Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилиши мумкин.
Жиноят кодексининг 1811-моддаси 2-қисмига кўра: Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Жиноят кодексининг 1811-моддаси 2-қисмига биноан биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
9. БОЖХОНА ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗИШ
Жиноятнинг бевосита объекти товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбе-кистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказишнинг белгилаб қўйилган тартиби ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асослари ҳисобланади.
Жиноятнинг предмети ҳар қандай фуқаролик муомаласидаги товарлар (масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, мебель, ҳайвонлар ва ҳоказо) ёки моддий қимматликлар бўлиши мумкин.
Божхона қонунчилигини бузишнинг объектив томонини юқорида кўриб ўтилган предметларни (товарлар ёки бошқа қимматликларни) Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтиш ташкил этади.
Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Айбдор шахс товар ёки қимматликларни божхона чегарасидан ғайриқонуний олиб ўтаётганлигини англаб етади ва ўзининг жиноий мақсадини амалга оширишни хоҳлайди. Мотив ва мақсад жиноятни квалификация қилишга таъсир кўрсатмайди.
Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган, фуқаролиги мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин.
Таҳлил қилинаётган жиноятни ЖК 182-моддаси 2-қисмига мувофиқ квалификация қилиш белгилари қуйидагилар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) чегарани бузиб ўтиш, яъни божхона хизматининг розилигини олмас-дан туриб, товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан очиқдан-очиқ ўтказиш йўли билан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
г) хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда содир этилганлиги ҳисобланади.
10. РАҚОБАТ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ВА ТАБИИЙ МОНОПОЛИЯЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗИШ
Монополияга қарши қонун ҳужжатларини бузиш жиноятининг объекти ўрнатилган тартиб ва бозорни самарали бошқариш қоидалари шаклидаги Ўзбекистон иқтисодиётининг асослари, хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз ҳуқуқ ва имкониятларини амалга оширишларига тўсқинлик қилувчи монополистик фаолиятни амалга оширишнинг олдини олувчи муносабатлар ҳисобланади. Факультатив объекти хўжалик субъекти сифатида фаолият кўрсатмайдиган алоҳида фуқаролар ва давлатнинг қонун билан қўриқлана-диган ҳуқуқ ва манфаатлари бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |