2.3. Ўзбекистонда илм-фан, жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланиши. Унинг назарий асослари ва амалий натижалари.
Мамлакат ва миллат ривожланиши илм-фан ҳамда жамиятнинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқ. Жаҳон цивилизациясига дахлдор бўлган энг замонавий илмларни эгалламасдан, республика миллий манфаатларига хизмат қилувчи фан соҳаларини ривожлантирмасдан, фундаментал, назарий тадқиқотлар олиб бормасдан жамиятни тараққий эттириш мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистон тараққиётида, амалга оширилаётган ва барча соҳаларда содир бўлаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим ўрин эгалайди.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида илм-фаннинг ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Иқтисодий қийинчиликлар, ўтиш даври муаммоларига қарамасдан, совет тузуми даврида шаклланган илм-фан инфраструктураси бир томондан сақлаб қолинди, бошқа томондан унинг янада ривожланиши учун ҳуқуқий, маънавий, иқтисодий асослар яратилди.
Илм-фан ривожига мамлакат ривожланишининг устувор йўналиши сифа-тида қаралди. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти таъкидлаганидек, “жамиятни жадал ривожлантириш борасидаги дастурий вазифаларни амалга оширишда фанни ва илмий инфраструктурани ривожлантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Тарихан Ўзбекистон Республикасида шаклланган интеллектуал салоҳият XXI аср бўсағасида ўзининг ривожланиш даражаси жиҳатидан, инновацион кашфиётлар, имкониятлари билан ҳозирги вақтда жаҳондаги кўпгина ривожланаётган мамлакатлардан илгарилаб кетган”[6]. Илм-фаннинг жамият ижтимоий тараққиётидаги ўрнини белгилар экан, Юртбошимиз юқоридаги фикрини давом эттириб, “Ҳар бир илмий янгилик, яратилган кашфиёт - бу янгича фикр ва дунёқарашга туртки беради”,[7] деб таъкидлайди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида республика Фанлар академияси олдида қисқа вақт ичида илмий тадқиқотларни режалаштириш соҳасида яхлит фикрга келиш, унинг замонавий талабларга мос тизимини яратиш, Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ва тажриба-конструкторлик ишларини маблағ билан таъминлашнинг самарали тизимини яратиш, илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техникавий ҳамда тажриба базасини ривожлантириш каби аниқ ва муҳим вазифалар турарди.
1991 йилга келиб Ўзбекистон Фанлар академиясида асосий фондларнинг 34 фоизи, фондлар фаол қисмининг 46 фоизи емирилиб, ишдан чиқиб бўлганди. Уларни сотиб олиш учун берилган талабномалар СССР Фанлар академиясининг моддий-техника таъминоти идоралари томонидан атиги 25-28 фоизга қондирилганди, холос. Мазкур эҳтиёжлар учун валюта маблағи деярли ажратилмаганди.
Мустақилликнинг дастлабки даврларида Ўзбекистонда илм-фаннинг, хусусан, Фанлар академиясининг ҳолати юқоридаги даражада эди. Ўзбекис-тон ҳукумати бундай зиддиятли вазиятни ўз вақтида англаб етди. 1992 йил январда Ўзбекистонда фан-техника тараққиётини янада жадаллаштириш мақсадида Республика Кенгаши ташкил этилди. Илм-фаннинг устувор аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олиб, мамлакат Президенти 1992 йил 3-4 март кунлари бўлиб ўтган Фанлар академиясининг йиғилишида қатнашди ва нутқ сўзлади. Шунингдек, 1991-1992 йилларда Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш, уни халқаро андозалар даражасида тараққий этишини таъминлашга оид қатор тадбирлар ўтказилди. Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 1992 йил 18 февралдаги Фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника Давлат қўмитаситашкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, мамлакат раҳбарининг 1992 йил 31 мартдаги Фармонига биноан Олий Аттестация Комиссияси (ОАК) ташкил этилди.
1992 йил 5 майда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси умумий мажлисида унинг янги Низоми қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1992 йил 14 августда ўз қарори билан мазкур Низомни тасдиқлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси муассасалари ва ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 26 декабрдаги ягона тариф жадвалига мувофиқ қайта кўриб чиқилди. Янги Низомга биноан, илмий-тадқиқотлар мавзулари Ўзбекистон Фанлар академияси муассасалари ва ташкилотларининг таклифлари асосида, фундаментал тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва савиясини оширишни, илмий ишланмаларнинг амалий аҳамиятини, уларнинг устувор йўналишларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилладиган бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг 1992 йил 8 июл-даги “Фан ва инновация фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони, уни амалга ошириш юзасидан Ўзбе-кистон Республикаси ВМнинг “Фаннинг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тадбирлари ва инновацион фаолият ҳақида”ги қарори мамлакат илмий салоҳиятини янада кўтаришда муҳим омил бўлди.
Ўзбекистонда илм-фанни янада ривожлантириш, иш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йилда “Фан ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат Фанлар академияси фаолиятини яхшилаш, умуман, илм-фаннинг моддий-техника базасини ривожлантиришда катта аҳамият касб этди. Фанлар академияси институт-ларининг 64 та ишланмалари халқ хўжалиги турли тармоқларига жорий этилди, яна 55 та иш амалда фойдаланишга тайёрлаб қўйилди. Илмий-тадқиқот ишлари режасини бажариш учун 1992 йилда давлат бюджетидан 440,1 млн. сўм ажратилди. Бу 1991 йилдаги маблағлар миқдоридан 366,4 млн. сўм кўп эди.
Ўтиш даври муаммоларини ҳал қилиш учун энг аввало Ўзбекистон хорижий давлатлар билан илмий, илмий-техникавий ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим эди. Шу мақсадда Ўзбекистон хукумати ва Фанлар академиясининг ташаббуси билан 1992 йил 3 мартда Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Озарбайжон Фанлар академияси Президентларининг учрашуви бўлди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон,Тожикистон, Туркманистон Фанлар академияси Президентлари Фанлар академияларининг илмий ва илмий-техникавий ҳамкорлиги тўғрисидаги шартномага имзо чекдилар.
Учрашувда биринчи Президент И. Каримов илм-фан соҳасидаги халқаро алоқалар хусусида тўхталиб, “Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига мос келадиган кўп томонлама фаол ташқи сиёсатни амалга ошириш,- деганди И.Каримов,-давлатимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодий қийинчиликарини бартараф этиш ва халқ турмушини яхшилашнинг зарур шарти ва ғоят муҳим воситасидир”[8] дея таъкидлади.
1991 йилнинг охирларида АҚШ, Канада, Франция, Польша ва Португа-лиядан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига ҳамкорлик шартнома-ларини имзолаш бўйича таклифлар келди. 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси 25 давлат билан илмий-тадқиқот бўйича ҳамкорлик қилди. АҚШ, Канада, Белгия, Жанубий Корея, Италия, Германия билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди. 1992 йил май ойида республика Фанлар академияси Ядро физикаси институти ва Канаданинг “Триумф” ядро маркази ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Фан-лар академияси хориждаги шериклари билан фундаментал тадқиқотлар асосида ҳамкорликда қўшма корхоналар ва лабораториялар қуришга ҳам эътибор қаратди. Масалан, АҚШнинг Монсанто компанияси муассасаси билан респуб-лика Фанлар академияси Генетика институти ҳамкорликда биотехнологиялардан фойдаланиш асосида “Монсанто” қўшма корхонасини барпо этдилар. Шу билан бирга Фанлар академияси илмий ходимларининг илмий сафарлари ҳам кўпайиб борди. Масалан,1992 йилда 140 нафар ходим хорижий илмий марказларга сафарга борган бўлса, хориждан 216 нафар олим Ўзбекистонга келди. 1992 йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг халқаро илмий иттифоқ Кенгашига аъзо бўлиши алоҳида аҳамият касб этди.
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримов 1993 йил 5 ноябрда Республика Фанлар академиясининг 50 йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилишда нутқ сўзлаб, мазкур илмий даргоҳ олдида турган қуйидаги вазифаларни белгилаб беради:
Биринчидан, маънавий ҳаётимизни, илм-фанимиз фаолиятини, изланишларимизни эски мафкура қолипларидан халос этиш, керак бўлса, тафаккуримизни мутелик исканжасидан фориғ қилишимиз зарур. Олим- ларимиз ҳар қандай тазйиқдан озод бўлишлари керак.
Иккинчидан, биз дунёдаги тараққий топган давлатлар сафига киришни мақсад қилар эканмиз, авваламбор, олимларимиз, уларнинг илми, обрўси оламда машҳур бўлиши, жаҳон илм-фанининг юксак мезонларига мос бўлиши даркор. Бугун биз олиб бораётган барча илмий изланишлар дунёдаги энг нуфузли илм даргоҳлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши, уларнинг кўмаги, тажрибалари билан бойитилиши керак.
Учинчидан, юртимизда нодир истеъдодли олимлар кўпайиши лозим, аммо биз уларнинг сонига қараб эмас, сифатига қараб баҳо берамиз. Зотан, эҳтиёжларни уларнинг олдига вазифа қилиб қўяр эканмиз, албатта бугунги замонга муносиб шарт-шароитлар ҳам яратиб беришимиз зарур. Шундагина биз бошқа эл-элатлар орасида ажралиб турадиган буюк миллатга айлана оламиз.
Тўртинчидан, илму фан тараққиёти биз учун энг устувор соҳалардан биридир. Бу соҳада хизмат қиладиган олимларнинг савияси, обрўси ҳақида ғамхўрлик қилишимиз, уларнинг ҳаётимизга қўшадиган ҳиссасига қараб эътибор беришимиз шарт[9].
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида фаолият кўрсатаётган илмий ходимларнинг ёш жиҳатлари ҳам юқоридаги каби чора-тадбирларни кўришни тақозо этарди. Масалан, 1995 йилдаги маълумотларга қараганда, Республика Фанлар академиясида 503 нафар фан доктори орасида ёши 35 ёшгача бўлган 1 нафар, 40 ёшгача бўлган 11 нафар фан доктори меҳнат қилди, холос.
Ўзбекистон Фанлар академияси иш фаолиятини янада ривожлан- тиришда мамлакат Президенти томонидан 1996 йилда ташкил этилган “Фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси катта аҳамият касб этди. Мазкур жамғарма фаолиятини белгиловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, жамғарма Кенгаши тузилди. Фанлар академиясига ажратилган давлат бюджетининг 5 фоизини ташкил этувчи бу жамғарма маблағлари ҳисобидан энг долзарб илмий муаммоларни ҳал этишга бағишланган 131 та танлов лойиҳаларини бажариш учун 16 млн. сўм ажратилди. Бундан ташқари, академиянинг 26 та илмий лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника Давлат қўмитаси ўтказган танловда ғолиб чиқди ва 2,23 млн. сўм миқдорида маблағ олди. 1996 йилда 29 та халқаро конференциялар ўтказилди.1998-2000 йилларда жами 230 та республика ва халқаро конференциялар ўтказилди ва уларда кўплаб хорижий давлатлар олимлари қатнашдилар. 1997 йилда Президент фармони билан Хоразм Маъмун академияси қайта ташкил этилди.
Давлат томонидан сарфланаётган маблағнинг фойдаланиш самарадор-лиги жуда паст бўлганлиги сабабли мамлакат биринчи Президентнинг 1998 йил 27 июлдаги фармойишига (Ф-277) асосан Ўзбекистон Фанлар академия-си илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари аттестациядан ўтказилди. 1998 йилнинг октябрь ойида илмий-тадқиқот институтларининг 1829 нафар илмий ходими давлат аттестациясидан ўтказилиб, уларнинг 90,7 фоизи эгаллаб турган лавозимига лойиқ, 3,1 фоизи нолойиқ, деб топилди.
Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий вазифаларига мувофиқ тарзда илмий устуворликларни шакллантириш ва илмий-техник ривожлантиришни таъминлаш мақсадида илк бор Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Илмий-техника тараққиётини ривожлантириш Кенгаши тузилди. Мувофиқлаштириш Кенгаши кенг ваколатларга эга бўлиб, республика Бош вазири томонидан бошқарилишибелгилаб қўйилди, бу ҳол фан-техника соҳасида ягона давлат сиёсатини ўтка-зишда у ёки бу тармоқ манфаатлари ва эҳтимолий тармоқлараро зиддиятларни бартараф этиш имконини берди. Мувофиқлаштириш Кенгаши қошида ташкил этилган икки ижро органи - Фан ва технологиялар маркази ва йирик илмий ҳамда инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш Кенгаши қабул қи-линган қарорлар самарадорлиги мониторингини амалга ошириш, шу билан бир-га “Қарор - ижро” халқаси бўйлаб айланма алоқани таъминлаш имконини берди.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда илм-фан ривожига катта ҳисса қўшган олимларни доимо қўллаб-қувватлаб келди. Қатор олимларимиз, хусусан, Ҳабиб Абдуллаев, Содиқ Азимов, Убай Орипов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, Обид Содиқов, Ҳамид Сулаймонов, Собир Юнусов, Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий, Яҳё Ғуломовлар Президентнинг 2002 йил 23 августдаги фармонига биноан “Буюк хизматлари учун” ордени билан муко-фотландилар. Шунингдек, Фанлар академияси Ал-Хоразмий номидаги, Заҳи-риддин Муҳаммад Бобур номидаги, Ҳабиб Абдуллаев номидаги медалларни таъсис этди. 2002 йилда академик Ёлқин Тўрақулов, профессорлар Р. Сулаймонов, Н. Кучерскийлар ушбу медалларга сазовор бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг “Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомил-лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2006 йил 7 август) ва “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2008 йил 15 июль) қарорлари айниқса муҳим аҳамият касб этди.
2007-2010 йилларда Республика Фанлар академиясида 164 та асосий, 228 та амалий ва 25 та инновацион лойиҳалар бажарилди. Уларнинг натижасида 10348 та илмий ишлар эълон қилинган бўлиб, булардан 252 та монография, 212 та ўқув ва бошқа ишланмалардир. Янги режалаштирилган ишланмалар учун олинган 114 та патент ва 68 та гувоҳномалардан 160 та ариза рўйхатга олинди. 2009 йилда илмий ишланмалар экспорти 3,6 млн.доллар фойда олиб келди.
2009 йилги маълумотларга кўра, академия бошқарув аппарати, 3 та минтақавий бўлим (Қорақалпоғистон ва Самарқанд бўлимлари, Хоразм Маъмун академияси), Бухоро, Андижон, Наманган, Фарғона ва Қашқадарё - Сурхондарё илмий марказлари, 4 та музей (Навоий номидаги Адабиёт музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Қатағон қурбонлари хотираси музейи) ҳамда илмий-тадқиқот муассаса-лари ва хўжалик ташкилотларида жами 5461 та киши, жумладан, 1998 та илмий ходим меҳнат қилди. Улардан 343 нафари фан докторлари, 912 нафари фан номзодлари. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибида 107 нафар академик бўлиб, улардан 8 нафарини аёллар ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти Майданак обсерваторияси илмий ходимлари Б.Ҳофизов ва А. Сергеевлар 2009 йилда АҚШнинг Гарвард Халқаро кичик сайёралар марказига янги сайёра ҳақида маълумот беришди ва бу кашфиёт тасдиқланди, унга халқаро катологларда 210271 рақами берилди, Президентимиз И. Каримовнинг ташаббуси билан унга “Самарқанд” номи берилди. 2010 йил 27 майда Гарвард Халқаро кичик сайёралар маркази олимлари бу янгиликни эътироф этишди ва бу янгилик 70135 циркуляри орқали бутун дунёга эълон қилинди.
2012 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонга кўра 2013 йил 1 январдан бошлаб, қабул қилинган умумий талаб ва стандартларга мувофиқ, диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими жорий қилинди.
Собиқ иттифоқ даврида марказлашган совет хукумати томонидан олиб борилган бирёқлама сиёсат туфайли иттифоқ таркибида бўлган бошқа республикалар қаторида Ўзбекистон аҳолиси ҳам барча соҳалар каби спорт ва жисмоний тарбияда ўз имкониятлари ҳамда куч-ғайратини намоён қила олмади.
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримов давлат раҳбари сифатида ўз фаолиятини бошлаган дастлабки даврида, яъни 1989-1991 йиллар давомида иттифоқнинг спорт соҳасидаги марказлашган сиёсатидан ҳоли равишда ўзбек спортини мустақил ва жадал ривожлантиришга ҳаракат қилди. “Бундан буён барча режаларимизда маданият, маърифат, жисмоний тарбия ва спорт биринчи даражали вазифалар қаторидан жой олиши лозим”[10] деб таъкидлади.
1991 йил 1 сентябрь халқимиз ҳаётида туб бурилиш ясаган кун бўлиб тарихга кирди. Давлатимиз ўзи танлаб олган мустақиллик йўлидан демократик давлат барпо қилиш сари илдам қадам ташлади. Мустақиллик туфайли, тарихимизни қайта ўрганиш, унга ҳаққоний баҳо беришга имкониятлар яратилди. Шу асосда янги тарихимиздаги жисмоний тарбия ва унинг ривожланиш босқичларини ўрганиш зарурияти пайдо бўлди.
Ўзбекистонга замонавий спорт турлари, асосан, Россия империяси ҳукмронлиги даврида ва собиқ совет ҳокимиятинингдастлабки йилларида кириб келди ва шаклланди. Туркистон ўлкасида жорий этилган рус мактаб-ларида жисмоний тарбия машқларини ўтказиш, ҳарбий мактаб ва билим юртларида гимнастика, қиличбозлик, қуролдан ўқ отиш ва турли спорт ўйин машғулотлари ташкил қилина бошлади. Албатта, спортнинг шаклланиши халқимизни соғломлаштириш йўлида ижобий акс этди. Республика, маҳал-лий ҳукумат раҳбарлари жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор берган. Мажбурий жисмоний тарбия тизими амалга оширилди. Бу эса аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғуллани-шига шароит ва имкониятлар яратиб бериб, аҳолини соғломлаштириш мақса-дида бир қатор спорт иншоотлари қад кўтарди, спортни ривожлантириш борасида махсус чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Шу йўл билан замонавий спорт турлари аҳоли ҳаётига сингдириб борилди. Лекин шу билан бирга, маҳаллий миллат ёшларини спортга жалб этиш, улардан мутахассис кадрлар тайёрлашга, оммавий спортни ривожлантиришга жиддий эътибор берилмади. Қишлоқ шароитида спорт иншоотлари қуриш, спорт мактабларини ташкил қилиш, оммавий спорт мусобақаларини ўтказишга аҳамият берилмади.
Бундан ташқари, спорт соҳасидаги марказлашган давлат сиёсати ўзбек спортини мустақил равишда ривожланиш, халқаро мусобақаларда эркин иштирок этиш, бу борада ўз сиёсатини олиб боришдан маҳрум қилар эди. Спорт нормативларини бажариш учун спортчиларимиз олдин республика миқёсида, сўнгра иттифоқ миқиёсидаги мусобақаларда белгиланган натижаларни қўлга киритиши талаб қилинарди. Бу натижалар асосида берилган унвонни (СССР спорт устаси, халқаро спорт устаси) эса йиллаб марказдан тасдиқланишини кутишга мажбур этиларди. Бундан ташқари, спортчиларимизнинг собиқ иттифоқ терма жамоаси таркибига киришлари ҳам кўплаб зиддиятларга учраб, саноқли спортчиларгина халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини олардилар. Шунда ҳам улар орасида маҳаллий миллат вакиллари жуда камчиликни ташкил этар ёки кўп ҳолларда уларнинг сони мажбуран қисқартирилар эди. Ғолиб чиққан ўзбекистонлик спортчилар шарафига собиқ иттифоқи мадҳияси янграр, республикамиз номи ҳатто мусобақа ҳужжатларида ҳам акс этмас эди. Шунга қарамасдан, кўплаб спортчиларимиз Иттифоқ терма жамоаси сафида халқаро ва Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек спортининг юқори даражасини намойиш қилиб, жаҳон спорти тарихида ўчмас из қолдирганлар.
1991 йилгача ҳар тўрт йилда бир марта собиқ иттифоқ спартакиадалари ўтказиб келинди. Ҳар бир спартакиада олдидан тайёргарлик ва синов босқичи сифатида республика спартакиадалари ўтказилган. Умуман олганда, ушбу спартакиаданинг барча босқичларида 3 млн. 200 минг киши қатнашди ва 128 нафар спортчи спорт устаси унвонига сазовор бўлишди. Республика терма жамоаси йилдан-йилга яхши натижалар кўрсатиб, юқори поғоналарни эгаллади.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, ўзбек халқи миллий давлатчилиги ва маданияти тарихида янги давр бошланди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб иқтисодий, сиёсий, маданий жараёнлар бўйича жиддий ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада, маънавий-маърифий фаолият маданият асоси бўлган миллий қадриятларни тиклаш, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тарихий аҳамиятга эга бўлган янги йўналишлар юзага келди.
Аҳолининг саломатлигини яхшилаш, ўқувчи ёшлар ва талабаларнинг жисмоний баркамоллигини таминлаш, иқтидорли спортчиларнинг маҳоратини давр талаби ва халқаро андозалар асосида такомиллаштириб бориш, шунингдек, зиёлиларнинг иш қобилияти ва меҳнат унумдорлигини ошириш, энг муҳими, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор берилди.
Республикада спорт соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган дас-турларнинг бош мақсади - аҳоли барча қатламларининг жисмоний тарбияга қизиқишини ошириш ва зарурий шарт-шароитлар яратиш деб белгиланган. Жисмоний тарбия ва спортнинг ижтимоий-тарбиявий ҳусусияти шундаки, у инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг жисмоний баркамоллиги ҳамда спорт маҳоратини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади. Унинг тарихий хусусияти эса таълим-тарбия ва ижтимоий турмушдаги афзаллик-ларни янада такомиллаштиришга хизмат қилувчи муҳим жараён эканлигидадир.
Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортнинг 1991-2014 йиллардаги ривожланиш тарихини ўрганар эканмиз, бевосита ҳукуматимизнинг ушбу соҳада босқичма-босқич олиб борган сиёсатига тўхталиб ўтиш зарур. Бу, биринчи ўринда, оммавий спортни ривожлантириш орқали аҳолининг умумий саломатлигини ўстиришга, спорт билан шуғулланишни инсонларнинг ҳаёт тарзига айлантиришга қаратилган эди. Иккинчи ўринда эса, оммавий спортни ривожлантириш орқали профессионал спорт заҳирасини мустаҳкамлаб, спорт кўрсаткичларини ўстириш мақсад қилиб олинди. Буларни қуйидаги даврларга бўлиб ўрганишимиз мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |