12-§. ТОВАР-МОДДИЙ ЗАҲИРАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШНИНГ ТИЗИМЛАРИ 79. Маҳсулот ишлаб чиқариш, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жараёнининг характери ва хусусиятларига боғлиқ ҳолда товар-моддий заҳиралар ҳисоби қуйидаги: узлуксиз (доимий) ёки даврий ҳисобга олиш тизимларидан бири бўйича амалга оширилиши мумкин.
80. Товар-моддий заҳираларнинг узлуксиз ҳисобга олиш тизимидан фойдаланилганда товар-моддий заҳираларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида уларнинг келиб тушиши ва чиқиб кетиши бўйича операциялар батафсил акс эттириб борилади. Товар-моддий заҳираларни узлуксиз ҳисобга олиш тизимида бутун ҳисобот даври мобайнида товар-моддий заҳираларнинг қолдиғи суммалари ва сотилган (чиқиб кетган) заҳираларнинг таннархи тўғрисидаги маълумотлар олиниши мумкин. Сотилган товар-моддий заҳираларнинг таннархи, сотишнинг боришига қараб сотилган маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) таннархини ҳисобга олиш ҳисобварақларида акс эттирилади.
81. Даврий ҳисобга олиш тизими қўлланилганида ҳисобот даври мобайнида товар-моддий заҳираларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида уларнинг келиб тушиши ва чиқиб кетишининг батафсил ҳисоби юритилмайди. Товар-моддий заҳираларнинг ҳақиқатдаги мавжудлиги уларни инвентарлаш натижалари бўйича аниқланади. Сотилган (чиқиб кетган) товар-моддий заҳираларнинг таннархи уларни инвентарлаш якунланишига қадар аниқланиши мумкин эмас. Сотилган (чиқиб кетган) товар-моддий заҳираларнинг таннархи давр бошидаги қолдиқ суммаси ва давр мобайнида тушумларни қўшиш ҳамда давр охиридаги қолдиқ суммасини айириш йўли билан аниқланади.
Товар-моддий заҳираларни ҳисобга олишнинг қўлланадиган тизими ташкилотнинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши лозим.
13-§. АХБОРОТНИ ОЧИБ БЕРИШ 82. Молиявий ҳисоботда қуйидагилар очиб берилиши лозим:
а) товар-моддий заҳиралар қийматини аниқлаш чоғида қабул қилинган ҳисоб сиёсати, шу жумладан товар-моддий заҳиралар қийматини баҳолашнинг қўлланадиган усуллари;
б) товар-моддий заҳираларнинг якуний баланс суммаси ва баланс суммаси ташкилотга мувофиқ келадиган таснифда;
в) сабабларини баён этган ҳолда, товар-моддий заҳираларни сотишнинг соф қийматига қадар жиддий ҳисобдан чиқариш;
г) ҳар қандай қисман ҳисобдан чиқарилган суммани тиклаш суммаси;
д) хўжалик фаолиятининг ҳисобдан чиқарилган товар-моддий заҳираларни тиклашга олиб келган ҳолатлари ёки воқеалари;
е) мажбуриятлар учун кафолат сифатида гаровга қўйилган товар-моддий заҳираларнинг баланс қиймати;
ж) ҳисобот даврида чиқиб кетадиган товар-моддий заҳиралар таннархи.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 28-29-сон, 282-модда.