86
“Гуноҳи кабира қилганларни Аллоҳ дўзахга киритади. Кейин шафоатчилар шафоати билан у ердан
чиқаради”, дейилганда муайян бир шахсни назарда тутмаймиз. Хуллас, маълум бир одамни жаннатий ёки
дўзахий деб гувоҳлик берилмайди.
Гуноҳкор мўминлар ҳаққига истиғфор айтамиз, уларга Аллоҳнинг азоби бўлишидан хавфсираймиз.
Уларга: “Сиз дўзах аҳлидансиз”, деб айтмаймиз, уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаймиз.
Қуйидаги ҳадиси шарифни ўқисак, бунинг сабабини билиб оламиз.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
“Сизларнинг ҳар бирингиз яратилиш (моддаси) онаси қорнида (маний ҳолида) қирқ кун жамланади. Сўнг
ана шу мислича (40 кун) алақа (зулуксимон қон) бўлади. Кейин ана шу мислича (40 кун) музға
(чайналган гўшт) бўлади. Сўнг Аллоҳ бир фаришта юборади ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали,
бахтсиз ёки бахтлилигини ёзиш буюрилади. Албатта, бирингиз жаннат аҳли амалини қилиб келади, ўзи
билан жаннат орасида бир зироъ (аршин) қолганида ундан ўша китоби (ёзилган тақдири) ўзиб кетиб,
дўзах аҳли амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз жаҳаннам аҳли амалини қилиб келади,
ўзи билан жаҳаннам орасида бир зироъ қолганида ундан ўша китоби (Аллоҳ ёзган тақдири) ўзиб кетиб,
жаннат аҳли амалини қилади. Кейин унга киради” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).
Одамнинг оқибати қандай бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Инсон умр бўйи тоат-
ибодатда юриб, Аллоҳнинг айтганларини қилиб, охирида йўлдан озиб, ҳолати ёмон бўлиши мумкин.
Аксинча, бир одам бутун умр кўнглига келганини қилиб, гуноҳлардан тап тортмай юриб, ҳаёти якунида
инсоф бериб, тўғри йўлга кириши, имон-эътиқод билан, тоат-ибодат билан ўтиши ҳам мумкин. Шунинг
учун банда хавф ва ражо орасида бўлади. Яъни, “Умрим бўйи яхши амаллар қилдим. Энди аниқ жаннатга
кираман”, деб хотиржам бўлмайди. Шунингдек, “Бутун умр кўп гуноҳга ботдим, ибодат қилмадим. Энди
жаҳаннамга тушишим муқаррар”, деб ноумид бўлмайди. Амали қанча кўп, чиройли бўлмасин, оқибати
хунук бўлишидан хавфсирайди. Қанча гуноҳи бўлмасин, Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмайди.
Бундан чиқди, мўмин банда ёшми, қарими, Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиб, азобидан қўрқиб
яшайди. Тақдирга имон келтиришнинг фойдаларидан бири ҳам шунда.
ХАВФ ВА РАЖО
“Хавф” қўрқиш, “ражо” умид қилиш дегани.
Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлиш, У Зотнинг раҳматидан, мағфиратидан умид узиш бандани
Ислом доирасидан чиқаради. Аҳли қибла учун шу иккиси ўртасида мўътадил бўлиш лозим. Мўмин банда
Аллоҳнинг азобидан қўрқади, раҳматидан умидвор бўлади. Зеро, хавф кишини ҳаром нарсалардан
тўсади, ражо Аллоҳга тоат-ибодат қилиб, Унинг савобидан умид қилишга ундайди.
Мўмин киши Аллоҳга қўрқув ва умид билан дуо қилади. У солиҳ амалларни қанча кўп қилмасин,
Аллоҳ тарафидан қабул бўлмай қолишидан хавфсирайди.
Аллоҳ таоло айтади:
"--------------------------- Арабий матн --------------------------"
Do'stlaringiz bilan baham: