23-БОБ. АЙРИМ ТОИФАДАГИ МАҲКУМЛАР
ТОМОНИДАН ЖАЗОНИ ЎТАШ ХУСУСИЯТЛАРИ
130-модда. Маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар
131-модда. Маҳкума аёлларнинг муассаса доирасидан ташқарида яшаши
132-модда. Болаларни жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштириш
133-модда. Маҳкума аёлларнинг муассаса доирасидан четга қисқа муддатли чиқиши
134-модда. Соқчисиз ёки кузатувчисиз юриш ҳуқуқидан фойдаланаётган маҳкумларнинг жазони ўташи
135-модда. Соқчисиз ва кузатувчисиз юриш ҳуқуқидан фойдаланаётган маҳкумлар меҳнати
130-модда. Маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи
бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар
Маҳкума ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ушбу Кодексда маҳкумлар учун назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари:
муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида яшаш;
болаларини жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштириш;
болаларини жойлаштириб келиш ва улар билан учрашиш учун муассаса доирасидан четга чиқиш ҳуқуқига ҳам эга.
Маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан муддати беш суткагача бўлган, шу жумладан муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида яшаш имконияти билан, узоқ муддатли учрашув берилиши мумкин.
131-модда. Маҳкума аёлларнинг муассаса
доирасидан ташқарида яшаши
Ижобий тавсифга эга маҳкума аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ишдан озод этилган вақт мобайнида, шунингдек боласи уч ёшга тўлгунга қадар муассаса бошлиғининг прокурор тасдиқлаган қарори билан колония ҳудудидан ташқарида яшашга рухсат этилиши мумкин.
Муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш ҳуқуқи Жиноят кодекси 73-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган маҳкумларга берилмайди.
Колония ҳудуди доирасидан ташқарида яшайдиган маҳкумлар:
хона типидаги турар жойларда жойлашадилар ва муассаса маъмуриятининг назорати остида бўладилар;
эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида белгиланган йўналишлар доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар;
фуқаролар киядиган кийимда юришлари, ёнларида пул ва қимматли буюмлар сақлашлари, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланишлари мумкин;
чекланмаган миқдорда бандерол, посилка ва йўқловлар олиш ҳамда жўнатиш, қисқа муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга. Қисқа муддатли учрашувлар, одатда, ишдан бўш вақтда берилади.
Муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида яшаш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
жазони ўташ тартиби мунтазам равишда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;
ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ишдан озод қилиш даври тугаганда;
бола уч ёшга тўлганда.
Do'stlaringiz bilan baham: |