ХУЛОСА ЎРНИДА
Ўтган бобларда бот-бот таъкидлаганимиздек, Ибн ал-Арабий таълимоти ва қарашларига бўлган муносабат ҳамиша зиддиятли бўлиб келаверган. Кимдир уни “Шайхи Акбар” деб улуғласа, кимдир “Шайхи Акфар” (Кофирларнинг улуғ шайхи) деб таҳқирлайди. Мисрда унинг таълимоти куфр ва бидъат эканлиги тўғрисида 300 та уламо фатво беришган бўлса, Сурияда султон Салим Усмоний Ибн ал-Арабий таълимоти ва қарашларига оид танқидий ёки салбий муносабат билдиришни фармон орқали таъқиқлаб қўйган. Бошқа бир гуруҳ олимлар эса, унинг илмини хос аҳлига оид деб, омма эътиборидан узоқроқ бўлишини маслаҳат деб топганлар. Бу табиий ҳол, албатта. Чунки, ҳақиқат баҳсда туғилади. Шу боис, бу ҳақда ким ҳақ-у ким ноҳақ эканлигини аниқлаш ёки ким биландир баҳслашмоқ фикридан йироқмиз. Фақат ушбу баҳсларнинг бир томонига эътиборни қаратмоқни жойиз деб топдик: Ибн ал-Арабийни таълимотини улуғлаб, уни айни ҳақиқат деб билгувчилар, шунингдек, ваҳдат ул-вужуд таълимотини бутунлай инкор этадиганларнинг орасида ҳам ўз фикрий мухолифларини камситиш, таҳқирлаш ва ҳатто жисмонан йўқ қилиш ҳолатлари тарихда кўп кузатилади. Ҳозирги замон илмий баҳсларда ҳам айрим ҳолларда ҳаттоки ўтмишдаги олимларни камситиш ҳолатларига дуч келиш мумкин.
Буюк рус ёзувчиси Лев Толстой Шекспирни драматург сифатида умуман тан олмаган ҳамда “Шекспир ва драма санъати тўғрисида”ги мақоласида ўз қарашларини асослаб берган. Аммо бугунгача бутун дунё театрлари репертуарида Шекспир асарлари мавжудлиги, Лев Толстой ҳам жаҳон адабиёти тарихида ўчмас из қолдирган адиб эканлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Шунинг учун, Ибн ал-Арабий таълимоти тарафдори ёки мухолифи эканлиги олимнинг билими, савияси ва эътиқоди мезонига айланмаслиги керак...
Инсон тафаккурининг ҳосиласи бўлган билим ҳеч қачон шубҳа ва гумондан холи бўлмайди. Фалсафа ва дунёвий билимлар донишмандлари ўртасидаги ихтилоф ва қарама-қаршилик ҳам ана шу шубҳа ва гумонларнинг кўплиги, билимларнинг номукаммаллиги оқибатидир. Аммо пайғамбарларнинг билимлари ягона манба – Аллоҳ таоло томонидан берилганлиги сабабли, уларнинг ўртасида ҳеч қачон зиддият бўлмаган. Ибн ал-Арабий ўзини пайғамбарларнинг меросхўрларидан ва таълимотини Муҳаммад расулуллоҳ (сав) илмининг мероси деб ҳисоблайди. У пайғамбаримизнинг “Ал-уламоу варасат ул-анбиёи” (Олимлар – пайғамбарларнинг меросхўрларидирлар) ҳадисига таяниб, ҳақиқий илм эгалари бир-бирларини инкор этиш йўли билан эмас, балки бир-бирларининг ғояларини ривожлантириш орқали Ҳақ ва Ҳақиқатни англашлари мумкин, деб ҳисоблаган.
Яшовчанлигини йўқотмаган ҳар қандай эски нарса навқиронлигини ҳам ўзида сақлаб қолиши сингари, ҳар қандай янги таълимот ҳам бутунлай янги бўлиши мумкин эмас. Янги назария ва таълимотнинг барҳаётлигини таъмин этувчи омиллардан бири – унинг тарихий илдизларидир. Ваҳдат ул-вужуд таълимоти ислом фалсафий-ирфоний тафаккур тарихининг тадрижий тараққиёти маҳсулидир. Шу билан бирга мазкур назариянинг Ибн ал-Арабий яшаган давр ижтимоий ҳаётига қай даража мувофиқ тушиш-тушмаслиги ҳам унинг ҳаётийлиги, амалийлиги, Гегель таъбири билан айтганда, “ақлга мувофиқлиги”ни белгилайди.
Тарихдан маълумки, Ибн ал-Арабий яшаган давр салб урушлари замони эди. Унинг ўзи буюк Салоҳиддин Айюб билан мулоқотда бўлганлиги ҳамда унинг ўғлига бир муддат мураббийлик қилганлиги кечаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамаганлигидан далолат беради. Замон диний таассуб, мазҳабий иғво ва фитналарга тўла бўлишига қарамасдан, ваҳдат – бирликдан сўз очиш ва ягона, мутлақ, ўзгармас Ҳақиқатни ҳаёт ва фаолиятининг асоси этиб танлаши Ибн ал-Арабий жасоратига ёрқин гувоҳдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |