132-модда. Болаларни жазони ижро этиш колониялари
қошидаги болалар уйига жойлаштириш
Маҳкума аёлларни сақлашга мўлжалланган колониялар қошида болалар уйи ташкил этилади, унда болалар нормал яшаши ва камол топиши учун зарур шароитлар таъминланади.
Маҳкума аёллар уч ёшга тўлмаган болаларини болалар уйига жойлаштиришга ва ишдан бўш вақтда улар билан бирга бўлишга ҳақли.
Болалар уйидаги бола уч ёшга тўлганидан кейин онасининг розилиги билан унинг қариндошларига ёки, ҳомийлик ва васийлик органининг қарорига биноан, бошқа шахсларга берилиши ёхуд тегишли болалар муассасаларига юборилиши мумкин.
Агар маҳкуманинг жазони ўташ муддати тугашига кўпи билан бир йил қолган ва у оналик бурчларини лозим даражада бажариб келган бўлса, муассаса маъмурияти боланинг болалар уйида бўлиш вақтини узайтириши мумкин.
133-модда. Маҳкума аёлларнинг муассаса
доирасидан четга қисқа муддатли чиқиши
Мактабгача ёшдаги болалари бор маҳкума аёлларга болаларини қариндошлариникига, васийлариникига ёки болалар муассасаларига жойлаштириб келиш учун бориш-келиш вақтини (тўрт суткагача) ҳисобга олмаган ҳолда ўн беш суткагача муддатга четга чиқишга рухсат этилиши мумкин.
Вояга етмаган ногирон болалари бор аёлларга бир йилда бир марта улар билан учрашиш учун йўлга кетадиган вақтни ҳисобга олмаганда етти суткагача бўлган муддатга четга чиқишга рухсат этилади.
ЎзР 30.08.2003 й. 535-II-сон Қонунига мувофиқ 134-модда чиқариб ташланган
134-модда. Соқчисиз ёки кузатувчисиз юриш ҳуқуқидан
фойдаланаётган маҳкумларнинг жазони ўташи
Соқчисиз ёки кузатувчисиз юриш ҳуқуқидан фойдаланаётган маҳкумлар қўриқловсиз, аммо назорат остида сақланадилар. Бундай маҳкумлар колония ҳудуди доирасидан ташқарида улар учун махсус мўлжалланган хона типидаги турар жойларда яшайдилар.
Соқчисиз ёки кузатувчисиз юриш ҳуқуқидан фойдаланаётган маҳкумларнинг маъмурий туман (шаҳар) ҳудуди доирасидан четга чиқишига муассаса маъмурияти томонидан ушбу Кодекснинг 82-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, шунингдек улар бажараётган ишнинг хусусияти ёки даволаниш зарурияти муносабати билан рухсат этилиши мумкин.
Соқчисиз ёки кузатувчисиз юриш ҳуқуқидан фойдаланаётган маҳкумларга қуйидагилар рухсат этилади:
эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида белгиланган йўналишлар доирасида эркин юриш;
ёнида пул ва қимматли буюмлар сақлаш, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланиш;
чекланмаган миқдорда бандерол, посилка ёки йўқловлар олиш ҳамда жўнатиш.
Соқчисиз ёки кузатувчисиз юриш ҳуқуқидан фойдаланаётган маҳкумларга узоқ муддатли учрашув шу мақсад учун махсус ажратиб қўйилган жойларда берилади. Бундай учрашувлар муддати уч суткадан беш суткагача белгиланади.
ЎзР 30.08.2003 й. 535-II-сон Қонунига мувофиқ 135-модда чиқариб ташланган
Do'stlaringiz bilan baham: |