155
беришдан нимадир тўхтатиб турарди. Самолёт кўтарилса сабрим озгина
ором топармикан деган умидда эдим. Элис телефонини
олиб Жасперга қўнғироқ қила бошлади. Мен уларнинг гапига қулоқ
солишни истамасамда, барибир гаплари эшитиларди.
― Мен унинг барча ҳаракатларини кўра олмайман, чунки у режасини
тинимсиз ўзгартириб турибди... Гоҳ бутун шаҳар бўйлаб қотиллик
уюштирмоқчи, гоҳ одамлар йиғилган жойда машинани даст кўтариб
эътибор тортмоқчи... Бу хатти-ҳаракатларнинг барчаси Волтариларнинг
эътиборини тортиши аниқ ва уларнинг бир қарорга келишини
тезлаштиради.
― Йўқ, бундай қила олмайсан, Эмметга айт, овора бўлмасин, ―
шивирлади Элис. ― Майли, унда бориб Эммет билан Розалини қайтариб
олиб кел... Эҳтиёт бўл, Жаспер, агар у сизларни кўрса нима қилишини
биласан-ку... — у бир муддат гўшакка қулоқ солиб турдида кейин: Тўғри,
деди. ― Менимча, Белла бизнинг сўнгги имкониятимиз... Мен қўлимдан
келган ишни қиламан. Сен эса Карлайлни огоҳлантириб қўй, барча
имкониятлар улар томонида, — шундай дея у кулиб юборди. Лекин
кулгуси кумушдек жарангламади, овози эса нолали чиқди: Келма, Жаспер,
сўз бераман, ўзим бир амаллаб, вазиятдан чиқаман... кейин... сени яхши
кўраман.
У гўшакни ўчириб кўзини очмасдан ўзини ўриндиққа ташлади.
― Унга ёлғон гапиришни ёмон кўраман.
― Нима гаплигини менга ҳам айт, — ўтиндим оғзига тикилиб. ― Нега
Жасперга Эмметтни тўхтат деб айтдинг, тушунмадим. Нега улар бизга
ёрдамга кела олишмайди?
― Бунинг икки сабаби бор, ― шивирлади у кўзларини очмай. ―
Биринчисини унга айтдим, эшитдинг. Биз, албатта, Эдвардни куч билан
тўхтатиб қолишимиз мумкин. Агар Эмметт уни маҳкам ушлаб турса,
вақтдан ютишимиз ва сенинг тириклигингга уни ишонтиришимиз
мумкин. Муаммо шундаки, биз сездирмай Эдварднинг ёнига яқинлаша
олмаймиз. Агар у биз унинг изидан келганимизни сезиб қолса, янада
тезроқ ҳаракат қилади. У нима қилиб бўлсада, Волтариларнинг жаҳлини
чиқаради, айтайлик машинасини девор оша отадими ёки бошқа нарса
ўйлаб топадими, ишқилиб йўлини қилади ва Волтарилар ўйлаб ўтирмай
уни йўқ қилишади. Мен Жасперга айта олмайдиган иккинчи сабаб ҳам
бор. Гап шундаки, агар улар етиб боришса ва Волтарилар Эдвардни
ўлдиришса, унда ўртада катта жанг бўлади... — у кўзини очиб менга
ўтиниб қаради. — Агар ғолиб чиқиш учун ҳеч бўлмаса озгина умид
бўлганида эди, агар жанг билан укамнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг
имкони бўлганида эди, тўртталамиз баравар жангга киришар эдик. Лекин
бунинг иложи йўқ, Белла. Қолаверса, мен Жасперни йўқотишни
истамайман, — айбдорона ерга боқди Элис. У Жасперни бизнинг
ҳисобимиздан, балки Эдвард ҳисобидан ҳам ҳимоя қилаётган эди. Мен
уни тушуниб турардим, шу сабаб у ҳақда ёмон хаёлга бормадим.
Do'stlaringiz bilan baham: