33-модда. Ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини қўллаш
Ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ёки муассаса томонидан қўлланилади.
1. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи соҳавий хизматлари томонидан ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўлланилади.
2. Ҳуқуқбузарликдан жабрланувчини «ижтимоий реабилитация қилиш» - жисмоний зарар кўрган шахснинг соғлиғини тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш орқали қайта тиклаш, маънавий ёки мулкий зарар етказилган ҳолларда эса зарарни қоплаш асосида амалга оширилади.
«Ижтимоий мослаштириш» деганда ҳуқуқбузарликлар натижасида оғир психологик жароҳат олган шахсларни оиласига, маҳалласига ёки умуман жамиятга мослаштириш каби чораларни мисол тариқасида келтириш мумкин (Масалан, ишсизлик сабабли одам савдоси жиноятининг қурбони бўлган шахсларга иш ёки ўқишга жойлашишларида ёрдам бериш).
Ҳуқуқбузарга нисбатан «ижтимоий реабилитация қилиш» тушунчаси ишлатилган – бевосита уни ахлоқан тузатиш ёки судланганлик ҳолатини олиб ташлаш сингари чораларда намоён бўлади.
3. «Ижтимоий мослаштириш» эса бевосита жазони ижро этиш муассасасидан жазо ўтаб қайтган шахсни ўқишга ёки ишга жойлаштириш, маълум муддатга уй-жой билан таъминлаш, ҳокимиятлар ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан моддий, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий ёрдам бериш каби ҳолатларда ўз ифодасини топади.
34-модда. Профилактик ҳисобга олиш
Профилактик ҳисобга олиш ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган шахсларга нисбатан уларнинг тузалиши ва такроран ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари томонидан амалга ошириладиган профилактика тадбирлари мажмуидир.
Профилактик ҳисобга олишни амалга ошириш тартиби ва шартлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланади.
1. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг тузалишини таъминлаш ва қайта ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш мақсадида профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасалар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган профилактик тадбирлар мажмуидан иборат профилактик ҳисоб юритилади.
2. Қонун ва қонуности ҳужжатларга асосан «профилактик ҳисобга олиш» ички ишлар органларининг таняч пунктлари профилактика (катта) инспекторлари томонидан, вояга етмаганларга ҳамда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оиладаги ота-оналарга нисбатан эса вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси (катта) инспекторлари томонидан амалга оширилади. Ушбу масала Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2017 йил
12 июлдаги «Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги 151-сонли ҳамда 2017 йил 25 августдаги «Ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш тартиби тўғрисида» 191-сонли буйруқлари билан тартибга солинади.
Маъмурий ҳудудлар бириктирилган вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси (катта) инспекторлари лавозими мавжуд бўлмаган ҳудудий ички ишлар органларида эса вояга етмаганларга ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оиладаги ота-оналарга нисбатан профилактик ҳисоб профилактика (катта) инспекторлари томонидан юритилади.
Профилактика (катта) инспектори профилактик ҳисобга олинган шахслар билан якка тартибда профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда шахснинг ёши, жинси, руҳий ҳолати, ижтимоий аҳволи, маълумоти ва мутахассислиги, эҳтиёжлари, қизиқишлари, қобилиятлари каби шахсий хусусиятларини эътиборга олиши лозим.
Бундан ташқари, профилактик ҳисобга олинган шахсларга нисбатан якка тартибдаги профилактик чора-тадбирларни манзилли (муайян шахсга нисбатан), ҳар бир шахснинг ижтимоий хавфлилик ҳолати, у содир этган ҳуқуқбузарлик таснифи, турини ҳисобга олинган ҳолда самарали амалга ошириш учун профилактика (катта) инспектори ўзига бириктирилган маъмурий ҳудудда яшайдиган бундай шахсларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг махсус қисмларида кўрсатилган ижтимоий хавфли қилмишлар объектларидан келиб чиққан ҳолда тоифаларга ажратган ҳолда уларга нисбатан ҳисоб профилактика ишларини, шунингдек улар билан олиб борилган профилактик ишлар натижалари бўйича ҳисоботларни юритади.
Do'stlaringiz bilan baham: |