58-модда. Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарни тўлаш Давлат фуқаролик хизматчисини ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолса ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида унга ҳар ойда ойлик иш ҳақи ва мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловлар ҳисобга олинмаган ҳолда тайинланган пенсия ўртасидаги фарқ кўринишида компенсация тўланади. Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат вазифаларини бажаришда майиб бўлиши ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига зарарни тўлаш боқувчисини йўқотганлик пенсияси, иш ҳақи, бошқа пенсиялар ва бошқа даромадларни ҳисобга олинмаган ҳолда амалга оширилади. Хизмат фаолиятини амалга ошириш муносабати билан давлат фуқаролик хизматчисига тегишли бўлган мол-мулк йўқ қилиниши ёки шикастланиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни унга ёки унинг оила аъзоларига тўлиқ ҳажмда қопланиши керак. Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 9-боб. Давлат фуқаролик хизматининг тугатилиши 59-модда. Давлат фуқаролик хизматини тугатиш асослари Давлат фуқаролик хизматини тугатиш асослари қуйидагилардан иборат: давлат фуқаролик хизматчисининг давлат лавозимидан озод этиш тўғрисидаги аризаси; давлат фуқаролик хизматчиси томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши; давлат фуқаролик хизматчисига ишонч йўқолиши; қонунда белгиланган ҳолларда давлат лавозимида бўлишнинг ўрнатилган чегарадаги ёшига тўлганлиги; давлат фуқаролик хизматчиси томонидай қўпол равишда хизмат вазифаси билан боғлиқ бўлган ножўя хатти-ҳаракат ёки хизмат мажбуриятлари билан боғлиқ бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик ёҳуд жиноят содир этиши, давлат фуқаролик хизматчисининг мақомига тўғри келмайдиган ножўя хатти-ҳаракат содир этиши; давлат фуқаролик хизматчиси олдинги ишини давом эттириш имкониятини истисно қилувчи жазога тортилган суднинг ҳукми қонуний кучга кирганда ҳамда у суднинг қарори билан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганда; давлат фуқаролик хизматчиси мақоми билан боғлиқ бўлган чекловларни бузиш; ходимлар сони (штати) қисқартирилганда ёки давлат органи ва ташкилоти қайта ташкил этилганда таклиф этилган альтернатив лавозимни рад этиш ёки хизмат контракти талаблари жиддий равишда ўзгарганда; синов муддати натижаларининг қониқарсизлиги; сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа лавозимга тайинланганлиги сабабли бошқа ишга ўтганлиги сабабли давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизматга кираётганда муҳим аҳамиятга эга бўлган маълумотларни бермаслик ёки уни хизматга қабул қилиш ҳақида қарор чиқарилиши учун аҳамиятга эга бўлган маълумотларни тўлиқсиз ёхуд ёлғон маълумотларни бериш; давлат фуқаролик хизматчиси ва оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаслик, унинг топшириш муддатларини бузиш ёки маълумотларни тақдим этиш мажбурий бўлган тақдирда атайин тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри маълумотларни тақдим этиш.