Кутилаётган натижалар
- Стратегияни амалга ошириш натижасида 2030 йилга бориб қуйидагиларга эришиш кутилади:
- иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга қисқартириш;
- икки карра энергия самарадорлиги кўрсаткичини ошириш ва ялпи ички маҳсулот углерод сарфи ҳажмини камайтириш;
- қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш;
- 100 фоизгача аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий, арзон ва ишончли энергиядан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш;
- саноат корхоналари инфратузилмасини модернизациялаш, энергия самарадорлигини 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорга ошириш ҳамда соф ва экологик хавфсиз технологиялар ва саноат жараёнларидан янада кенг фойдаланиш ҳисобига уларнинг барқарорлигини таъминлаш;
- энергия самарадорлик ва экологик жиҳатдан яхшиланган тавсифларга эга мотор ёнилғиси ва автотранспорт воситалари ишлаб чиқаришни ҳамда улардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, электр транспортни ривожлантириш;
- иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва уларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигини 20 — 40 фоизгача ошириш;
- ерларнинг таназзулга учраши бўйича нейтрал балансга эришиш;
- асосий турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўртача ҳосилдорлигини 20 — 25 фоизгача ошириш.
- Стратегияни амалга ошириш иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳасида бошқарувни яхшилашга, табиий ресурсларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга, иссиқхона газларининг ажратмаларини камайтиришга, «яшил» энергиядан фойдаланишни таъминлашга, «яшил» иш ўринлари яратишга ва иқлим барқарорлигига эришишга хизмат қилади.
- Ўзбекистонга нима учун «яшил иктисодиёт» керак?
Ўзбекистон иқтисодиётининг энергия ҳажми дунёдаги ўртача даражадан уч баробар ошиши ва иссиқхона газларини чиқариш даражаси МДҲ мамлакатлари орасида юқорилигича сақланиб қолаётгани қайд этилади. Амалга ошириладиган таркибий ислоҳотларда "яшил иқтисодиёт" тамойилларини интеграция қилиш орқали ижтимоий ривожланиш, иссиқхона газлари чиқиши даражасини камайтириш, иқлим ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам иқтисодий тараққиётга эришиш стратегиянинг асосий мақсади сифатида қайд этилган.
"Яшил иқтисодиёт"га ўтиш стратегияси ҳар бири маҳаллий вазирлик ва идоралар фаолиятида катта ўзгаришларни кўзда тутадиган асосий йўналишларга ажратилган. Хусусан, Транспорт бўлимида гибрид двигателли, газ ёқилғисида ишлайдиган электромобиль ва автомобилларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, Бино бўлимида барча жойларда марказий иситишда "ёпиқ" иссиқлик таъминоти тизимини жорий этиш, Қулай муҳит яратиш бўлимида "яшил" кредитлаш ва венчур молиялаштириш тизимини жорий этиш каби вазифалар белгиланган.
бугунги кунда экологик муаммолар асосан табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик ва ишлаб чиқариш корхоналари томонидан атроф-муҳитга чиқиндиларнинг кўп чиқарилиши, атмосфера ҳавосининг ифлослантирилиши натижасида пайдо бўлмоқда, шунинг учун ҳам Ўзбекистон Экологик партияси “яшил иқтисодиёт”га ўтиш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омили деб ҳисоблайди, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш учун иқтисодиётнинг барча тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш;саноат ишлаб чиқариш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, савдо, транспорт коммуникация тизими ва коммунал секторда инновацион, ресурстежамкор, энергиятежамкор, сув тежовчи, чиқитсиз (кам чиқитли) ва бошқа экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш;ишлаб чиқаришга илм-фан ютуқлари, инновацион ғоя ва ечимларни татбиқ этишни қўллаб-қувватлаш;жамият ҳаётининг барча соҳларида ахборот-коммуникация технологияларни фаол татбиқ этиш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |