332-модда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда давлат божини тўлашдан озод қилиш Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда давлат божи тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:
1) халқ таълими органлари, балоғатга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар — етим болаларни ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни болалар муассасаларига ва ўқув юртларига юбориш учун туғилганлик тўғрисида такрорий гувоҳномалар берганлик учун;
2) жисмоний шахслар — туғилиш, ўлим қайд этилганлиги учун, уларга фарзандликка олинган, оталик белгиланган, жинси ўзгартирилган ҳолларида, шунингдек фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш чоғида йўл қўйилган хатолар муносабати билан туғилганлик тўғрисидаги ҳужжатлар ёзувлари ўзгартирилган, тўлдирилган ва тузатилган тақдирда гувоҳномалар берганлик учун;
3) жисмоний шахслар — уларга белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб ёки руҳий ҳолатининг бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ёхуд қилган жиноятлари учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳни бекор қилиш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори асосида гувоҳномалар берганлик учун;
4) жисмоний шахслар — уларга реабилитация қилинган қариндошларининг вафот этганлиги тўғрисидаги такрорий гувоҳномалар берганлик ёки илгари берилган гувоҳномаларни алмаштирганлик учун;
5) табиий офатлар натижасида жабрланган жисмоний шахслар — уларга такрорий гувоҳномалар берганлик учун.
333-модда. Чет элга чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини беришда давлат божини тўлашдан озод қилиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат божини тўлашдан қуйидаги ҳолларда озод қилинади:
1) дипломатик паспорт берганлик учун;
2) қуйидаги ҳолларда хорижга чиқиш учун рухсатнома берганлик учун:
яқин қариндошлари вафот этган ёки улар дафн этилган жойларни зиёрат қилган тақдирда;
фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларга (битимларга) биноан улар чет эл судларига фуқаролик ва жиноят ишлари юзасидан тарафлар, гувоҳлар ва экспертлар сифатида чақирилганда;
3) ўн олти ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси гувоҳномасини берганлик учун;
4) тўлиқ давлат таъминотида бўлганлар — Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини берганлик учун.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу модда биринчи қисмининг 1—3-бандларида кўрсатилган ҳужжатларга бирон бир ўзгартириш киритилган тақдирда ҳам давлат божи тўлашдан озод қилинади.