Палов ўзбек халқининг энг севимли таоми ҳисобланади. Ҳар бир оилада ҳафтасига камида икки марта албатта палов пиширилади. Одамлар хурсандчилик кунларида, тўйларда ва азада ҳам паловсиз маросим ўтказмайди. Ўзбекистон аҳли учун палов нафақат таом, балки ҳақиқий санъат асаридир. Чунки ҳар бир вилоятнинг ўзига хос палови бор. Қуйида палов ҳақида қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
1. Дунёнинг кўплаб давлатларида палов ўша жойда яшовчилар тарафидан алоҳида номланган. Масалан, Испанияда паловни Паэлья деб аташади. Унинг ўзбек паловидан фарқли жиҳати шундаки, паэлья денгиз маҳсулотлари қўшилган ҳолда тайёрланади.
2. Қадимда Ўрта Осиёда паловни қўй терисига ўраб пиширишган. Бунинг учун чуқур ковланган. Қалин ва мустаҳкам қўй терисига палов масаллиқлари солиб беркитилган. Тери устига кўмир ташлаб олов ёқишган. Шундай қилиб ичкаридаги ҳарорат бир хилда ушлаб турилган.
3. Палов X-XI асрлар оралиғида пайдо бўлган. Тарихий манбаларда битилганки, ўша даврларда палов тўйларда, катта байрамларда дастурхонга тортилган.
4. Ўз даврида соҳибқирон Амир Темур паловни аскарларнинг таомномасига қўшган. Бир куни Анқарага ҳужум арафасида унинг боши қотган. Армия катта, қандай қилиб бу жангчиларнинг қорни тўяр даражадаги, барчасига етадиган даражадаги таом пиширса бўлади? Шунда хос муллаларидан бири маслаҳат берган. У айтганки, палов пиширилиб, биттадан чашкада жангчиларга тарқатилса, нафақат етарли бўлади, балки, жангчи шу миқдордаги паловдан икки-уч кунга етадиган куч тўплайди… Қарабсизки, Амир Темур армияси Анқарага қилинган ҳужумда ғалаба қозонди. Ўшандан кейин соҳибқирон паловни армиянинг асосий таомига айлантирган.
5. Айрим тарихий манбаларда ёзишларича, дунёда паловни биринчилардан бўлиб Александр Македониский армияси жангчилари татиб кўрган экан.
6. Туркия ва Эронда паловни балиқ билан ҳам тайёрлашади. Улар гуручни ва бошқа масаллиқларни алоҳида-алоҳида пишириб, товоққа сузаётгандагина аралаштиришади.
ГУРУЧ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР
1. Гуручни музлатиб қўйиш мумкин эмас. Музлатиш унинг барча хусусиятларини йўққа чиқаради.
2. Гуручнинг 70 фоиз қисми углеводлардан иборат. Оқсил унда жуда кам. Шу сабабли гуруч парҳези ҳеч қачон фойда бермайди.
3. Косметик упалар ҳам асосан гуручдан тайёрланади.
4. Шоли поясидан саноатда қоғоз ва картон ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
5. Гуруч етиштириш бундан тахминан 9-10 минг йил олдин анъанага айланган экан.
6. Статистик маълумотларга қараганда, дунёда 1 миллиард нафардан кўпроқ одам айнан шоликорлик билан шуғулланади.
7. Айрим тоғли ҳудудларда фақат қизил гуруч етиштирилади.
8. Гуруч дунёнинг кўплаб мамлакатларида бойлик тимсоли саналади. Шунинг учун янги келин-куёвнинг бошидан гуруч сепишади.
МАСАЛЛИҚЛАР
қўй гўшти - 1 кг
сабзи - 1 кг
пиёз - 300 гр
гуруч - 1 кг
сув - 1 литр
туз - 1 ош қошиқ
қўй ёғи - 400 гр
ТАЙЁРЛАШ УСУЛИ
Қозонга 2х2 см кубик шаклида тўғраб олинган думба ташлаб, жизза тилла ранг тусга кириб, ёғи чиққунга ва жизза тилла тусга киргунга қадар эритилади ва жиззасини сузиб олинади. (Агарда жиззасини емайдиган бўлсангиз ва ёғи кўпроқ чиқсин десангиз жиззани бироз кўпроқ қозонда ушлаб туриш керак бўлади) Жиззани асло ташлаб юборманг, чунки бу ҳам ўзгача бир таъм ва лаззатга эга. Иссиқина жиззани устига туз ва мурч сепиб, озига тўғралган пиёз билан қўшиб танаввул этилади. Қизиб турган ёғга аввал ярим халқа шаклида тўғралган пиёзни ташлаб, пиёз жигарранг тусга киргунча қовурилади, бу жараён кейинчалик чойхона паловимиз рангини чиройлик чиқишини таъминлайди. Жигарранг тусга кирган пиёз устига 2х2 см кубик шаклида тўрғаб олинган гўшт солиб, гўштни суви чиқиб тугагунча қовурилади, бу орада туз солиб юборса ҳам бўлади Сўнгра сомон шаклида тўғралган сабзи ташлаб 10-15 дақиқа қовурилади, бу жараённи маҳаллий тил билан "зирвак" дейилади. Кейин сув қуйиб, 5-10 дақиқа қайнатилади. Сув қайнаб чиққач, тузини кўриб, кам-кўсти бўлса тўғриланади, сўнгра илиқ сувда ивитилган гуручни қозонга аввал четидан бошлаб, кейин ўртасига солинади. Паловни тайёрлаш жараёни нақадар муҳим бўлса, дамлаш жараёни ундан-да ҳушёрликни талаб қилади, бўлмаса натижа кутилганидек чиқмаслиги мумкин.
Қозонда ичидаги гуруч имкон қадар бир хилда қайнаши керак бўлади, остидаги олов бўлса жуда баланд ҳам, паст ҳам бўлмаслиги лозим.
Чунки паст оловда палов гуручлари бўшашиб ланж бўлиб қолиши мумкин, баланд оловда эса ҳали гуручлар буғланмасдан, пишмасдан олдин суви тугаб, тагига олиши мумкин.
Қозондаги гуруч 1-2 дақиқа қайнаб, буғлангач, гуручларни оҳисталик ила аралаштирасиз, аниқроғи гуручни устки қисмини остига, паст қисмидагини устидан чиқазиш лозим бўлади, шу ҳолни то суви қайнаб тугунга қадар яна бир ёки икки марта такрорлайсиз. Суви қайнаб тугаган ва 2-3 марта айлантирилган гуручни ўртага тўплаб, устига зирани эзиб солиб юборасиз, таъбга кўра майиз ҳам қўшиб, 15-20 дақиқага димлаб қўясиз. Тайёр бўлган чойхона паловни яхшилаб аралаштириб, лаганга солиб, таъбга кўра безатиб дастурхонга тортиқ қилинади. Асл чойхона палов ортиқча қўшимчаларсиз бўлиши кераклигини уқтиришади устозларимиз. Лекин шунга қарамай баъзи паловхўрлар қўшимчалар қўшишади. Мисол учун, қази, думба, бедана тухуми, саримсоқ ва ҳ.к. Бу каби қўшимчалар ҳар бир кишининг ўз истаги ва таъбига кўра; истаган қўшиши ёки қўшмаслиги мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |