1-мавзу. Миллий мафкуранинг асосий ғоялари –фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим шарти
Режа:
“Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти” фанининг предмети, объекти, мақсади, асосий вазифалари
Миллий мафкуранинг асосий ғоялари
Ўзбекистонда ҳуқуқий ва фуқаролик жамияти қуришнинг асосий тамойиллари
Таянч тушунчалар: мустақиллик, стратегия, ғоя, мафкура, демократия, жамият, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти, гуманизм, юрт тинчлиги, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик.
Мустакилликка эришганимиздан кейин бозор иқисодиётига асосланган мустакил демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ҳамда мамлакатимиз барча фуқаролари учун қонун олдида тенглик таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантириш стратегик мақсад сифатида белгиланган.
Маълумки, бу каби жамиятлар ривожланган мамлакатларда бир неча юз йилликлар ичида назария сифатида шаклланиб, ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб амалиётда намоён бўлди. Илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, мамлакатимиз тарихида шаклланган фуқаролик жамиятининг миллий унсурларини демократлаштириш ва уларни хорижий тажриба билан уйғунлаштириш давр талаби сифатида ўзлигини намоён қила бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти тўла асарлар жилдида, шунингдек унинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларида унинг асослаб берилганлигини кўрамиз. Жамият ривожланиши тўғрисидаги янгича илмий-назарий ғояларнинг ўзгариши ижтимоий ҳаёт соҳаларини тубдан ўзгартириш билан боғлиқ. Жамият ижтимоий ҳаёти соҳаларидаги туб ўзгаришлар деганда унинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий-маърифий ғоявий асосларини тубдан ўзгартириш ва ягнгича асосга(негизга) ўтказилишини англатади.
Натижада мустақиллик туфайли жамият ижтимоий ҳаёти соҳалари тубдан ўзгарди. Унинг ҳуқуқий асосини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида кўрамиз. Унга кўра “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас” ( 121- модда).
Шунингдек, 2017 йил 7 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармонида мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаётни, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда аҳолининг иштирокини таъминлаш, давлат ва халқ ўртасида самарали мулоқотни ўрнатиш, халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятини янада кенг рўёбга чиқариб, одамларимизни шижоат билан эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга қаратилгандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |