Олим давлатов



Download 0,53 Mb.
bet1/8
Sana26.04.2022
Hajmi0,53 Mb.
#581673
  1   2   3   4   5   6   7   8
Bog'liq
2 5381981221779675655


ОЛИМ ДАВЛАТОВ

ИБН АЛ-АРАБИЙ ВА УНИНГ


ВАҲДАТ УЛ-ВУЖУД ФАЛСАФАСИ
ТОШКЕНТ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
“ФАН” НАШРИЁТИ– 2008
Қўлингиздаги ушбу китобда ўрта асрлар мусулмон Шарқи фалсафасининг йирик намояндаларидан бири – Муҳйиддин Ибн ал-Арабий ҳаёти ва фаолияти ҳақида қисқача маълумот берилган. Шунингдек, фалсафий тафаккур тарихида “Ваҳдат ул-вужуд” номи билан шуҳрат қозонган таълимоти ҳақида ҳам унинг асарлари асосида мулоҳаза юритилган. Илова қисмида нақшбандийлик тариқатининг йирик намояндаси Хожа Муҳаммад Порсо қаламига мансуб бўлган Ибн ал-Арабийнинг “Фусус ул-ҳикам” китобига ёзилган шарҳининг таржимаси келтирилган.
Масъул муҳаррир: филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов
Тақризчилар: фалсафа фанлари доктори Ҳайдар Алиқулов
фалсафа фанлари доктори Расулжон Носиров

ISBN 978-9943-09-497-0


©Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси


“Фан” нашриёти, 2008.
МУҚАДДИМА


Шарқ фалсафий-ирфоний тафаккури тарихида муҳим ўрин эгаллаган тасаввуфнинг тадрижий тараққиётини шартли равишда учта муҳим босқичга даврлаштириш мумкин: Биринчи босқич тасаввуфнинг шаклланиши ва алоҳида бир йўналиш сифатида зуҳд, калом ва фалсафа қобиғидан ажралиб чиқиш давридан бошланиб, пир-муридлик муносабатлари асосида тасаввуфда ҳам сўфиёна фирқалар, хонақоҳ ва силсилалар пайдо бўлиш давригача қамраб олади. Иккинчи босқич, профессор Н.Комилов таъбири билан айтганда, “тасаввуфнинг фалсафалашиш даври” бўлиб, милодий XIII-XIV асрларгача давом этган. Биринчи босқичга оид тасаввуфий манбаларда асосан машҳур сўфийларнинг кашфу кароматлари ва ҳикматомуз сўзлари келтирилса, фалсафа ва тасаввуфни боғлаган иккинчи босқич намояндалари инсон моҳияти ва руҳониятининг ақл мезонлари билан ўлчанмайдиган ҳолатлари, сайру сулук, Худо ва инсоннинг ўзаро муносабатлари, руҳиятнинг такомил босқичларини тасвир ва таҳлил этишга асосий эътиборни қаратганлар. Учинчи босқичдаги сўфийлар эса, асосан салафларининг гўзал анъаналарини ривожлантиришга кифояланганлар– айримлари тасаввуф ва ирфон назарияси билан шуғулланиб, Калободий, Шабистарий, Суҳравардий, Абдулкарим Жилий, Саноий, Аттор, Румий каби мутафаккирларнинг фалсафий-ирфоний асарларига шарҳлар битган бўлсалар, бошқа бир гуруҳ сўфийлар силсила орқали давом этиб келаётган тариқатларнинг янги ҳалқалари бўлганлар ёхуд бутунлай янги тариқатларга асос солганлар. Мустақиллик шарофати билан жадал ривожланиб бораётган ўзбек тасаввуфшунослиги ва фалсафасида тасаввуф ва ирфон фалсафасининг муаммолари бўйича қатор ишлар қилинганини мамнуният билан эътироф этган ҳолда бу йўналишда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар ҳали жуда кўплигини ҳам айтиш лозим. Шундай масалалардан бири тасаввуф ва фалсафа тарихида ўчмас из қолдирган буюк мутафаккир Муҳйиддин Ибн ал-Арабийнинг ҳаёт ва фаолиятини кенг ўрганиб, ўзбек китобхонига етказишдир. Ибн ал-Арабийнинг етти аср олдин фоний олам билан видолашганига қарамасдан, унинг номи жаҳон илм-фани ва маънавияти тарихида ноёб ҳодиса сифатида эътироф этилган мутафаккирлар билан бир қаторда туради. Ислом фалсафий тафаккури тарихига жиддий шуғулланган ҳар бир кишини унинг таълимоти бефарқ қолдиролмайди. Узоққа бормай, Ибн ал-Арабийни илк бора ўзбек китобхонига таништирган ва унинг таълимоти ҳақида дастлабки тасаввурни уйғотганлардан профессор Нажмиддин Комиловнинг икки жилдлик “Тасаввуф” китоби, филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққулнинг “Шайхи Акбар” (“Тафаккур” журнали, 2002 йил, 1-сон) номли мақоласи, таниқли олим Абдулҳаким Шаръий Жузжонийнинг “Тасаввуф ва инсон” (“Адолат” нашриёти, 2001 йил) китоби, навоийшунос олим А.Абдуғафуровнинг “Алишер Навоий ва ваҳдат ул-вужуд фалсафаси” номли докторлик диссертацияси, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китоби (“Мовароуннаҳр” нашриёти, 2002 йил), фалсафа фанлари номзоди Жаъфар Холмўминовнинг “Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг фалсафий-ирфоний қарашлари (“Шарҳи рубоиёт” асари асосида)” номли диссертацияси мисолида бу ҳолатни кузатиш мумкин. Қолаверса, унинг ўзи бу ҳақда шундай башорат берган: “Ҳар бир аср буюк бир шахсиятнинг номи билан эсланур; бундан кейинги барча асрлар менинг номим-ла хотирланажак.”

ИБН АЛ-АРАБИЙ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ


Фан тарихида Муҳйиддин ибн ал-Арабий номи билан донг таратган Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн ал-Арабий ат-Тоий ал-Андалусий ҳижрий қамарий 560 йил, милодий ҳисобда 1165 йил 7 августда бугунги Испаниянинг Андалусия воҳасининг Мурсия шаҳрида таваллуд топган. Асл исми Муҳаммад бўлиб, динни эҳё қилувчи маъносини берувчи “Муҳйиддин” унинг ифтихорий лақабидир. Аждодлари арабларнинг Тай (машҳур Ҳотами Тойнинг қавми) қабиласидан бўлиб, улар Андалусияга Арабистондан бориб қолган. Отаси Али ибн Муҳаммад билимдон, илоҳий файздан баҳраманд, Ҳақ назари тушган одам бўлган экан. Андалусиянинг ўша давр ҳукмдорлари бўлган Моваридлар сулоласининг ёрқин сиймоларидан ҳисобланмиш Муҳаммад ибн Мардонишнинг саройида алоҳида нуфузга эга бўлган отаси жуда эрта вафот қилгани боис, Ибн ал-Арабий ўз амакиси Аҳмад бин Муҳаммад тарбиясида камол топган ҳамда ҳадис илмини дастлаб шу амакисидан ўрганган.
Тарихий манбалар гувоҳлик беришича, қодирия тариқатининг асосчиси Ғавсулаъзам Абдулқодир Жилоний Мағриб диёридан бир улуғ зот зуҳур этишини башорат қилган экан. Кейинроқ Ибн ал-Арабий Ҳазрат Ғавсулаъзамнинг табаррук хирқасини кийишга мушарраф бўлади. Ўттиз ёшида у ўз теран тафаккури, беқиёс салоҳияти ва кенг дунёқараши туфайли илм ва ирфон аҳли ўртасида катта обрў қозонади.
Илм йўлида Андалусия ҳамда Шимолий Африкада жойлашган илмий-маданий марказларни кезиб юрган Ибн ал-Арабий ҳижрий қамарий 598 йили, милодий 1200 йилда муборак ҳаж сафарига боради икки-уч йил Каъбатуллоҳ атрофида яшади. Мусулмонларнинг муқаддас шаҳрини бир муддат макон тутиш ориф ва сўфийлар учун одат бўлган эди. Албатта, бу одатни фақат сўфийларга нисбат бериш ҳам инсофдан эмас. Масалан, Замахшарийни олайлик. Унинг уйи Каъбага шунчалик яқин эдики, уни “Жоруллоҳ” (Аллоҳнинг қўшниси) лақаби билан атайдилар. Замахшарийнинг ўзи “Кашшоф” тафсирида “Анкабут” сурасининг оятиларининг бирини шарҳлашда ёзганки, маконларнинг таъсиридан ғофил бўлманг, кимки йиллар давомида Аллоҳ таолонинг уйи ёнида яшаса, бу маънавий таъсир қудратини ҳис этади. “Қомус” соҳиби Маждуддин Фирузободий ҳам ўз асарларида Маккада яшаган даврининг таъсирини бир неча марта қайд қилган.
Ибн ал-Арабий Маккада яшаган даврида ирфон оламида фундаментал асарлардан ҳисобланадиган ўзининг “Футуҳот” асарини ёзиб тугаллайди. Шунинг учун унинг бу асарини “Футуҳоти Маккия” деб атайдилар. “Ҳикмат ул-ишроқ” китобининг муаллифи, машҳур Шайх Шиҳобиддин Суҳравардий билан Ибн ал-Арабийнинг мулоқоти ҳам Каъба уйи ёнида бўлган. Шу нарсани ҳам қайд қилиш керакки, Суҳравардий ишроқ назариясини яратишда бошқа ориф ва файласуфлардан кўра кўпроқ Ибн ал-Арабийнинг таъсири остида қолган. Дейдиларки, улар бир неча соат сўзсиз-садосиз мулоқот қиладилар. Мулоқотдан сўнг Шайхи ишроқдан Ибн ал-Арабий ҳақида сўрайдилар. “Чексиз уммон кабидир,” деб жавоб беради. Ибн ал-Арабийдан Суҳравардий ҳақида сўраганларида “Солиҳ бир кишидир,” дея баҳо берган экан. Ушбу шаҳарда у ҳадис илмининг етук билимдонларидан бўлган Мукинуддин Зоҳир бин Рустам Исфаҳоний ҳамда унинг синглиси билан танишади. Ушбу танишувнинг натижасида у кейинроқ Мукинуддиннинг соҳибжамол қизи – Низомга ошиқ бўлиб, унинг васфида ғазаллар ёзади. Кейинроқ бу ғазалларни девон ҳолатига келтириб, унга “Таржумон ул-ашвоқ” ном қўяди. Ҳижрий қамарий 601 йил (милодий 1203йил)да Ибн ал-Арабий Маккадан Бағдод орқали Мисрга сафар қилади. У ердаги уламоларнинг қаттиқ мухолифатига дуч келиб, ҳаттоки бир неча муддат зиндонда ҳам ётади. (Айтиб ўтиш керакки, Мисрда Ибн ал-Арабийга нисбатан бундай душманона муносабат бугунгача давом этиб келмоқда. Мисрлик тарихчи олим Ас-Саҳавий (вафоти 1497 йил) Ибн ал-Арабийнинг куфр ва бидъатда айбдор ҳисоблаб, унинг китобларини ёқиб юбориш тўғрисидаги 300 га яқин фатво тўплаган. 1975-1976 йилларда ҳам, О.Яҳё томонидан тайёрланган “Футуҳот ул-Маккия”нинг илмий-танқидий нашрига қарши Миср матбуотида бошланган можаро ҳам бунга далил бўлиши мумкин)1. Уч йилдан сўнг яна Маккага қайтиб, бироз муддат ўтгандан сўнг Бағдод, Мосул, Арзирум ва Ҳалаб шаҳарларига сафар қилади.
Ривоят қилишларича, Хожа Ҳофиз Шерозий ғазалларини ёзганидан сўнг дўстларига тақдим етаркан, аммо ўзининг қўлида бирор нусхасини сақлаб қолмас экан. Ғазаллари қўлма-қўл бўлиб, ёшу қарига вирди забон бўлганига қарамасдан, девон тузиб, уни бир жойда тўплаш хаёлидан йироқ экан. Бир маротаба Шероздаги айрим “шариат соҳиблари” уни қуйидаги байти учун нариги дунё ва қиёматни инкор этувчи кофир деб эълон қилишган:
Гар мусулмони ҳамин аст, ки Ҳофиз дорад,
Оҳ, агар аз паси имрўз бувад фардойе.
(Таржимаси:
Агар Ҳофиздаги эътиқод мусулмонлик бўлса,
Унинг ҳолига вой, агар бугуннинг эртаси (қиёмат)бўлса).
Фитна кундан-кунга шиддат олиб, ҳатто баъзи “эҳтиёткор дўстлар”и Ҳофиз ғазалларининг ягона нусхаларини йўқ қилиб юборишган. Ҳофиз бу иғво ва хиёнатлардан паришон бўлиб, Шероздаги йирик уламоларидан бири – Шайх Зайнулобидиннинг олдига маслаҳатга боради. Шайх замоннинг бўқаламунлиги ва замонасоз товламачилар ҳолига афсусланиб, айтади:
–Буларга ўзларининг усулида жавоб бермоқ тўғрироқ кўринади. “Куфр гапни нақл қилиш куфр эмас”, дейишади. Шу йўсинда бирор нарса илова қилинг.
Ҳофиз шайхнинг маслаҳатига амал қилиб, қуйидаги байтни ғазалга қўшади ва шу тариқа ўз ёқасини мутаассиб саводсизлардан халос қилади:
Ин ҳадисам чи хуш омад, ки саҳаргаҳ мегуфт
Ба дари майкадае бо дафу най тарсое:
Гар мусулмони ҳамин аст, ки Ҳофиз дорад,
Оҳ, агар аз паси имрўз бувад фардойе.

Download 0,53 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish