ХVIII БЎЛИМ. БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ
343-модда. Умумий қоидалар
Божхона органлари божхона ишини амалга оширишда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган божхона тўловларини ундиради.
Божхона тўловларини тўловчилар, бу тўловларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш, қайтариш ва ундириш тартиби, шунингдек божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.
Товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб киришда акциз солиғи ҳамда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, шунингдек мазкур солиқлар бўйича имтиёзлар ушбу Кодексда белгиланади.
344-модда. Божхона тўловларининг турлари
Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтишда ҳамда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда божхона тўловларининг қуйидаги турлари тўланади:
бож;
қўшилган қиймат солиғи;
акциз солиғи;
божхона йиғимлари. Божхона йиғимларининг рўйхати ва уларнинг ставкалари қонун ҳужжатларида белгиланади.
ХIХ БЎЛИМ. ТОВАРЛАРНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИ БИЛАН ЧАКАНА САВДО ҚИЛИШ ВА АЙРИМ ТУРДАГИ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ ҲУҚУҚИ УЧУН ЙИҒИМ
345-модда. Солиқ тўловчилар
Йиғим жорий қилинган товарлар савдосини ва хизматлар кўрсатишни белгиланган тартибда амалга ошираётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим тўловчилардир.
346-модда. Солиқ солиш объекти
Товарлар ва хизматларнинг қонун ҳужжатларида белгиланадиган рўйхати товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш учун йиғим объектидир.
347-модда. Йиғимни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби
Товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим йиғим ставкаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ойлик миқдори доирасида ҳисоблаб чиқарилади.
Товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғимнинг аниқ ставкаси маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари томонидан белгиланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган энг юқори ставкалардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмасдан тўланади.
Товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим бўйича ҳисоб-китоб фаолият амалга оширилаётган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига:
йил давомида тегишли рухсат гувоҳномасини (маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг қарорини) олган солиқ тўловчилар томонидан — рухсат гувоҳномаси (маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг қарори) берилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмасдан;
фаолият юритаётган солиқ тўловчилар томонидан — ҳар йили ҳисобот йилининг 15 январигача тақдим этилади.
Энг кам иш ҳақининг миқдори ўзгарган тақдирда, солиқ тўловчилар аниқлаштирилган ҳисоб-китобни навбатдаги тўлов муддатидан кечиктирмай тақдим этиши шарт.
(347-модда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-313-сонли Қонунига асосан тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 52-сон, 556-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |