Маҳаллий йўналишларда – темир йўлнинг икки қўшни участкаларида жойлашган станциялар орасидаги тариф масофаларини аниқлаш
Амалиёт ишини бажаришдан мақсад:талабаларга маҳаллий йўналишларда тариф масофаларини аниқлашни ўргатиш, билим ва кўникмаларини шакллантириш.
Тариф масофаларини аниқлаш учун, учта (1, 2 ва 3) китобдан иборат бўлган №4 Тариф қўлланма [2], [3] ва [4] ларидан фойдаланилади.
Агар юкни жўнатувчи ва тайинланган станциялар темир йўлининг икки қўшни участкаларида жойлашган бўлса, тариф масофа жўнатувчи ва тайинланган станциялардан улар учун умумий узел станцияларигача бўлган масофаларни қўшиш орқали аниқланади.
Бунинг учун 2-китоб – темир йўл станцияларнинг алфавит рўйхати [3] дан юкни жўнатувчи ва тайинланган станциялари қидириб топилади. Ҳар бир станциянинг қаршисида темир йўлнинг номи, 1-китоб [2] даги жўнаш-келиш жадвалининг бетлари ва қаторлари, транзит пунктларни (узел станцияларни) номи ва уларгача бўлган масофа ҳамда ушбу станциянинг коди кўрсатилган. Темир йўлнинг икки қўшни участкаларида жойлашган жўнатувчи ва тайинланган станциялар орасидаги тариф масофа жўнаш-келиш жадвалининг 4 ёки 5-графасида кўрсатилган юкни жўнатувчи ва тайинланган станциялардан умумий узел станциясигача бўлган масофаларни қўшиш орқали аниқланади (8.1-расм).
ℓef= ℓeB+ ℓBf , км
8.1-расм. Темир йўлнинг икки қўшни участкаларида жойлашган станциялар орасидаги тариф масофаларини аниқлаш чизмаси
бу ерда AB, BD – қўшни участкалари;
A, В, D – шу участкаларнинг узел станциялари;
B – шу участкалар учун умумий узел станцияси;
e – жўнатувчи станция;
f – тайинланган станция;
ℓeB – жўнатувчи станциядан умумий узел станциясигача бўлган масофа;
ℓBf – умумий узел станциясидан тайинланган станциягача бўлган масофа;
ℓef – жўнатувчи станциядан тайинланган станциягача бўлган масофа;
8.1-мисол:Рахимова станциясидан Самарканд станциясигача бўлган тариф масофа аниқлансин. Ечиш. №4 Тариф қўлланмасининг 2-китоби, I бўлимини “Темир йўл станцияларнинг алфавит рўйхати” [3] дан ёки “ТР №4 Книга 2” файлидан Рахимова ва Самарканд станциясиларини қидириб топамиз: Станция Рахимова: Узбек.; Страница 391; Строка 36; Ташкент- Товарный-15, Хаваст-144; Код 723704. Станция Самарканд: Узбек.; Страница 390; Строка 43; Мароканд-18, Хаваст-202; Код 727809. 2-китобнинг маълумотларидан кўриниб турибдики Рахимова ва Самаркандстанциялари икки қўшни Ташкент-Товарный – Хаваст ва Хаваст – Мароканд темир йўл участкаларида жойлашган. Хаваст икки темир йўл участкаси учун умумий узел станцияси ҳисобланади. Хаваст – Рахимова= 144 км; Хаваст – Самарканд = 202 км. Рахимова станциясидан Самарканд станциясигача бўлган тариф масофа: ℓтар. = 144 + 202 = 346 км. Худди шунингдек 1-китоб [2] нинг 391-бети 36-қатори ва 390-бети 43-қатори маълумотларидан ёки “ТР №4 Книга 1” файлидан ҳам Хаваст умумий узел станциясидан жўнатувчи ва тайинланган станцияларгача бўлган масофаларни топиш мумкин: Хаваст – Рахимова= 144 км; Хаваст – Самарканд = 202 км. Рахимова станциясидан Самарканд станциясигача бўлган тариф масофа: ℓтар. = 144 + 202 = 346 км. Эслатма. Умуман олганда ушбу ҳолатда тариф масофасини 1-китобга мурожаат қилмасдан ҳам 2-китобдаги маълумотлар ёрдамида аниқласа ҳам бўлади. 1-китобга мурожаат қилишдан мақсад, ушбу участкалардаги станциялар ва бошқа ажратиш пунктларининг жойлашиши ва улар орасидаги масофалар билан танишиш эди.
Ҳар бир талаба гуруҳ журналидаги фамилияси, исми ва шарифининг тартиб рақамига мувофиқ 8.1-жадвалдаги вариантлар бўйича жўнатувчи ва тайинланган станциялар орасидаги тариф масофаларни аниқлайди.