193
― Тўхта, бас қил, — гапини бўлдим. У илтижо билан кўзларимга тикилиб
турарди. Унинг айбдорлик ҳиссини тарқатиш учун керакли сўзни қидириб
тутилдим. Унинг ҳаётини заҳарлайдиган, ўзини айблаш манбасига
айланишни истамасдим. Мен қийналсам ҳам у бахтли бўлишини
истардим. Эдвардсиз яшаган кунларимда дадам учун ўзимни бахтлидек
кўрсатиб ўрганиб қолгандим, ҳозир ҳам ҳис-туйғуларимни яшириб гап
бошладим:
― Эдвард, сен доим бу ҳақда ўйлашинг нотўғри. Ўзинг ҳис қилаётган
айбдорлик бутун ҳаётингни эгаллаб олишига, бошқаришига йўл қўя
олмайсан...
Мен билан бу ерда рўй берган ҳодисалар учун масъулиятни бўйнингга
ололмайсан. Уларнинг ҳеч бири сенинг хатоинг билан бўлмаган, бу
воқеалар ҳаётимнинг бир қисми. Агар мен автобус тагига тушсам ёки
бошқа бир бахтсиз ҳодисага дуч келсам, бу учун сен айбдор бўлмайсан,
буни тушунишинг керак.
Мени қутқара олмаганинг учун ҳар гал Италияга югуришинг шартмас.
Агар мен ўша қоядан ўзимни ўлдириш учун сакраганимда ҳам бу менинг
тақдирим бўларди, сенинг хатоинг эмас. Албатта феълинг шунақалигини,
рўй бераётган ҳодисалар учун ўзингни айбдор санайверишингни биламан,
лекин ҳар гал энг сўнгги чорага, жонингга қасд қилишга уринишинг
нотўғри. Бу жуда масъулиятсизлик, ота-онангни ҳам ўйлагин... — қаттиқ
ҳаяжонланганимдан нафасим тиқилиб қолди.
― Изабелла, — деди у кутилмаганда буткул ўзгариб. — Волтарилардан
мени ўлдиришларини сўраганим, фақат ўзимни айбдор деб санаганим
учун деб ҳисоблаяпсанми?
Унинг нима демоқчилигини тушунмадим.
― Бўлмаса нега?
― Айбдорлик ҳисси? Йўқ, бу чуқурроқ туйғу. Сен тушуниб ета
олмайдиган даражада чуқур.
― Унда... Нима ҳақида гапиряпсан, тушунмадим?
― Белла, мен Волтариларнинг ёнига сени ўлган деб ўйлаганим учун
бордим... — деди у кўзини узмай. — Агар сенинг ўлимингда мен айбдор
бўлмасамда, — овози титраб кетди. — Агар бу менинг хатоим бўлмасада,
барибир Италияга кетган бўлардим. Албатта, эҳтиёт бўлишим,
Розалининг гапига қулоқ солмасдан, Элиснинг ўзи билан гаплашишим
керак эди. Лекин мен телефондан Чарли дафн маросимига кетди,
деганини аниқ эшитдим. Барча маълумотлар тўғри келдими? Тўғри
келди... — унинг овози ичига тушиб кетди. — Вазият доим бизга қарши
ишлайди. Хато устига хато. Энди ҳеч қачон Ромеони танқид қилмайман.
Лекин ҳамон сени нима мажбур қилганини тушуна олмаяпман.
― Наҳотки?
― Агар мен вафот этган бўлсам нима бўлибди?
У менга узоқ тикилиб қолди, кўзларида иккиланиш бор эди. — Наҳотки
ҳозир айтган гапларимни унутган бўлсанг?
― Йўқ, ҳаммаси эсимда...
Do'stlaringiz bilan baham: