49-модда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг хизмат сафарлари Давлат фуқаролик хизматчилари давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари қарорларига асосан муайян муддатга хизмат вазифасини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳам, хорижий давлати ҳудудига (давлат фуқаролик хизматини ўтаётган ҳудуддан бошқа) ҳам хизмат сафарларига юборилади. Давлат фуқаролик хизматчисининг хизмат сафари муддати давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан хизмат вазифасининг ҳажми, мураккаблиги ва унинг бошқа жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Давлат фуқаролик хизматчисини хизмат сафарига юборишда унинг давлат лавозимини ва пул таъминотини сақлаш кафолатланади, шунингдек: йўл ҳаражатлари; доимий яшаш жойидан бошқа яшаш жойи, шунингдек ижарадаги яшаш жойига боғлиқ ҳаражатлар; давлат органи ва ташкилотининг раҳбари розилиги ёки хабари билан давлат фуқаролик хизматчининг сарф қилган ҳаражатлари. Давлат фуқаролик хизматчиларини хорижий давлатларига хизмат сафарларини ташкил этиш тартибини ўз ичига олган режа-топшириқ ва хизмат сафари натижалари бўйича ҳисобот тузиш тартиби, хизмат сафарига юборилаётган мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, хизмат сафарининг мақсади ва вазифаларини самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, расмий ва норасмий маросимларни ўтказиш пайтида бўлиб турган мамлакат қонунчилигига ва умумэътироф этилган одоб-ахлоқ қоидалари (этикет)га риоя этиш, шунингдек давлат сирларидан хабардор шахсларнинг чет элга чиқиши муносабати билан махфийлик режимини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади. 8-боб. Давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш
ва уларнинг ижтимоий ҳимояси 50-модда. Давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш Давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидаги тўловларни назарда тутадиган давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг унификация қилинган тизими асосида амалга оширилади: базавий лавозим маоши; малака даражаси учун тўловлар; давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти самарадорлиги асосий кўрсаткичларига эришилиши ва иш берувчи томонидан белгиланадиган уларнинг фаолиятини баҳолашнинг бошқа мезонларидан келиб чиқиб ҳисобланадиган шахсий устама ҳақлари. Давлат фуқаролик хизматчиларининг базавий лавозим маоши, малака даражалари учун қўшимча тўловлар ҳамда шахсий устама ҳақлари миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.