“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ
Тошкент темир йўл муҳандислари институти
Юк ва тижорат ишларини бошқариш
“Юк ва тижорат ишларини бошқариш” фанидан 5230100-Иқтисодиёт (темир йўл транспорти), 5230200-Менежмент (темир йўл транспорти) таълим йўналишлари 2-босқич бакалавриат талабалари учун амалиёт ва мустақил ишларини бажаришга доир услубий кўрсатма
Тошкент-2020
УДК 656.212. 7: 651
Услубий кўрсатма “Юк ва тижорат ишларини бошқариш” фанидан амалиёт ва мустақил ишларни бажариш учун мўлжалланган. Унда юк ташиш режаси кўрсаткичларини, қия жадвалги ва юк вагонларини кодлаш тизимини тадқиқ қилиш, тариф масофаларини аниқлаш, юкларнинг ягона тариф-статистик номенклатураси бўйича кодини, минимал вазн нормасини аниқлаш ва таҳлил қилиш, юк ташиш кира ҳақларини ҳисоблаш, юк ташиш билан боғлиқ бўлган қўшимча ишлар ва хизматлар учун йиғимларни ундириш ҳамда вагонларни ортишда ва туширишда белгиланган муддатлардан зиёд тўхтаб туриши ва вагонларни тозаланмаганлиги учун жарималарни ҳисоблаш бўйича амалиёт ишларини бажариш тартиблари ва услублари келтирилган.
Услубий кўрсатма институт илмий-услубий кенгашида тасдиқланган.
Тузувчилар: О.С. Турдиматов – т.ф.н., доц.
З.В. Эргашева – асс.
Тақризчилар: Сарвирова Н.С.- ифн, доц. (ТАЙЛҚЭИ)
С.К.Худайберганов – т.ф.н., доц.
Муқаддима
Темир йўл транспортида юк, йўловчи, багаж ва юк багажларни ташиш технологик операцияларни маълум кетма-кетликда ёки биргаликда бажариш оқибатида, уларнинг макондаги жойлари ўзгартирилади – юклар ишлаб чиқариш доирасидан истеъмол доирасига, йўловчи ва унинг багажи тайинланган манзилга етказиб берилади. Технологик ишлар ўз навбатида техник ҳамда юк ва тижорат операциялардан иборат бўлиб, уларни норматив ҳужжатларда белгиланган муддатларда, аниқ, тўла-тўкис ва лозим даражада бажариш юкларни тайинланган манзилларга ўз вақтида ва тўла асраб етказиб беришни, йўловчиларга эса сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Техник ишлар мажмуаси ташиш жараёнидаги темир йўлнинг ички фаолияти ҳисобланиб, уларни бажаришни темир йўлнинг мутасадди корхоналари амалга оширади. Техник ишларга: станциядаги манёвр ишлари, вагонларни ортиш-тушириш жойларига олиб кириб бериш ва олиб чиқиш, вагонларни саралаш, поезд ва таркибларга ишлов бериш, поездларни станцияга қабул қилиш ва жўнатиш, таркибни тарқатиш, шакллаш каби ишлар мансубдир.
Юк ва тижорат ишлари ташиш жараёнидаги темир йўлнинг ташқи фаолияти ҳисобланиб, улар мажмуаси темир йўл транспортининг давлат корхоналари, ташкилотлари, бошқа турдаги транспортлар ва жисмоний шахслар билан бўлган тармоқлараро технологик алоқаларини ва юридик муносабатларини тавсифлайди. Юк ва тижорат ишларига: жўнатувчилардан юкларни қабул қилиб олиш ва олувчиларга юкларни топшириш, юкларни тортиш, ортиш ва тушириш, йўл сафарида юкларни саралаш ва қайта юклаш, омборларда юкларни вақтинчалик сақлаш ва тахлаш, ташиш билан боғлиқ бўлган юк ҳужжатларини расмийлаштириш, юк ташиш учун кира ҳақлари ва йиғимларни, зарур ҳолатларда жарималарни ундириш, темир йўл шохобча йўлларига вагонларни топшириш ва улардан вагонларни қабул қилиб олиш ҳамда бу ишларни лозим даражада расмийлаштириш ва шу кабилар мансуб бўлади.
Услубий кўрсатмалар темир йўл транспорти норматив ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, юк станцияларининг поезд ахборотларини ва ташиш ҳужжатларини ишлаш бўйича технологик марказ (СТЦ) ларида, товар идораларида ва минтақавий темир йўл бўлинмасининг ташиш ҳужжатларини ишлаш бўйича технологик марказ (Тех ПД) ларида бажариладиган техник, юк ва тижорат ишларни қамраб олган 16 та амалиёт ишларни ўз ичига қамраб олган бўлиб, бакалавриатнинг 5230100-Иқтисодиёт (темир йўл транспорти) ва 523200-Менежмент (темир йўл транспорти) таълим йўналишларининг 2-босқич талабаларига мўлжалланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |