Логопедия фанининг умумий масалалари нутқ фаолиятининг умумий патологияси
Режа:
1. Логопедия фанининг мақсади, вазифалари
2. Логопедиянинг бошқа фанлар билан алоқаси
Логопедия фанининг мақсади, вазифалари
Логопедия бу – нутқ бузилишлари ҳақидаги махсус таълим ва тарбия воситасида нутқ бузилишларини ўрганиш, тузатиш ва олдини олиш ҳақидаги педагогик фандир. Логопедия нутқ фаолияти бузилишининг сабаблари, механизмлари, аломатлари, оқимлари таркибини ўрганади. Шунинг учун уни махсус педагогика сирасига қўшадилар.
«Логопедия» термини грекча логос (сўз, нутқ), пейдео (тарбиялайман, ўқитаман) сўзлардан ташкил топган бўлиб, таржимада тўғри «нутқни тарбиялаш» маъносини англатади.
Фан сифатида логопедия нутқ нуқсонини тузатиш, нутқий фаолияти заифлашган шахсларни ўқитиш ва тарбиялаш жараёни ҳисобланади. Логопедияни ўрганиш объекти – нутқ нуқсонига эга бўлган шахс. Адабий тилда қабул қилинган нутқ нормасидан бироз бўлса ҳам четга чиқиш – бу нутқ нуқсони деб ҳисобланади.
Замонавий логопедия структураси мактабгача ёшли, мактаб болалар логопедияси, ўсмирлар ва катта ёшдагилар логопедиясига бўлинади.
Логопедиянинг асосий мақсади нутқида нуқсони бор шахсларни ўқитиш, тарбиялаш ва қайта тарбиялашнинг илмий асосланган тизимини ишлаб чиқиш, Шунингдек, нутқ нуқсонининг олдини олишдан иборатдир. Логопедия фани оптимизм ва чуқур инсонпарварлик билан йўғрилгандир. У нутқида нуқсони бор болаларнинг шахс сифатида ҳар томонлама ривожланиши учун қулай имкониятлар яратиб беради.
И.П. Павловнинг биринчи ва иккинчи сигнал системалари орасидаги ўзаро таъсир ҳақидаги, шартли рефлекторлик алоқаларининг шаклланиш қоидалари ҳақидаги назариялари, П.К. Анохиннинг функсионал тизимлар ҳақидаги таълимоти, руҳий функсияларни динамик тарзда чеклаш ҳақидаги таълимот (И.М. Сеченов, И.П. Павлов, А.Р. Лурия) ва нутқ фаолиятининг замонавий нейропсихолингвистик назариялари ҳақидаги таълимот логопедиянинг табиий-илмий, психофизиологик асосидир.
И.П. Павлов таълимотига мувофиқ нуқт бош миянинг мураккаб психологик функсиясини, унинг иккинчи сигнал тизимини ўзида намоён этади. Бу эса сигналларнинг сигнали саналади. Биринчи ва иккинчи сигнал тизимлари бир-бири билан узвий боғлангандир. Иккинчи сигнал тизими биринчи тизим асосида шаклланади. Аммо кейинчалик иккинчи сигнал тизимининг биринчи сигнал тизимига тартибга солувчи таъсири намоён бўлади. Сўз алоҳида хусусиятнинг сигнали, умумлаштириш, мавҳумлаштириш қуролидир. Биринчи ва иккинчи сигнал тизимлари орасидаги ўзаро мураккаб алоқаларни ҳисобга олиш нутқ бузилишини тузатиш, бузилган нутқ ва нутқсиз функсияларнинг ўрнини босиш устида самарали логопедик иш олиб бориш учун имконият яратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |