Таҳлил этилаётган жиноятнинг объекти бозор иқтисодиёти шароитида банкротликни амалга оширишнинг белгилаб қўйилган тартибини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ва кредиторларнинг манфаатларидир. Объектив томондан жиноят хўжалик юритувчи субъектнинг ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ёки ҳужжатларни тақдим этиши, бухгалтерия ҳисоботларини бузиб кўрсатиш йўли билан иқтисодий жиҳатдан ўзининг тўловга қодир эмаслигини ёки иқтисодий ночорлигини бошқача тарзда қасддан яшириши кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлишда ифодаланади.
Субъектив томондан жиноят тўғри ёки эгри қасд билан содир этилиши мумкин. Шахс қарздор ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор банкрот ҳолатидалигини ва унинг содир этган ҳаракатлари ҳуқуққа хилофлигини англаб етади, кўп миқдорда зарар етказиши мумкинлигини кўра билади ва буни хоҳлайди ёки англаган ҳолда содир этилишига йўл қўяди ёхуд унинг оқибатига бефарқ қарайди.
Жиноят мотивлари ғаразли, баъзида бошқача бўлиши мумкин, лекин жиноий қилмиш квалификациясига таъсир этмайди. Банкротликни яширганлиги учун мансабдор шахс мукофотланган бўлса, унинг қилмиши жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 181 ва 210-моддалари бўйича квалифика-ция қилиниши керак.
Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган, ақли расо ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
Жиноят кодексининг 181-моддаси 2-қисмига кўра: «Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди».
8. ҚАСДДАН БАНКРОТЛИККА ОЛИБ КЕЛИШ
Жиноятнинг объекти тадбиркорлик тузилмаларининг нормал фаолият кўрсатишини, хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларини таъмин-ловчи ижтимоий муносабатлардир.
Жиноят объектив томондан якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келишда ифодаланади. Яъни тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келса, кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса жиноий жавобгарлик юзага келади.
Жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай шахс ва тадбиркорлик билан шуғулланувчи, хўжалик субъекти номидан ҳаракат қила оладиган, яъни хўжалик судига банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш лозимлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин бўлган шахс ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |