Ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этишни талаб қилиш кучига эгалиги – ушбу талаб ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактикаси чора-тадбирлари ёритилган ушбу қонуннинг 23-моддасида белгиланган “ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритиш” профилактик чора-тадбир тақдимнома юборилган органга ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш мажбуриятини юклайди. Бу ҳақда қуйида батафсил тўхталамиз.
Ҳуқуқбузарликларнинг умумий тартибдаги профилактикаси объектлари.
Юқорида ҳуқуқбузарликларнинг умумий тартибдаги профилактикасининг тушунчасига ва ўзига хос хусусиятларига тўхталиб, унинг мазмун ва моҳиятини ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда умумий, комплекс ва ҳажм жиҳатдан кенг доирада ёндашилиши таъкидланди. Мазкур мантиқдан келиб чиқсак, ҳуқуқбузарликларнинг умумий профилактик таъсир кўрсатиш объектлари сифатида барча фуқаролар, ҳаттоки чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда юридик шахсларни ҳам киритиш мумкин.
Ҳуқуқбузарликларнинг умумий тартибдаги профилактикасининг усуллари:
– ишонтириш;
– рағбатлантириш;
– мажбурлаш.
«Ишонтириш» усули - профилактика қилинувчига тарбиявий таъсир ўтказишнинг асосий усули. Тарбиялаш-ишонтиришдир. Ишонтириш иш ва сўз орқали амалга оширилади. Ишонтириш усули соф тарбиявий хусусиятга эга бўлиб, улар профилактика қилинаётган шахснинг ҳуқуқларини асло чекламайди.
Бу усулнинг аҳамияти шундаки, «ишонтириш усулининг устуворлиги» ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий принципларидан бирини ташкил этиб, ҳар бир профилактик чора-тадбирлар замирида ётади.
Хусусан, ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикасида қўлланиладиган одатдаги ишонтириш мазмунига эга чораларга суҳбатлар, жамоат ташкилотлари ва меҳнат жамоаларидаги муҳокамалар, жамоат тарбиячилари, мураббийлар кабиларни тайинлашни киритиб ўтиш мумкин.
Ҳуқуқбузарликларнинг умумий тартибдаги профилактикасини амалга оширишда «ишонтириш» усулининг аҳамияти жуда катта. Буни бевосита Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий принципларидан бири сифатида «ишонтириш усулининг устуворлиги»ни эътироф этилганлигида ҳам кўришимиз мумкин.
«Ишонтириш» – диний нуқтаи назардан ҳам, дунёвий нуқтаи назардан ҳам унинг моҳиятида беқиёс куч манбаи мавжуд эгалигига оид фикр ва қарашлар илгари сурилади.
Диний ёндашув ҳар қандай эътиқоднинг замирида, ҳаттоки қилинган амалларнинг савоб ёки гуноҳ эканлигини белгилашда ҳам ўша ишонч катта рол ўйнашлигини, ишонч йўқ жойда чин эътиқод ҳам бўлмаслигини эътироф этади.
Дунёвий билимлар эса, муайян мақсадга эришиш ва қийинчиликларни енгишга, муносабатларнинг самимий ва бардавом бўлишлигига ишонч орқали эришиш мумкинлигини талқин этади.
Дарҳақиқат, ишонч муносабатларнинг нафақат бардавомлилигини, балки бу борада илк алоқаларнинг ўрнатилишини ҳамда томонлар ўртасида манфаатдорликни юзага келтирувчи реал манба бўлиб ҳам хизмат қилади. Чунки, кимки ўзга бир инсонга ишонмас экан, унда у ушбу шахснинг сўзига, фикр ва қарашларига, мақсад ва муддаоларига бефарқ бўлади. Бу эса ҳуқуқбузарликлар профилактикасида профилактика субъектлари ва объектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларга ҳам дахлдордир.
Зеро, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ёки унда иштирок этувчи субъект, борди-ю ижтимоий-ҳуқуқий муносабатга киришаётганда профилактиканинг объектларида (ғайриижтимоий хулқ-атворда бўлган, ҳуқуқбузар, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ҳамда виктимлиги юқори бўлган шахсларда) ўзаро ишончни уйғота олмас экан, унда улар ўртасида олиб борилган ҳар қандай профилактик чора-тадбирлар самарасиздир. Шунинг учун ҳам «ишонтириш усулининг устиворлиги» ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг махсус принципи тариқасида эътироф этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |