йўлга оширилиши мумкин.
Разъездларда қабул қилиш-жўнатиш йўлларининг фойдаланиш масофаси ушбу йўналишда белгиланган фойдали узунлик бўйича олинади. Кўндаланг турдаги чизмаларда меъёрий фойдали узунлик биринчи бош йўл бўйича таъминланганда бошқа қабул қилиш-жўнатиш йўлларининг узунлиги конструктив тузилиши бўйича меъёрдан каттароқ бўлади.
Разъездларнинг ҳар хил турдаги чизмалари (6.1-расм) ўзига хос конструктив хусусиятларга эга.
Яқин келажакда ёппасига ёки айрим участкаларда иккинчи бош йўл қуриш ёхуд бирлашган поездларни ўтказиш мўлжалланган I ва II тоифали темир йўлларда Iа чизмадаги 2- ва 3- қабул қилиш-жўнатиш йўллари бош йўлнинг бир томонида кетма-кет жойлашиши бўйлама турдаги разъезднинг асосий чизмаси ҳисобланади.
Ушбу кўринишдаги ҳолатда темир йўлнинг босқичли ривожланиши ва поезд ўтказиш қобилиятининг ўсиши таъминланади. Iа чизмадаги разъезднинг ишини ташкил қилишда икки томондан юк поездларини баравар ўтказиш ва уларнинг бирортасини йўловчи поезди томонидан қувиб ўтишни ташкил қилиш Iб чизмадаги разъездга нисбатан мураккаброқ бўлади. Бундай ҳолда йўловчи поездини фақат бош йўл бўйлаб ўтказиш кўзда тутилса, рўбарў келаётган юк поездларини олдинма кейин 2- ва 3-йўлларга қабул қилиб тўхтатиш лозим бўлади. Шунинг учун разъездларда иккита съезд қуришни кўзда тутиш керак.
Қабул қилиш-жўнатиш йўллари устки қурилмаларининг қуввати поездлар ҳаракатини бетўхтов ташкил қилиш талабларига жавоб бериши керак.
Iа чизмада бош йўлнинг бўйлама профили ва йўловчиларга кўрсатиладиган хизматларни қулайлаштириш мақсадларида йўловчи биноси ва платформаларни станциянинг бошқа қисмларида жойлаштириш вариантлари бўлиши мумкин.
Iб чизмада кетма-кет жойлашган 2- ва 3- қабул қилиш-жўнатиш йўллари бош йўлнинг икки томонидан жойлашиб 3-йўл ҳаракат йўналишига тескари, йўловчи биноси томон силжитилган. Шунинг натижасида рўбарў келаётган поездларни икки томондан баравар қабул қилиш ва ҳаракат хавфсизлигини юқори даражада таъминлш мумкин. Йўловчи поездлари рўбарў ҳаракат ва ўзиб ўтишда бош йўл бўйлаб ўтказилади.
I б чизмаси йўловчи ва бошқа поездлар ҳаракатида ўзаро ўзиб ўтиш ҳоллари кўп бўлган разъездларда қўлланади ва юк ортиш-тушириш майдончалари бош йўлнинг икки томонида жойлашган ҳолатларда қулай бўлади.
Чизмада кўрсатилан 7/9 съезди станцияда маҳаллий юк вагонларини ортиш-тушириш майдончаларига ўтказиш билан боғлиқ бўлган манёвр ҳаракатлари учун қурилади.
Бўйлама турдаги разъездни қуриш учун зарурий станция майдонининг узунлиги катта бўлади
м.
Бунда: lф – қабул қилиш-жўнатиш йўлларининг фойдаланиш масофаси.
Майдон узунлиги етарли бўлмаган қийин шароитларда йўловчи иншоотлари ва рўбарў ҳаракат поездини ўтказувчи йўл узунлигини қисқа майдончада (кўндаланг турдаги каби) жойлаштириб разъезднинг манёвр ҳаракатлари ва таркибдан локомотив ажратилмайдиган қолган қисмини 2,5‰ - 10‰ бўлган қияликда жойлаштиришга рухсат этилиши мумкин.
Ярим бўйлама турдаги 2-чизма (6.1-расм) бўйлама турдаги 1-чизмада қабул қилиш-жўнатиш йўлларини ўзаро силжитиб қисқа масофада жойлаштириш орқали юзага келади
м.
Биринчи бош йўлда йўловчи биноси олдида йўловчи поезди сиғиши учун қабул қилиш-жўнатиш йўллари ўзаро камида 500 – 550 м масофага силжитилиши керак.
II чизма асосан бўйлама турдаги Iб чизмани қайтаради, аммо унда стрелкали ўтказгичлар тарқоқ жойлашган бўлиб, уларни бошқаришни марказлаштириш лозим бўлади.
Майдон узунлиги қисқа бўлган танқис шароитларда станция йўллари кўндаланг турдаги каби қисқа майдончада жойлаштирилиб, қолган қисмини тегишли ҳолатлар учун 2,5‰ - 10‰ қияликда жойлаштиришга рухсат этилади.
Кўндаланг турдаги III чизмада 2- ва 3-қабул қилиш-жўнатиш йўллари бош йўлнинг икки томонида жойлашган. Кириш қисмидаги стрелкали ўтказгичлар ўзаро ўнг томонлама ҳаракат тамоили бўйича (кириш стрелкаси ўнг томонга йўналган) жойлаштириш тавсия этилади. Б томондан поездлар 3-йўлга А дан 2-йўлга қабул қилинганда фақат стрелкали ўтказгичларга қарши ҳаракат бажарилади.
I ва II тоифали йўлларда кўндаланг турдаги разъезд учун зарурий майдон узунлиги йўлнинг фойдаланиш масофасига қараб қуйидагича олиниши мумкин.
м.
III ва IV тоифали йўлларда майдон узунлиги 150 м қисқароқ олинади.
Ҳар хил турдаги разъезд чизмаларини таҳлил этиш ва таққослаш бўйлама турдаги чизмаларнинг қуйидаги афзалликларини кўрсатади: икки томондан баробар қабул қилишда ҳаракат хавфсизлиги юқори даражада таъминланади; станциялар орасидаги йўл участкасининг поезд ўтказиш қобилияти ошади; узайтирилган ёки бирлашган поездларни ўзаро ўтказиш мумкин; тўхтаган поездларнинг қўзғалиши ва тезлашиши учун шароит қулайлашади.
Бўйлама турдаги икки чизмадан Iа чизмаси рўбарў ҳаракатланаётган юк поездларини (ўзиб ўтиш бўлмаган ҳолда) ўтказиш учун анча қулай, шу жумладан бирлашган поездларни ўтказишга ҳам осон. Агар юк поездларидан биронтасини йўловчи поездлари қувиб ўтадиган бўлса, у ҳолда Iб чизмаси қулай бўлади. Шунинг учун Iб чизмасини йўловчи поездлари ҳаракати кўп бўлганда қўллаш мақсадга мувофиқ. II чизмадаги ярим бўйлама турдаги разъезд Iб чизмага яқин бўлиб, майдон узунлиги қисқа бўлганда қўллаш мақсадга мувофиқ.
I ва II тоифали йўлларда келажакда иккинчи бош йўл қурилиши мумкинлигини этиборга олиб разъездларни бўйлама турда лойиҳалаш тавсия этилади. Мураккаб топографик, геологик ва бошқа маҳаллий шароитларда ҳамда III ва IV тоифали йўлларда кўндаланг турдаги разъездларни лойиҳалаш тавсия этилади.
Шу билан бирга I ва II тоифали йўлларда разъезд тури ва чизмасини танлаш улар орқали йўловчи ва юк поездларини ўтказишни ташкил қилишда босқичма-босқич ривожланишни ҳисобга олган ҳолда бажарилиши керак.
9-Мавзу Оралиқ станциялар.
Режа:
Оралиқ станциялар турлари.
Оралиқ станцияларда бажариладиган асосий технологик жараёнлар.
Оралиқ станцияларда йўловчи иншоотлари.
Оралиқ станцияларнинг таснифланиши қабул қилиш-жўнатиш йўлларининг, йўловчи ва юк иншоотларининг ўзаро жойлашуви, бош ва қабул қилиш-жўнатиш йўлларининг сони, юк иншоотларининг ривожланиши ва корхона шохобча йўлларининг мавжудлиги кабилар билан белгиланади.
Оралиқ станцияларнинг разъезд ва ўзиб ўтиш пунктларидан фарқи, уларда йўловчи ва юк поездларини бетўхтов ўтказиш, тўхтайдиган поездларни қабул қилиш ва жўнатиш, йўловчиларни поездларга чиқариш ва туширишдан ташқари қуйидаги ишларнинг бажарилишидир: юкларни ортиш-тушириш ва сақлаш ҳамда юк ҳужжатларини тайёрлаш; багажларни қабул қилиш, эгаларига бериш ва сақлаш; терма поездларга вагонларни қўшиш ва ажратиш, айрим ҳолларда станцияда ортиладиган вагонлардан жўнатувчи маршрутли поездлар тузиш ёки поғонасимон маршрут поездлари таркибига вагонларни гуруҳлаш; корхона шохобча йўлларига хизмат кўрсатиш, вагонлар бериш ва йиғиб келиш; кўплаб тўкма юклар ортиладиган айрим станцияларда вагонларнинг оғирлигини ўлчаш ва бошқалар.
Сурункали пасаювчи қиялик олдида жойлашган, поездлар техник эҳтиёжлар учун тўхтатиладиган станцияларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тормозлар синови ўтказилади.
Агар разъезд ва ўзиб ўтиш пунктларида асосан поездларни қабул қилиш, жўнатиш ва ўтказиб юбориш ишлари бажарилса, оралиқ станцияларда эса ушбу технологик жараёнлардан ташқари, юк ва тижорат ишлари ҳам бажарилади.
Оралиқ станцияда бажариладиган технологик жараёнлар қуйидагилар: йўловчи ва транзит юк поездларини қабул қилиш, жўнатиш ва ўтказиб юбориш, терма юк поездлари билан маневр ишларини бажариш, улар билан келадиган маҳаллий юк вагонларини корхона шохобча йўлларига ва юк фронтларига узатиш ҳамда йиғиб келиш. Айрим оралиқ станцияларда поғонасимон ва жўнатувчи маршрутларини тузиш, зарурий ҳолларда поездларга тиркама локомотив қўшиш ёки ажратиш билан боғлиқ бўлган ишлар бажарилади.
Йўловчиларга хизмат кўрсатиш жараёнлари йўловчиларни поездларга чиқариш, тушириш, чипталарни сотиш, йўловчи поезди тезлигида ташиладиган багаж ва юкларни ортиш-тушириш, қабул қилиш, эгаларига бериш ва сақлаш кабилардан иборат.
Юк ва тижорат ишлари юкларни қабул қилиш, ортиш-тушириш, эгаларига бериш ва сақлаш, ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш, ташиш хизматлари учун ҳисоблашиш, вагонлар оғирлигини ўлчаш кабилардан иборат.
Поездлар ҳаракатини аниқ ва хавфсиз ташкил қилиш ва бошқа жараёнларни бажариш учун ҳар бир станцияда техник бошқарув далолатнома (ТБД) мавжуд бўлиб, у станциянинг барча техник қурилмаларидан фойдаланиш тартибини, уларни бажариш кетма-кетлигини ва мазмунини белгилайди. Поездлар ҳаракатини бошқариш билан боғлиқ бўлган ходимлар фаолияти темир йўллардан техникавий фойдаланиш қоидалари (ТФҚ), поезд ҳаракати ва маневр ишлари бўйича йўриқномаларда кўрсатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |