41-модда. Жамоатчилик назорати субъектлари томонидан аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлар киритилиши Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида таклифлар бериш ҳуқуқи ўз қонуний манфаатларига дахл қилинаётган жамоатчилик назорати субъектларига тақдим этилади.
Жамоатчилик назорати субъектларининг аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлари фақат уни амалга ошириш бошлангунига қадар қабул қилинади.
Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда берилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи келиб тушган таклифни ўн беш кун ичида кўриб чиқади. Аҳоли пунктининг бош режасига оид ўзгартиришларнинг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш зарурати бўлмаган тақдирда, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи аризачиларга жамоатчилик муҳокамасини ўтказишни рад этишга доир асослантирилган жавоб юборади.
42-модда. Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифлар эксперт баҳолаш натижалари олинганидан кейин ўн беш кунлик муддатда буюртмачилар томонидан аризачи ёки унинг ваколатли вакили иштирокида кўриб чиқилади.
Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни эксперт баҳолаш буюртмачи маблағлари ҳисобидан тегишли ташкилотларни жалб этган ҳолда ўтказилади.
Аҳоли пунктининг тасдиқланган бош режасига ўзгартиришлар киритиш ишлаб чиқувчи томонидан буюртмачининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
43-модда. Аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш тартиби Аҳоли пунктининг муқобил бош режаси аҳоли пунктининг таклиф этилган бош режасидан норози бўлган жамоатчилик назорати субъектларининг ташаббусига кўра ва уларнинг маблағлари ҳисобидан бажариладиган лойиҳавий, илмий ишланмадан иборат.
Аҳоли пункти муқобил бош режасининг ташаббускори маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органига ўз аҳоли пунктининг бош режасини муқобил бош режа деб топиш тўғрисида ёзма ариза билан мурожаат қилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ёзма аризани олганидан кейин аҳоли пункти бош режасининг тайёрлик даражасини ҳисобга олган ҳолда, уни муқобил бош режа деб топиш ҳамда жамоатчилик экспертизасига ва жамоатчилик муҳокамаларига тақдим этиш ёки уни асосланган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Аҳоли пунктининг бош режасини муқобил бош режа деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан ушбу Кодекснинг 39-моддасида назарда тутилган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Аҳоли пунктининг муқобил бош режасини ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, келишиб олиш ва унинг жамоатчилик муҳокамаси ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Аҳоли пунктининг бош режаси муқобил бош режа деб топилган тақдирда, ташаббускорга уни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни ушбу бош режанинг буюртмачиси томонидан қопланади.