58-модда. Ҳудудларни қуриш лойиҳалари
Ҳудудларни қуриш лойиҳалари белгиланган қизил чизиқлар чегараларида ёки ер участкалари чегараларида батафсил режалаштиришнинг тасдиқланган лойиҳаси асосида ишлаб чиқилади.
Ҳудудларни қуриш лойиҳаларида:
қуришни тартибга солиш чизиқлари;
бинолар ва иншоотларнинг жойлашуви, қаватлари сони, тури ҳамда бошқа тавсифлари;
қуришнинг архитектура ечими;
муҳандислик ускуналари, алоқа ва ободонлаштириш тизимлари, шунингдек мазкур тизимларни ер участкалари, массивлар, мавзелар, кичик даҳалар ва аҳоли пунктларини режалаштириш тузилмасининг бошқа элементлари доирасидан ташқаридаги муҳандислик ускуналари, алоқа ҳамда ободонлаштириш тизимларининг иншоотлари ва коммуникацияларига улаш шартлари;
транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатининг ташкил этилиши;
умумий фойдаланишдаги ҳудудлар белгиланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудларни қуриш лойиҳаларига ушбу Кодексга, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид бўлмаган, маҳаллий шароитларга мувофиқ қўшимча талабларни, шу жумладан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш зоналарида лойиҳалаштириш ва қурилишга, ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга, кичик шаклдаги архитектура объектларини, рекламаларни, пешлавҳаларни ва бошқа ахборотни жойлаштиришга доир талабларни киритишга ҳақли.
59-модда. Лойиҳаолди ҳужжатлари
Лойиҳаолди ҳужжатлари қуйидагилардан иборат:
техник-иқтисодий асос;
техник-иқтисодий ҳисоб-китоб.
Техник-иқтисодий асос ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб лойиҳанинг умуман энг юқори қийматини ва молиялаштириш эҳтиёжи ҳажмини лойиҳаларни молиялаштиришнинг ишлаб чиқилган дастлабки шартларини ҳисобга олган ҳолда белгилайдиган вариантларни кўриб чиқиш асосида лойиҳани амалга оширишнинг энг самарали техник-технологик ва ташкилий ечимини танлашни асослаб берувчи ҳужжатдир.
60-модда. Лойиҳа ҳужжатлари
Лойиҳа ҳужжатлари қуйидагилардан иборат:
ишчи лойиҳа;
лойиҳа-смета ҳужжатлари;
ишчи ҳужжатлар.
Лойиҳа ҳужжатлари ҳажмий-режали, амалий ва техникавий ечимларни, биноларни, иншоотларни ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлашнинг, шунингдек ободонлаштириш ишларининг қийматини белгилайди.
Лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилади, махсус ваколатли давлат органининг тегишли ҳудудий бўлинмалари, санитария-эпидемиология хизматлари, давлат ёнғин назорати органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа хизматлар билан келишилади.
Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш, тасдиқлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш, шунингдек уларга ўзгартиришлар киритиш буюртмачининг ташаббусига кўра ҳамда унинг ҳисобидан амалга оширилади.
Объектлар қурилиши тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |