МАГИСТРЛИК ДИССЕРТАЦИЯСИНИ ТАЙЁРЛАШДА
ТАДҚИҚОТЧИ ВАЗИФАЛАРИ
Магистр – лотинча magister - бошлиқ.
Магистр – олий таълимнинг тегишли босқичига мувофиқ магистратура дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган шахсларга бериладиган академик даража.
Магистр – кўпгина ривожланган мамлакатларда ОЎЮда бериладиган академик даража бўлиб, у ОЎЮни тугатиб, барча назоратларни ижобий топширган ва магистрлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган шахсларга берилади.
Магистратура – бакалавриат негизида ўқиш муддати камида икки йил бўлган аниқ мутахассислик бўйича олий таълим босқичи ва УТТнинг бир бўғини.
Диссертация – лотинча dissertatio – тадқиқот, мулоҳаза – илмий даража олиш учун тақдим этиладиган ва илмий жамоат-чилик олдида якка тартибда ҳимоя қилинадиган илмий асар.
Диссератацияни ҳимоя қилиш дастлаб ўрта асрларда немис тилида сўзлашадиган мамлакатларнинг университетларида пайдо бўлган. Бу XVI-XVII асрлардан бошлаб бошқа мамлакатларга ҳам тарқала бошлади. Ўзбекистонда 1934 йилдан фан номзоди ва фан доктори илмий даражаларини олиш учун диссертация ҳимоя қилиш ижро этила бошлади.
Магистрлик диссертацияси мутахассислик бўйича магистр номли академик даражани олиш учун ёзилади ва ҳимоя қилинади.
Ўзбекистонда 2000-2001 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида магистрлар учун илмий ёки илмий-техникавий мазмундаги магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш жорий этилди.
Магистрлик диссертацияси ҳам мустақил ИТИ ҳисобланади ва муайян тадқиқот муаммоси ечимини топишга бағишланади.
Магистрлик диссертациясининг муаллифи мустақил равишда ИТИни бажаришга тайёр бўлиши керак. Бунда муаллифнинг бакалавр-академ даражасини олиш даврида шаклланган БКМ ва илмий салоҳияти муҳим манба бўлиб хизмат қилади, чунки бакалавр даражасини олишда бунга мустаҳкам асос яратилади. Жумладан, «Олий таълимнинг ДТС»ида математик ва табиий-илмий фанлар блокига қўйилган талабларда «Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунур таълими билан узвийлик ҳамда узлуксизликни инобатга олган ҳолда билишнинг математик усуллари, ахборот тўплаш, уларни қайта ишлаш ва узатиш усулларининг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида олий даражадаги тасаввурларни шакллантириш; коинотнинг табиий объект эканлиги ва унинг эволюцияси; табиий фанларнинг ўзаро фундаментал бирлиги; табиий ҳодисаларни тадқиқ этиш концепцияси; табиатдан оқилона фойдаланиш ва инсон фаолиятининг экологик тамойиллари; табиатга путур етказмайдиган технологиялар яратиш истиқболлари ҳақида илмий тасаввурларни шакллантириши; муайян билим соҳаси учун зарур бўлган фундаментал фанларни чуқур ўрганишнинг илмий ва назарий асосларини таъминлаши лозим», дейилган.
Шунинг билан бирга, агарда муаллиф – тадқиқотчи юқоридаги талаблар билан биргаликда, ўқув режасидаги «Қўшимча фанлар блоки»даги режалаштирилган БКМларни эгаллаш яхши йўлга қўйилган бўлса, магистрлик диссертациясини тайёрлашда катта имконият яратилган бўлади. Бу УТТнинг «Олий таълимнинг бакалавриат босқичи олий таълимнинг магистратура босқичи аспирантура докторантура» бўғинидаги узвийлик ва узлуксизлик таъминлашга мустаҳкам асос бўлиб, у илмий салоҳиятли кадрлар тайёрлаш имкониятини кенгайтиради, акс ҳолда бакалавриат таълим босқичида ўрганган БКМ, магистратурадаги ўрганадиган мутахассислик йўналишига тўғри келмаса ёки тадқиқотчи аспирантурада бошқа муаммо билан шуғулланса муаммо мақсадига етиб бориш сезиларли даражада сусайиши мумкин.
Тадқиқотчи илм-фанда шуғулланаётган ўз муаммоси бўйича қандай фикрлар мавжудлигини, улар орқали фанда қандай ютуқлар қўлга киритилганлигини ўрганиши ва уларга мос билимларни ўзлаштирилиши керак. Демак, тадқиқотчи ўзи танлаган йўналиш бўйича ўзигача бўлган меросни чуқур ўрганиши, таҳлил қилиши ва улар асосида йўналишнинг ютуқ ва камчиликларини баҳолаб бориш керак ва тадқиқот режасини тузаётганда тадқиқотчининг ўзи мазкур йўналишга қандай ҳисса қўша олишини илмий-методологик жиҳатдан англамоғи лозим.
Мавжуд ишланмаларни ва адабиётларни ўрганиш ва таҳлил қилиш, айниқса уларни таҳлил қилиш давомида қиёслаш магистрантни илмий фикрлашга ўргатади, ўрганилаётган фикр-ларнинг қай даражада асосли ва тўғри эканлиги ҳақидаги тасав-вурга эга қилади, услублар ичидан энг мақбулини (оптималини, самаралисини) танлаш ҳақида илмий билимлар билан қуроллантиради. Бунинг билан тадқиқотчи диссертация муаммосига оид мавжуд билимларни эгаллайди ва ушбу соҳа бўйича унинг илмий дунёқараши ҳамда фикрлаш қобилиятлари кенгаяди.
Магистрлик диссертациясини тайёрлаш жараёнида тадқиқотчининг шуғулланаётган мавзу бўйича билимга эга бўлиши муаммо ечимини ҳал қилишга етарли бўлмайди, чунки илмий фаолият натижаларини баҳолаш ва уларни расмийлаштиришни ҳам, шунингдек, тадқиқотчининг илмий ишланмаларини баён қила олиш (нотиқлик) ҳамда ўз илмий ишининг аҳамиятини кўрсата олиши ҳам керак. Бундай омиллар асослари тадқиқотчига бакалавриат таълим босқичида шаклланган бўлса, ижодий жараён самарали кечади. Бунда реферат ёзиш, курс иши (лойиҳаси)ни тайёрлаш, малакавий битирув ишлари билан шуғулланиш, шунингдек, турли илмий, илмий-услубий тўгарак ёки семинарларга мунтазам қатнашиш муҳим аҳамият касб этади. Демак, магистрант кузатувчан, синчков, меҳнатсевар, янги фикрнинг пайдо бўлишига доимо қизиқиб борувчи, саводли, илмий дунёқараши кенг (ўз тенгдошларига нисбатан), кенг қамровли илмий салоҳиятга эга бўлган ва хуллас ижодкор бўлиши керак экан. Ана шундагина магистрлик диссертациясини ўз вақтида тайёрлаб бўлади ва аспирантурага асос яратади.
Магистрлик диссертациясининг тадқиқотчи томонидан мустақил тайёрлашга эришилиши ИТИнинг кейинги босқичларида ижодий фаолият учун мустаҳкам пойдевор бўлади ва натижада унинг илмий дунёқараши кенгаяди.
Магистрлик диссертациясини тайёрлаш жараёни қатор тадқиқот босқичларига эътибор беришни талаб қилади. Улар: йўналишни (соҳани) аниқлаш; мавзуни танлаш; мавзунинг долзарблигини назарий асослаш; мавзу бўйича тадқиқотчининг шахсий кузатишлари; мавзу бўйича тўпланган маълумотларнинг таҳлили ва уларни тизимларга ажратиб ахборот кўринишига келтириш; мавзу бўйича у ёки бу ҳолатларнинг ўзи тўплаган маълумотлар асосида илмий ва амалий аҳамияти ҳамда қийматини асослаб бериш, умумлаштириш ва хулосалар чиқариш; умумаҳамиятли бўлган меъёр ва мезонлар асосида магистр илгари сураётган фикрлар, ғоялар, хулосалар ва тавсияларнинг ҳақиқийлигига онгли равишда ишонтира олиши керак; магистрлик диссертациясидаги ТСИни аниқ режалаш-тириш, уларни ўтказишнинг қатъий алгоритмик тизимини ишлаб чиқиш ва шу асосда иш олиб бориб, лозим топилганда баъзи тузатишларни киритиш; ИТИ назарий (илмий-методологик) қисми натижалари билан ТСИ натижаларининг мувофиқлигини баҳолаш ва ниҳоят, диссертацияни расмийлаштиришга киришиш.
Ушбу жараёнда тадқиқотчи оралиқ ва жорий натижалар бўйича кафедрадаги илмий, илмий-услубий семинарларда қатнашиб турилса ИТИнинг тўғри ёки нотўғри кетаётганлиги бўйича хулосалар шаклланади. Бунда охирги босқич магистрлик ишининг дастлабки ҳимояси бўлиб, у кафедра қошидаги (баъзан магистратура бўлими ёки илмий ишлар ва ахборот технологиялари бўйича проректор қошидаги) илмий, илмий-услубий семинарда муҳокамадан ўтказилиб, ҳимояга тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |