1.Йўл белгиларини ўрнатишда қўйиладиган умумий талаблар. Йўл белгиларининг турлари.
2. Ҳар хил йўл шароитларида йўл белгиларини қўллаш ва улар ёрдамида ҳаракатни ташкил этиш.
3.Йўл белги чизиқларини туширишга қўйиладиган умумий талаблар. Белги чизиқлар ёрдамида ҳаракатни ташкил этиш.
4.Йўл тўсиқлари ва уларни қўллаш шароитлари. Йўналтирувчи қурилмалар.
5.Ҳаракатни ташкил қилишда светофорлардан фойдаланиш.
6.Ҳаракатни бошқаришнинг автоматик тизимлари.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишдаги етти гуруҳдаги: огоҳлантирувчи, имтиёз, таъқиқловчи, буюрувчи, ахборот-кўрсатувчи, сервис, қўшимча ахборот йўл белгилари Венада 1968 йил қабул қилинган йўл белгилари Конвенциясига ва бу Конвенцияни тўлдирувчи Женевадаги 1971 йил Европа келишуви талабларига тўлиқ мос келади.
Автомобил йўлларида ва шаҳар кўчаларида йўл белгиларини ўрнатиш ГОСТ 23457-86, уларнинг ўлчамлари эса ГОСТ 10807-78 талабларига жавоб бериши керак.
Автомобил йўлларида йўл белгилари қуйидаги кетма-кетликда ўрнатилиши керак: кўрсатувчи (ахборот-кўрсатувчи); имтиёз; сервис ва табличкалар; огоҳлантирувчи; буюрувчи; таъқиқловчи.
Ўрнатиладиган йўл белгиларининг умумий сони йўлда иложи борича кам бўлиши керак. Ҳар бир ўрнатилаётган огоҳлантирувчи ёки таъқиқловчи йўл белгилари асосланган бўлиши шарт ва йўл шароити ёмонлашганлиги оқибатида кўрилган мажбурий чора деб тушунилиши керак. Шунинг учун огоҳлантирувчи ва таъқиқловчи белгилар кўпчилик ҳолларда вақтинча ўрнатилиб, маълум йўл шароити яхшилангандан сўнг олиб ташланиши керак. Шунингдек, мавсумга қараб ўрнатиладиган йўл белгиларини ҳам вақт ўтиши билан тезда олиб ташлаш керак.
Йўл белгиларини шундай ўрнатиш керакки, уларни куннинг ёруғ вақтида кўриш масофаси 150 м дан кам бўлмаслиги керак. Ҳайдовчига у ёки бу участкада ўрнатилган белгини кўриш масофасининг қиймати шу участкадаги тезликнинг икки баробарига ёки ундан катта қийматига тенг бўлиши керак. Бу ҳолатда янги қурилаётган йўллар учун тезлик ҳисобий тезликдан 70% олинса, фойдаланаётган йўлларда эса транспорт воситаларининг 85 % тезлигидан ошмайдиган тезлик қабул қилинади.
Баъзи ҳолларда ўрнатиладиган белги билан хавфли участка орасидаги масофа аниқланиши керак бўлган вақтда у қуйидаги схемага ва формулага асосан аниқланиши мумкин.
Йўл хўжалик ходимлари йўл белгиларини мунтазам равишда тозалаб туришлари ва кўриш учун ҳалал бераётган дарахт буталарини кесиб туришлари керак.
Кетма-кет жойлаштирилган йўл белгилари аҳоли яшамайдиган йўл участкаларида 50 м ва аҳоли яшайдиган жойларда эса 25 м дан кам бўлмаган масофада ўрнатилиши лозим Бунга чорраҳаларда ўрнатиладиган йўл белгилари кирмайди.